www.ziyouz.com кутубхонаси
28
гапиришарди.
Бу бўлаётган гаплар Полвоннинг қулоғига кирмас, икки кўзи девордаги сувратга қадалган.
Назарида сувратдаги аёлнинг қулоғидаги зирак қимирлаётганга ўхшайверди. Ихтиёр Камол
меҳмонларга мулозамат қилиб, кириб-чиқиб турган Зулфиқорнинг қулоғига нимадир деди. У
бош ирғаб, хўп, деб чиқиб кетди-да, билагига иккита тўн ташлаб кирди.
— Қудажонлар, бу мехмонларимизни, — у полвон билан Ихтиёр Камолга ишора қилди, —
дўхтирлардан қарзга олиб келганмиз. Кетишмаса бўлмайди. Полвон аканинг томирларига дори
юборадиган пайт бўлди. Нима дейсизлар? Жавоб берайлиг-а...
Зулфиқор полвон билан Ихтиёрнинг елкасига тўн ташлади.
Улар икковлашиб машинада қайтишар экан, Зулфиқорнинг уйидаги аёлларнинг
пазандалигига тасаннолар айтишарди.
— Дўстим, — деди Полвон, палатага киришгач, — ўзига ўт қўйган аёл тўғрисида кейин
айтаман, деган эдингиз. Айтинг, нима бўлган?
— Хунук иш бўлган, жўражон, жуда хунук, анаву ярамас, ит эмган Қўчқор Зулфиқорни
қамаб, кўп азоблар берди. Зулфиқор ҳам анойи одамлардан эмас. Хоннинг саройидек уйни
қуришга ғиштни қайдан олдинг, тахтани қайдан олдинг, деб қийин-қистовга тутаверди.
Зулфиқор иморат учун нимаики олган бўлса, ҳаммасига ғишт заводидан, тахта искалатидан,
семону тунукаларгача квитансия олиб қўйган эди. Бундан иш чиқазолмаган терговчи, қанча
пахта сотиб олгансан, қанча сотгансан, деб қийнайверади. Пахта заводини уч марта ревизия
қиладилар, пичоққа илинадиган бирон ишкал тополмайдилар. Тиллангни, бойлигингни қаерга
яширгансан, деб яна дўппослайдилар. Зулфиқор менда бунақа нарсалар йўқ, деб азобларга
чидаб беради. Бу орада бир ярим йилга яқин вақт ўтиб кетади. Охири Зулфиқорнинг хотини
билан келинини қамаб тергов қиладилар. Гулоян Қўчқор тайёрлаган ҳужжатларни кўриб,
бўлмайди, деди. «Уни шундоқ қўйиб юборсак гап тегади. Ҳужжатларни икки йилга кесиш
мумкин бўладиган қилиб тайёрла. Хотини билан келинини шу бугун қўйиб юбор», деб ўзи
Қарши томонга ўтиб кетади.
— Қўчқор Жалолов ўша куни Зулфиқорнинг хотинини қўйиб юборади. Унинг ёлғиз қолган
келини олдига тун ярмида киради. Қўлларини қайириб, уни зўрлайди. Қулоғидаги зирагини
олиб, тонгга яқин чиқариб юборади. Телба бўлиб қолган жувон ҳали осмон оқармай туриб уйга
келади. Ҳолдан тойган қайнонаси ухлаб ётарди. Ҳали уйғонмаган қизи Бахшанда тепасига
келиб узоқ қараб туради. Ҳаром вужуди билан унга яқин келолмайди. Ошхонага кириб керосин
тўла тунука банкани кўтариб чиқадию бошидан қуяди. Гугурт чақиб юборади.
Том бўйи бўлиб кетаётган олов ҳовлининг у бошидан-бу бошига югурар, шу олов ичида аёл
кишининг бўғиқ овози эшитиларди. Уйғониб кетганлар унга яқин боролмасдилар. Челаклаб сув
сепсалар ҳам ўт ўчмасди.
Зулфиқорни турманинг ичида суд қилиб икки йил берадилар. Йкки йиллик муддатни ўтаб
бўлди, деб чиқариб юборадилар. У қамокдан чиққанда келиннинг қирқи ўтиб бўлганди.
Ихтиёр Камол столдаги аллақачон совуб қолган чойни симириб, инсоннинг боши тошдан
экан, жўра, деб ўтирган ерида кўлтиқтаёғига кўксини тиради. Ташқаридан одамларнинг овози
эшитила бошлади. Бир оздан кейин томирга дори томизадиган мослама кўтариб Сангча кирди.
— Бугун вақтида укол олмадинглар, жужуқларим, гимодез томизиш ҳам кечикиб кетди.
Сангча Полвонга фақат қувноқликка яратилган бир малак бўлиб кўринади. Ер юзи шунақа
нурли одамлар билан мунаввар, деб ўйларди у. Худо жами гўзалларни одамларни маҳлиё қилиш
учун, инсонлар кўнглидан бадбинликларни қувиб, вужуд-вужудини эзгуликка чулғаб,
яхшиликларга чорлаш учун яратгандек эди.
Полвон салкам икки соат билагида игна билан бир литрли шишадаги гимодез суюқликнинг
охирги томчиси қолгунча қимирламай ётди. Кўзини уйқу босди. Ҳамшира қуймичига укол
килгандагина уйғонди. Ҳали офтоб ўчмаган. Беморлар кечки салқинда хиёбонларда сайр қилиб
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |