www.ziyouz.com kutubxonasi
28
Шу пайтгача индамай ўтирган Алибек гапга аралашди:
—
Етар шунча тортишганимиз. Илёснинг таклифи ҳали синаб кўрилмаган нарса бўлса ҳам
ўйлаб кўриш керак. Лекин сен айтганча эмас, Илёс, прицепни улаймиз-у кетавермаймиз. Бундай
қилиш ярамайди, олдин бунга ҳозирлик кўриш, ҳаммасини жиддий ўйлаб чиқиш,
маслаҳатлашиш ва синаб кўриш керак. Қуруқ сўз билан ҳеч нарсани исботлай олмайсан...
—
Исботлайман! — дедим мен унга. — Сизлар ўйлаб, фол очиб бўлгунларингизча, мен
исботлаб бераман! Ана ўшанда ишонч ҳосил қиласизлар! — деб бурилиб машина томон юрдим
ва автобазага жўнаб кетдим.
Ҳар кимнинг ўз хулқи, феъл-атвори бор. Уларни бошқариб туриш керак, албатта, бироқ
бунга ҳамма вақт ҳам муяссар бўлавермайди киши. Рул бошқариб бораётган бўлсам ҳам на
остимдаги машинани, на йўлни ҳис этардим. Дард-алам, хафагарчилик ва асабийлик бутун
вужудимни эгаллаб олганди. Бояги сўзлар борган сари иззат-нафсимга қаттиқ тегиб, юракни
ўртаб тутақтираётган эди. Йўқ, мен сизларга исботлаб берганим бўлсин! Одамнинг сўзига
ишониш кераклигини исботлаб бераман, унинг устидан кулиш қандайлигини кўрсатиб қўяй,
эҳтиёткорлик билан орқа-олдингга қараб иш кўриш қанақа бўлишини бир исботлаб берай!
Алибекка ҳам қойилман: ўйиаб кўриш, тайёрланиш, синаб кўриш керакмиш! У ҳамиша шунақа
ақлли, эҳтиёткор! Аммо мен учун булар бир пул! Мен бу ишни хамирдан қил суғургандек
бажариб, кимлигимни кўрсатиб қўяман!
Машинани гаражга қўйганимдан кейин ҳам унинг атрофида анча вақтгача ўралашиб юрдим.
Сиртдан қараганда тинчланиб қолганга ўхшасам ҳам кўнглим безовта эди. Мен фақат бир нарса
ҳақида — ўзимнинг ҳақ эканлигимни қандай қилиб эртагаёқ исботласам экан, деб ўйлардим.
Фикримни исботлаш, сўзлаб бериш учун бошлиқлар олдига боришни, уларнинг эътирозларини
тинглашни энди хоҳламас эдим. Йўл битта: прицеп билан довонга қараб жўнаш. Мен буни
қандай бўлмасин, бажаришим керак эди. Аммо прицепни менга ким берарди, уни автобазадан
Тянь-Шань йўлига олиб чиқишга ким рухсат этарди?
Шундай ўй-хаёллар билан гараждан чиқиб, ҳовли бўйлаб секин юра бошладим. Кеч кириб
қолган эди. Фақат диспетчерхонада чироқ ёниб турарди. Мен тўхтаб қолдим: э, диспетчерчи.
Диспетчер ҳаммасини тўғрилаб бериши мумкин-ку! Ҳамма иш унинг қўлида. Мен
диспетчерхона томон шошилдим. Чамамда, бугун Хадича навбатчилик қилаётган бўлса керак.
Шундай бўлса яна ҳам яхши. У менинг илтимосимни рад этмайди. Рад этиши ҳам мумкин эмас.
Рад этган такдирда ҳам ахир мен жиноят қилмоқчи эмасман-ку. Аксинча, у ҳамма учун
фойдали, ҳамма учун муҳим бўлган ишни амалга оширишда менга ёрдам беради, холос.
Диспетчерхонага яқинлашар эканман, анчадан бери илгарилардагидек эшикдан тўғри кириб
боравермаётганлигим ва туйнукча орқали мурожаат қилаётганлигим эсимга тушиб, иккиланиб
қолдим. Шу пайт эшик очилди. Остонада Хадича турарди.
—
Сенинг олдингга келаётган эдим, Хадича. Яхшиямки, шу ерда экансан!
—
Мен кетяпман.
—
Хўп, юр, уйинггача кузатиб қўяман.
Хадича таажжубланиб, менга шубҳаланиб қаради-да, жилмайиб:
—
Кетдик, — деди.
Биз ташқарига чиқиб, кўча бўйлаб кета бошладик. Кўча зим-зиё қоронғи эди. Кўл томондан
тўлқинларнинг шовиллагани эшитилиб турар, изғирин шамол эсарди. Хадича қўлтиғимдан
ушлаб, совуқ шабададан паналаб пинжимга тиқила бошлади.
—
Совқотяпсанми? — деб сўрадим.
—
Сен билан бирга бўлсам совқотмайман! — деди у. Хадича яна бир нима демоқчи бўлиб
оғиз жуфтлади-ю, бироқ жим қолиб, яна кифтимга ишқалана бошлади. Бунга қадар
ҳаяжонланиб турган эдим, энди бўлса негадир тинчланиб, ўзимни эркин сеза бошладим,
—
Эртага қай маҳал навбатчилик қиласан, Хадича?
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |