www.ziyouz.com kutubxonasi
46
ҳам бордир. Майли, ҳечқиси йўқ, ўша кезларда ҳали улар ёш бола эмасмиди.
Гарчанд мени бу ерда ҳеч ким танимаса ҳам, биров сезиб қолмасин деб кўчанинг бир
чеккасидан шошиб борардим.
Мана ўша самбиттолли ва пахса деворли ҳовли. Тўхтаб, нафасимни ростладим. Қўрқув ва
ташвишдан баданим музлаб, кўча эшиги томон қатъиятсизлик билан юриб боравердим.
Тақиллатдим. Қўлида портфель кўтарган қиз чопиб чиқди. Бу — менга тилини кўрсатиб қочган
ўша қизча эди. Энди у мактабга борадиган бўлиб қолибди. Қиз шошилиб турарди. У менга
ҳайрон бўлиб қаради-да:
—
Уйимизда ҳеч ким йўқ! — деди.
—
Ҳеч ким йўқ?
—
Ҳа, ойим лесхозга меҳмон бўлиб кетди... Дадам тракторларга сув ташияпти.
—
Асал-чи, қаерда у? — деб қўрқа-писа сўрадиму шу заҳотиёқ оғзим қақраб кетаётганини
сездим.
—
Асал? — деб ажабланди қиз. — Асал аллақачон кетиб қолган...
—
Кейин ҳеч келмадими?
—
Ҳар йили поччам билан бирга келади. Ойим уни жуда яхши киши деб мақтайди.
Қиздан бўлак ҳеч нарса ҳақида суриштириб ўтирмадим. У мактабига чопиб кетди, мен эса
орқага қайтдим.
Бу янгилик мени шу қадар довдиратиб қўйдики, унинг кимга ва қачон турмушга чиққани
энди менга барибир эди. Билиб нима ҳам қилдим? Бироқ ўтган йиллар орасида нима учундир
Асал бошқа бировга турмушга чиқиб кетгандир, деган фикр ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган
эди. Ахир шундай бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Ҳеч қандай дом-дараксиз бир неча йиллар
қорамни кўрсатмай кетганимдан кейин, ҳаммани қўйиб мени кутиб ўтирармиди...
Овулдан чиқибоқ, ҳеч қандай машинани кутиб ўтирмасдан, тўғри йўл ёқалаб кетавердим.
Агар бирор машина қувиб етганида ҳам уни тўхтатмас эдим. Ҳар қалай, бирон ёққа юришим
керак эди, қаёққа бўлса ҳам — дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам менга барибир эди энди.
Мен бир вақтлар Асални олиб кетган йўлдан борардим. Аммо йўл бурунгича эмас —
яхшилаб шиббаланиб, шағал ётқизилганди, Фақат даштгина илгаригича: атрофда қоп-қора
шудгору ўриб олингандан кейин қолган сарғиш поялар кўзга ташланарди. Бепоён дашт
иссиқкўлнинг нурли ҳошиядек ажралиб турган узоқ қирғоқларини ёриб кириб, тоғ
ёнбағирларидан тортиб то уфққа қадар ястаниб ётарди. Қорлар эриб, яланғочланиб қолган ер
намга тўйиб кўпчиб ётарди. Аллақаёқларда тракторлар тариллаб, баҳорги шудгорлаш бошлаб
юборилганидан дарак берарди.
Роса хуфтонда районга етиб келдим, тунни меҳмонхонада бир амаллаб ўтказдим-да, эрталаб
автобазага боришга аҳд қилдим.
Қаёққадир, ўзга ўлкаларга кетишдан энди фойда йўқ эди. Ҳамма орзу-истакларим барбод
бўлиб, ҳаммасидан маҳрум бўлган эдим. Энди шунчаки яшаш-у ишлашдан ўзга илож қолмаган
эди — уёғи нима бўлишини ким билсин.
Тянь-Шань трактидан машиналар одатдагидек турнақатор тизилишиб у ёқдан-бу ёққа
қатнаб турарди, бироқ мен ўзимизнинг автобаза машиналаридан биронтасида кетишни маъқул
кўрдим. Мана, таниш машиналардан бири яқинлашиб келмоқда. Қўл кўтардим.
Кабинада ўтирган шофёр ҳадеганда мени пайқамай қолди. Катта тезлик билан келаётган
машина ғизиллаб ўтиб кетди-ю, бироқ шу заҳотиёқ таққа тўхтади. Мен чамадонимни қўлга
олдим. Шофёр кабинадан чиқди. Бундай қарасам, полкдошим Эрмак, у стажировкани армияда
менинг қўлимда ўтаган эди. Эрмак ўша кезларда ҳали ёшгина йигитча эди. У менга қараб
жимгина жилмайиб турарди.
—
Танимаяпсанми?
—
Сержант... Илёс! Илёс Алибоев! — Ниҳоят эслади у.
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |