2.3. Мусиқа саводи фаолияти
Мусиқа саводи фаолияти мактабдан бошланади. Мусиқа саводи
мусиқа таълими тизимидаги муҳим жараён ҳисобланади. Шунинг учун
ўқитувчи болаларга зарур мусиқий-назарий билимларни, маълумотларни
бериши керак. Мусиқа саводига доир олиб бориладиган иш асосан
болаларнинг мусиқий ўқувини ўстириш ва нота ёзувларини ўрганишдан
иборат бўлибгина қолмай, балки ўқувчиларнинг умумий мусиқий билим
савиясини таркиб топтирувчи умумий билим, тушунчалар мажмуасини
(ижрочилиги, халқ ва бастакорлик мусиқаси, уларнинг фарқлари, миллий
мусиқанинг маҳаллий услублари, мумтоз мусиқа) ташкил этади.
Мусиқа саводи ўқувчиларда мусиқага, унинг ифода воситаларига
онгли муносабатни тарбиялайди, мусиқанинг асл мазмунини тушуниб
олишга ёрдам беради, нотага қараб куйлаш ва ашула айтиш малакаларини
ҳосил қилиш ҳамда гармоник қобилиятни ўсишига замин яратади. Шу
141
билан бирга овозларни аниқ талаффуз қилишга ва жамоа бўлиб қўшиқ
айтиш сифатини, самарадорлигини оширишга қулайлик туғдиради.
Мактабда мусиқа саводини ўрганишда қўйиладиган асосий методик талаб –
дарс жараёнида олинган мусиқий-назарий билимларни бошқа фаолиятларда
- қўшиқ айтиш, мусиқа тинглаш ва мусиқага ритмик жўр бўлишда қўллай
олишдан иборат. Ҳар бир фаолият билан шуғулланганда ўқувчилар
куйлаётган, жўр бўлаётган ёки тинглаётган асарларининг ким томондан
яратилганлиги, қайси ладда ёзилганлиги, асарнинг темпи, ўлчови, ритми,
шакли, динамик белгилари, тонлиги ва ҳоказоларни қисман бўлса ҳам
аниқлашлари даркор.
Мана шу жараёнда мусиқа саводи беназир кўмакчидир. Мусиқий-
назарий билимлар анча саёз ва бир тизимга солинмаган бўлса ҳам, ўқитувчи
имкони борича дарсларни кўргазмали қуроллардан, ўқитишнинг замонавий
техник воситалардан фойдаланган ҳолда дарс ўтиши мақсадга мувофиқдир.
Мусиқа саводида мусиқий атамалар, анъаналар, темплар (суръат),
интерваллар, алтерация белгилари, динамик белгилар, мусиқанинг
ифодаловчи воситалари, оддий мусиқа шакллари ва жанрлари, мажор ва
минор лади ҳақида тушунча берилади. Лекин бу тушунчалар оддийдан
мураккабга қараб, иложи борича тизимийликка риоя қилиб ўргатилса
кўзланган мақсадга эришилади.
1-синфда мусиқа саводи бошланғич билимларни беради. Болаларнинг
мактабга эндигина келганликларига қарамай улар боғчада кўпгина
ашулалар айтиб, рақсга тушган бўладилар. Мусиқа саводига киришдан
аввал болаларнинг олдинги билимларига таянишимиз керак. Табиийки,
боғчада мусиқа саводи ўрганилмайди. Шунинг учун ўқитувчи ниҳоятда
142
эҳтиёткорлик билан боларга мусиқа ҳақида тушунча беради. «Сиз қандай
қўшиқларни биласиз? Рақсга тушишни биласизми? Мусиқани яхши
кўрасизми?» ва шу каби саволлар орқали болалар билан мулоқотга
киришади.
«Энди мен сизларга мусиқа аслида нима эканлиги ва қандай пайдо
бўлганлиги ҳақида гапириб бераман...» - деб болаларни ўзаро суҳбатга
тортади. Ўқувчилар мусиқа ҳақида тушунчага эга бўлганларидан кейингина,
уларнинг мусиқанинг ифодаловчи воситалари билан таништириш мумкин.
1-синфда ўқувчилар нота ёзуви, ноталарнинг жойлашуви, ноталар номи,
узунлиги билан қисман танишиб борадилар. Мусиқа бошқа санъат турлари
каби инсонларнинг ўзаро мулоқат қилишга ёрдам берувчи воситадир.
Шунинг учун мусиқа тилини яхшироқ тушуниш учун, мусиқанинг муҳим
ифодаловчи воситаларини билиш аҳамиятлидир.
Энг муҳим бўлган воситалардан ладлар - мажор ва минор ладлари
ҳақида ўқувчиларга тушунча бериш мақсадга мувофиқдир. 1-синфнинг 2-
ярмида бевосита нота ёзувига киришиш мумкин. Аввалом бор ўқувчиларга
ноталар ёзиладиган чизиқнинг нега бешталиги, нота йўлининг аҳамияти ва
уларда ноталар қандай жойлашиши ҳақида бошланғич тушунчалар берилган
бўлмоғи лозим.
Нота ёзадиган чизиқ пастдан юқорига қараб саналишини ўқитувчи
доскага ёзиб кўрсатиб бериши лозим. Скрипка калити ёки сол калити
ҳақида тушунча бериш керак. Ноталар ёзилишидан олдин калит белгиси
қўйилиши кераклиги, калитсиз нота ёзиш мумкин эмаслигини ўқувчиларга
мисоллар билан тушунтирилади. Масалан:
Ўқитувчи: « Болалар, мактабдан уйга келганингизда эшикдан тўғри
кириб кетасизми, ёки аввал калит билан очиб кейин кирасизми?» Болалар:
Калит билан очамиз.
Ўқитувчи: Демак, калитсиз уйга кириб бўлмас экан-а? Болалар: Ҳа.
Ўқитувчи: Мусиқани ёзиш учун ҳам мусиқий йўлни аввал калит билан
очамиз, яъни калит белгисини қўйишимиз шарт, аксинча биз мусиқа
товушлари оламига кира олмаймиз.
Шу тарзда нота ёзуви ўргатилади. Ёзишдан аввал ўқувчилар ноталар
жойлашувини ёдлаган бўлишлари керак. Масалан:
ДО-ёрдамчи чизиқда жойлашган. РЕ-биринчи чизиқни тагида
жойлашган. МИ-биринчи чизиқда жойлашган.
ФА-биринчи чизиқ билан иккинчи чизиқнинг орасида жойлашган.
СОЛЬ-иккинчи чизиқда жойлашган.
ЛЯ-иккинчи чизиқ билан учинчи чизиқ орасида жойлашган. СИ-
учинчи чизиқда жойлашган.
143
Ана шундан кейин ўқувчилар бешта чизиқларни қайси бирида қандай
нота жойлашганини ўзлари топа бошлайдилар.
Айрим ҳолларда ўқитувчи дарс жараёнида ўқувчиларга тушунарлироқ
ва қизиқарлироқ бўлиши учун нота чизиқлари ёрдамисиз ҳам қўл ёрдамида
ноталар жойлашувини топиш ва кўрсатишлари мумкин.
Бунинг учун ўқитувчи қўлини кундаланг ҳолда тутиб, ҳар бир
бармоғини нота чизиғи деб фараз қилади. Ўқувчиларга ҳам ўнг қўлларини
худди шундай тутиб ўқитувчи билан биргаликда чап қўл кўрсаткич
бармоғида ноталарни кўрсатадилар ва ўқитувчи айтган ноталарни ўзлари
топиб кўрсатадилар.
Демак, мусиқа саводи фаолияти мактаблардаги энг муҳим ва етакчи
фаолиятлардан бири бўлиб, у ўқувчиларни ўрганиладиган асарларни
саводли ҳолда ўзлаштиришларига имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |