www.ziyouz.com кутубхонаси
30
картошка ташлаб кетади. Кетар чоғида келинимга пиёз тагида пул бор, хаммасини терговчига
берманглар, эллик минги ўзларингда қолсин, ҳали сизларга пул кўп керак бўлади, деб жўнаб
кетади.
Ўғлим Қўчкор Жалолга пулни олиб борганда у бола бечорага бақириб беради.
— Мен сенларга пул деганим йўқ. Тилла танга олиб кел, деб айтганман, тушундингми? —
дейди.
— Бизда унақа нарса йўқ. Умримда бир донасини хам ушлаб кўрмаганман.
Қўчқор тажанг бўлади.
— Бундай қиласан. Ҳозироқ Бухорога бориб катта бозордан Ашот деган армани кабобпазни
топасан. Мени Кўчқор Жалол юборди, деб қўлига пулларни берасан.Ҳушёр бўл, олдида одам
йўқ пайтида у билан гаплаш. Нима қилишни унинг ўзи билади, — деб тушунтиради.
Нафсингга ўт тушкур Қўчқор Жалол юзта бухор тангани олгандан кейин, «Айби
исботланмади», деб мени кўйиб юборади.
Уйни тинтув қилганда олиб кетган битта кўл соат билан Парижда мукофотга беришган
олтин медалимни кайтиб бермади. Уни «антиқа» тери учун олгандим. Танлов ҳаками билагимга
ҳар ўн беш дақиқада куй чаладиган швейцар соатини тақиб қўйганди. Афсус, жуда қимматли
эсдалик эди. Ҳай, жанозасига буюрсин...
Чиққанимнинг эртаси кеч қоронғида Норменгли келди. Қўйлардан биронтасини ҳам
соттирмаганини, пулларни чўпонлар тўплаб берганини айтди. Бунақа одамгарчиликдан
кўзларим ёшга тўлди. Ўзимни тутолмай ҳиқиллаб йиғлаб юбордим. Ифлос Қўчқор шунча азоб
берганда ҳам мижжамга ёш келмаганди. Чўпонларнинг одамгарчилигидан таъсирланиб
кетибман.
Кечқурун палатада улфати чор бўлиб, чой ичиб ўтиришарди. Телевизор биринчи ўзбек
космонавти Шариповнинг хонадонини кўрсата бошлади. Қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари,
ёр-биродарлари Шариповнинг ота-оналарини табриклашяпти. Ҳовли одамга тўлган. Ҳамманинг
қўлида гул.
Чой хўплаётган Ҳамро Очил, қандай бахтли оила бу! деб юборганини билмай қолди.
— Отасига раҳмат! — деди Ихтиёр.
— Шундоқ фарзанд ўстирган онасига минг-минг раҳмат-е! — деб юборди Зулфиқор.
Фақат Жалол полвоннинг тилига гап келмасди. Ҳамро Очилнинг файласуфлиги тутиб кетди.
— Биласизми, инсон нима учун фарзанд ўстиради. Меҳнат қилиб, топиб келган ош-нони
учунгина эмас, ўлганингда гўрингга қўядиган мармар тоши учунгина эмас, эл-юртдан олиб
келадиган отангга раҳмат, деган биргина сўзни эшитиш учун ўстиради. Отангга лаънат,
падарингга лаънат, деган сўз олиб келадиган фарзанднинг юзини худо тескари қилсин!
Мана шу суҳбат асносида Жалол полвон минг ўлиб, минг тирилди. Ўзидан ўтганини ўзи
билади. Мум тишла-гандек, тилини ютиб юборгандек забун эди у.
— Мана, масалан, аблаҳ Қўчқор Жалолнинг отасига ҳеч ким раҳмат, дермикин? Қани,
айтингларчи? Нима дейсиз, Полвон ака?
Жалол полвон нималардир деб ғудранди. Нима деганига ҳеч ким тушинмади. Унинг ранги
оқариб кетган, қошлари ўртасига тугунчак тушиб, бир нуқтага тикилганча телбанамо алпозда
ўтирарди.
— Йўқ, — деди Ихтиёр Камол. — Ҳеч ким раҳмат демайди. Шундай ифлос бола ўстирган
сендек отага минг, миллион марта лаънатлар ёғилсин, дейди.
Жалол полвон ҳолсизланиб ўрнидан турди, маст одамдек чайқала-чайқала ҳовлига чиқиб
кетди.
— Бечоранинг яна қон босими ошиб кетди шекилли, —
деди Зулфиқор. — Ё юраги хуруж қилдимикин? У шундай деб чўнтагини кавлаб, валидол
қидира бошлади.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |