www.ziyouz.com kutubxonasi
32
шунчалик тез ҳайдардимки, азбаройи йўлни ёд билганимдан бирон ерга уриб ҳам олмадим.
Агар кўзларимни боғлаб қўйганларида ҳам худди шундай қилган бўлардим.
Тонготарда довондаги базага етиб келдим. Нима қилаётганимни ўзим ҳам англамай, ақлдан
озган кишидек, эшикни мушт билан қоқа бошладим. Эшик ланг очилди. Асалга қарамай,
бошдан-оёқ лойга беланганимча уйга кирдим. Энтикканимча аллақандай бир нам нарсанинг
устига ўтирдим. Бу курси устига уйиб қўйилган кир уюми экан. Папирос олиш учун қўлимни
чўнтагимга тиққан эдим, қўлимга машина калитлари илинди. Мен уни жаҳл устида кучим
борича четга улоқтирдим ва бошим «шилқ» этиб тушди, уриб пўла қилиб ташлангандек, тинка-
мадорим қуриб, шалпайганимча ўтирардим. Кўзларим полда. Стол ёнида Асал ўз оғирлигини
яланг оёқларининг дам унисига, дам бунисига солиб турарди. Унга нима ҳам дея олардим? Асал
полда ётган калитларни олиб, стол устига қўйди.
—
Ювиниб оласизми? Кечқурун сув иситиб қўйганман, — деди у секингина.
Мен бошимни секин кўтардим. Совқотган Асал нозиккина қўлларини кўксига қўйиб, тунги
кўйлақда қаршимда турар эди. Унинг қўрқув босган кўзлари ташвиш ва ачиниш билан менга
боқарди.
—
Довонда прицепни ағдариб юбордим, — дедим бегона товуш билан.
—
Қанақа прицеп? — деб сўради у тушунмасдан.
—
Темирдан ясалган, яшил рангли, «02 — 38» номерли! Қанақа бўлса ҳам барибир эмасми!
—
деб қичқирдим жаҳл билан. — ўғирлаб олгандим уни, тушунасанми? Ўғирлаб олгандим.
Асал секингина «Вой!» деб юборди-да, каравотга ўтириб қолди.
—
Нега?
—
Нега бўларди? — унинг ҳадеганда гапга тушунавермагани менинг жиғимга тегарди. —
Довондан прицеп билан ўтмоқчи эдим! Тушундингми? Ўз фикримни амалда исботламоқчи
эдим... Мана энди уйим куйди!
Мен юзимни кафтларим орасига олганча ўтирардим. Иккаламиздан ҳам бирмунча вақт садо
чиқмади. Асал шартта ирғиб турди-да, кийина бошлади.
—
Нега ўтирибсиз энди?. — деди у жиддий қиёфа-да.
—
Нима қилишим керак? — деб ғўлдирадим мен.
—
Автобазага қайтиб боринг!
—
Қандай бораман! Прицепсиз-а?
—
У ерда ҳаммасини тушунтириб берасиз!
—
Эсингни едингми! — Тарс ёрилиб кетишимга сал қолди. Хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа тез-
тез юра бошладим. — Қайси юз билан прицепни у ерга судраб бораман? Кечирасизлар мени,
хато қилиб қўйдим, дейманми?! Оёқларига бош уриб ялиниб-ёлворгани бораманми? Йўқ,
бормайман! Билганларини қилишсин! Ҳаммасига тупурдим!
Менинг бақириқ-чақириғимдан каравотда ётган ўғилчам уйғониб кетиб, йиғлаб юборди.
Асал уни қўлига олган эди, бола баттарроқ қичқира бошлади.
—
Қўрқоқсиз, — деди Асал секингина, лекин қатъий қилиб.
—
Нима-а! — дея ғазабдан ўзимни тутолмай мушт ўқталганча унга ташландим, қўл
кўтаришга кўтардим-у, аммо уришга журъат этолмадим. Унинг ҳайратланиб боқиб турган
шаҳло кўзлари мени танг қолдирди. Мен унинг чақнаб турган кўз қорачиқларида ўзимнинг
даҳшатли ва буришиб-тиришиб кетган турқимни кўриб турардим.
Уни қўполлик билан бир четга силтаб юбориб, эшик томон шиддат билан бориб, уни
тарақлатиб ёпганимча ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқари аллақачон ёришиб қолган эди. Куннинг ёришиб кетгани менга қаттиқ таъсир
қилди; кеча бўлиб ўтган ҳамма қилмиш-қидирмишларим менга янада мудҳиш, янада хунук
бўлиб кўринар, ўзимни бир умр тузатиб бўлмайдиган хато қилиб қўйгандек ҳис қилардим.
Ҳозирча биргина нажот йўли бор бўлиб, бу ҳам бўлса лоақал машинадаги юкни жойига элтиб
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |