www.ziyouz.com kutubxonasi
44
этикларимнинг қўнжига урилар ва пишқириб яна орқага қайтар эдилар.
Сўнг аллаким менга яқинлашиб келди-да, елкамга секингина қўлини қўйди. Бу Хадича эди.
* * *
Бир неча кундан кейин биз бирга Фрунзе шаҳрига жўнаб кетдик. Анорхой дашти
яйловларини ўзлаштириш бўйича қидирув ишлари олиб бораётган экспедицияга мен шофёр,
Хадича ишчи бўлиб ўрнашдик. Мана шундай қилиб янги ҳаёт бошланди.
Экспедиция билан биргаликда Анорхой чўлининг ичкарисига, нақ Балхаш бўйларигача етиб
бордик. Агарда ундан ҳам олисларга бориб қолганимизда ҳам барибир, орқага қайтмаган
бўлардим. Ўтмиш билан алоқани узадиган бўлгандан кейин бир умрга узмоқ керак.
Дастлабки пайтларда дард-аламимни иш билан енгдим. Иш эса истаганча топиларди. Уч
йилдан ортиқроқ вақт ичида бутун Анорхой даштини кезиб чиқдик, қудуқлар қазидик, йўллар
ўтказдик, йўл устида базалар қурдик. Хуллас, ҳозирги Анорхой баланд-паст адирлардан иборат
бўлиб, ёвшан билан қопланиб ётган ва ҳатто киши куппа-кундузи адашиб, боши ва оёғи қаёқда
эканлигини топа олмай ҳафталаб, ойлаб тентираб юрадиган илгариги ёввойи дашт эмас. Ҳозир
у ерлар маданий дам олиш жойлари, уйлар ва қўшарлари бўлган чорвадорлар ўлкасига
айланган. Дон экишади, ҳатто чорва учун пичан тайёрлашади. Тўғри, ҳали Анорхойда қўл
урилмаган ишлар кўп, биз шофёрларни бўлса қўяверинг, уларнинг иши ҳамма вақт бошидан
ортиб ётади. Бироқ мен у ердан қайтиб келдим. Ҳали кўп ерлари нообод, одамлар кам
яшайдиган даштда яшаш оғирлигидан ёки бўронли қишда, йўлсиз чўлда тентираб юриш қийин
бўлганлиги учун эмас. Бу қийинчиликларнинг бари вақтинчалик нарса, албатта. Агар инсон
мустаҳкам ўрнашиб олса, чўлни ўзига бўйсундира олади, у ерга ўзи ҳам кўникиб қолади, чўлни
ҳам ўзига мослаштира олади. Хадича иккимиз қийинчиликлардан қўрқмасдик, турмушимиз ҳам
ёмон эмас эди, бир-биримизни ҳурмат қилардик. Аммо ҳурмат бошқа-ю, муҳаббат бошқа. Агар
бири севиб, иккинчиси севмаса, унда бу ҳам, менимча, кўнгилдагидек ҳақиқий турмуш
бўлолмайди. Ё инсон ўзи шундай тузилганми, ё фақат мен табиатан шунақаманми, билолмадим,
ҳарқалай, менга доимо бир нарса етишмасди, унинг ўрнини иш билан ҳам, дўстлик билан ҳам,
сени севгувчи аёлга нисбатан эътибор ва ғамхўрлигинг билан ҳам алмаштириб ёки ўрнини
тўлдириб бўлмасди. Мен Асалнинг олдига боришга яна бир бор уриниб кўрмай, шошма-
шошарлик қилиб кетиб қолганим учун кўпдан бери ич-ичимдан ўкиниб юрардим. Анорхойда
ўтказган кейинги ярим йил мобайнида бўлса Асал ва ўғилчамни соғиниб юрак-бағрим эзилиб
кетди. Тунлари ухлай олмай чиқардим. Самаднинг кулиб, нозик оёқчаларида зўрға тик тургани
кўзимга кўринаверарди. Унинг илиқ тафти ва гўдакларга хос майин ҳидини гўё бутун умрга
сингдириб олгандайман. Қадрдон Тянь-Шань тоғлари, мавжланиб ётган мовий Иссиқкўл, илк ва
сўнгги муҳаббатимни топган тоғ этакларидаги жонажон даштлар мени ўзига тортарди. .Хадича
буларнинг ҳаммасини биларди, бироқ мен уни ҳеч нарсада айбламаганимдек, у ҳам мени бирон
нарсада айбламас эди. Нега ҳам айблардик? Биз бирга яшай олмаслигимизни ниҳоят тушунган
эдик.
Ўша йили Анорхойга баҳор эрта келди. Адирларни қоплаб ётган қорлар тезда эриб, кунлар
исиб, ўт-ўланлар кўкара бошлади. Даштга жон кира борди, у иссиқлик ва намликни эмиб
буғланиб ётарди. Тунлари ҳаво шишадек мусаффо бўлар, осмонда юлдузлар чарақларди.
Биз пармалаш вишкаси ёнидаги чодирда ётган эдик. Ҳар вақтдагидек уйқу келмасди.
Кутилмаганда аллақаёқлардан паровознинг қичқирган овози зўр-базўр эшитилиб, чўл
сукунатини бузди. Унинг бу томонларга қай тарзда етиб келганини айтиш қийин. Қозоқ темир
йўли биздан дашт бўйлаб ярим кунлик йўл нарида. Ёки менга бу товуш шунчаки эшитилгандек
бўлдими, билолмайман. Бироқ юрагим «жиз» этиб кетди. У мени йўлга чорларди. Шунда мен:
—
Бу ердан кетаман, Хадича, — дедим.
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |