www.ziyouz.com kutubxonasi
29
—
Иккинчи сменада.
—
Сенда бир ишим бор. Жуда муҳим. Бари сенга боғлиқ...
Йўлда унга ҳаммасини айтиб бердим. Аввалига гапимга қулоқ солгиси ҳам келмади, бироқ
мен уни ҳамон ишонтиришга интилардим. Чироқ остида, муюлишда тўхтадик. Хадича бир
қарорга келолмай турарди.
—
Эҳ, Илёс! — деди у ташвиш билан кўзимга боқиб.— Бекор шундай қиляпсан!
Аммо мен нима десам ҳам унинг бажаришини тушуниб турардим. Унинг қўлтиғидан ушлаб:
—
Бекорга эмас. Менга ишонавер! Ҳаммаси жойида бўлади. Хўш, келишдикми? — дедим.
У хўрсиниб қўйди.
—
Сен айтганингдан кейин, нима ҳам қила олардим! — деди-да, хўп дегандек бош
қимирлатди.
Мен беихтиёр унинг елкасидан қучоқлаб олдим.
—
Асли йигит бўлиб туғилишинг керак экан-да, Хадича! Хўп, эртагача хайр! — деб қўлини
қаттиқ қисдим. — Кечгача ҳамма қоғозларни тўғрилаб қўй хўпми?
—
Намунча шошилмасанг! — деди у қўлимни бўшатмай туриб. Сўнгра бирдан ўзгариб
қолди. — Майли, боравер... Ётоқхонагами?
—
Ҳа, Хадича.
—
Хайрли тун, — деди у.
Эртасига бизда техника кўриги бўлди. Автобазадаги одамлар диққинафас бўла бошлади:
инспекторлар доим бемаврид тиқилинч қилишади-да, нуқул бирон нарсадан айб топиб, акт
тузишгани тузишган. Қанчалик даҳмаза, қанчалик ташвиш. Аммо уларнинг ўзлари эса жуда
оғир, совуққон одамлар. Планга мувофиқ автобазани техника кўригидан ўтказишлари керак эди,
шунга кўра улар бамайлихотир ўз ишларини бажараётган эдилар.
Ўз машинамдан кўнглим тўқ эди, аммо ремонт қилаётган кишидек ўзимни четга тортиб
туравердим.
Хадича навбатчиликка ўтгунча вақтни чўзиб туриш керак эди. Ҳеч ким мен билан
гаплашмас, ҳеч ким кечаги ҳодисани эслатмас эди. Одамлар буни хаёлига ҳам келтирмасди:
ҳамма техник кўрикдан тезроқ ўтиб, йўлга тушишга ва бекор кетган вақтнинг ҳиссасини
чиқаришга ошиқарди. Аммо барибир кўнглимдаги доғ ёддан кўтарилмасди.
Техника кўригидан тушдан кейин ўтдим. Инспекторлар ҳам кетишди. Ҳаммаёқ бўшаб,
ҳувиллаб қолган эди. Ҳовлининг ичкарисида очиқ ҳавода прицеплар турарди. Улардан баъзан
текис йўлларда, ички қатновда фойдаланилар эди. Мен прицепларга қандай бориш қулайроқ
эканини кўздан кечириб, улардан бирини — энг четкисини мўлжаллаб қўйдим. У оддийгина
тўрт ғилдиракли аравага ўхшарди. Унинг ҳамма ҳикмати мана шу. Аммо шуни деб қанчалик
ҳаяжонга тушдим... Ўша пайт мени нима кутаётганини билмас эдим. Шунинг учун ҳам
яхшигина овқатланиб, бирор соат бўлса ҳам мизғиб олиш мақсадида хотиржамгина ётоқхонага
кетдим. Йўл жуда хавфли эди. Барибир ухлай олмадим. Вақтни илондек тўлғаниб ўтказдим.
Қош қорая бошлагач, автобазага бордим.
Хадича бўлса аллақачон келиб турган экан. Ҳамма нарса тахт эди. Мен уни беҳуда
ташвишлантирмаслик учун ортиқча такаллуф қилиб ўтирмасдан йўлланмани олдимда, гаражга
шошилдим. Югуриб кетяпману хаёлимдан: «Тамом! Энди буёғини бир кўрсатиб қўяй
сизларга!» — деган фикрни ўтказдим. Машинани бурдим ва тислаб бориб прицепга тўғриладим,
сўнгра моторни секин юргизиб қўйдим-да, теварак-атрофни кўздан кечириш учун кабинадан
чиқдим. Бирон кимса кўринмайди. Фақат ремонт устахонасидаги дастгоҳларнинг тақир-туқури-
ю, кўл тўлқинларининг қирғоққа урилишидан кўтарилган шалоп-шулуп овозлари эшитилиб
турарди. Осмон сукунат ичида тургандек тутолса ҳам биронта юлдуз кўринмасди. Ёнимда
мотор секин тириллаб турарди, менинг юрагим ҳам гуп-гуп урарди. Чекмоқчи бўлдиму, лекин
папиросни шу заҳотиёқ четга отиб ташладим, кейин...
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |