www.ziyouz.com кутубхонаси
180
БЎСТОН
Қўзибой бундан уч кун аввал отда кета туриб шу ўрикнинг новдасига бўй чўзиб қараганда
куртаклар бўртиб қолган эди. Энди бўлса анор донасидек қип-қизил ғунчалар пайдо бўлибди.
Отабойнинг ҳовлисидаги бодом худди крепдешин кўйлакни дорга ёйиб қўйгандек чаман бўлиб
ётибди. Бирдан Қўзибойнинг чеҳраси ёришиб кетди. От жиловини бўш қўйиб, қамчи дастасини
дутордек чертиб, қўшиқ бошлади...
Қўзибой бировнинг олдида сира ашула айтган эмас. Аммо айтса бировга маъқул қиладиган
ширали овози бор. Уйда Кокила дуторни қарсиллатиб қўшиқ айтганда, Қўзибой унча-мунча жўр
бўлиб турарди. Лекин ўзининг дуторга сира қўли келишмасди. Парда босишга нўноқ. Шундай
пайтларда қизиқчиликка олиб: кетмон дастасига ўрганган қўл пардага қовушмаяпти, деб қўяди.
Тор чертганда бўлса, нақ дуторнинг қорнини ёриб юборгундек қилиб қопқоғига тақиллатиб
уради. Дуторга жони ачиб турган Кокила дарров эрининг қўлидан олиб қўярди.
— Хотин, бизга жуда бўлмаганда қорни замбардек дутор бўлса-ю, ашулани ҳаммомда
айтсак.
— Сизга шундай бўлса бордир, нега мени аралаштирасиз! — деди унга Кокила...
Дала йўлида хиргойи қилиб кетаётган Қўзибой шу гапларни эслаб кулиб қўйди. Чўл шамоли
аста елпиб турарди. Офтобнинг иссиғи ботган шудгорда худди жазирама қиздирган тунука
томда яланг оёқ юрган одамдек ола ҳакка сакраб-сакраб юрарди. Ҳар замон энсани қоти-риб,
шикоят билан қор чақиради. Чўлнинг узоқ-яқинидан мотор гуруллагани эшитилади,
Қўзибойнинг кайфи чоғ. Ҳамон хиргойи қилиб, атрофга разм солиб боради. Йўл-йўлакай у
ёқдан-бу ёққа ўтиб турган юк машиналарининг шофёрлари кабинадан бош чиқариб, унга салом
бериб ўтишади. Устига кўрпа-ёстиқ ортилган машинанинг босқичида тик туриб келаётган
Мўйлов машина Қўзибойга яқинлашганда сакраб тушди.
— Ҳа, нима қилиб юрибсиз, ошна? — деди Қўзибой отдан тушмай, кўришгани қўл узатар
экан.
Мўйлов бесаранжом кўзларини жавдиратиб, дарров гапиролмади.
— Шу, келинингизнинг дарди тутиб қолса бўладими, доя хотин топилмаса, машинада
Заркентга обориб ташласам, деган эдим. Каттаси ўша ерда туғилган эди.
— Заркентда нима бор! Докторларга бекорга ҳақ тўлаб юрибмизми. Оборинг ўзимизнинг
туғруқхонага. — Қўзибой узангига оёғини тираб қаддини ростлади-да, қамчи дастаси билан
йўлнинг чап томонини кўрсатди: — Ҳу, анови ерда, кўряпсизми, радиоузелнинг орқасида.
Отабойга бориб айтинг, «Волга»мни берсин. Жойлаштириб бўлганингиздан кейин, олдимга
келинг. Идорада бўламан.
Мўйлов ўткинчи машина кузовига осилиб, идора томонга қараб жўнади. Қўзибой илжайиб,
устахонага кетаётган одам, отининг жиловини шудгорга буриб, туғруқхонага қараб кетди. Яхши
ҳам ўзи келгани. Туғруқхонада ҳеч ким йўқ. Бир оёғи кесилиб ёғочоёқ уланган қоровул йигит
ногиронлар машинасини тўнкариб қўйиб, нима балодир қилмоқда эди.
— Доктор қаёқда? — деб сўради ундан Қўзибой.
— Опа шу ерда эдилар. Эснаб-эснаб ўтириб, мен кетдим, деб кетдилар. Аммо лекин қаёққа
кетаётганларини айтмадилар. Ишингиз бормиди ё шунчалик проверками?
— Дарров топиб келинг. Беш минутда шу ерда бўлсин!
Қўзибой отдан тушиб, машинани ўнглашга қарашиб юборди. Қоровул қўлтиқтаёғини худди
қайиқчиларнинг эшкагидек тиззасига қўйиб, машинасини ҳайдаб кетди. Машина жонивор ҳам
унча тузалмаган экан шекилли, чунонам патиллаб бердики, нақ чўлни остин-устин қилиб
юборай деди.
Қўзибой туғруқхона атрофида анча айланиб юрди.
Деразаларга акрохинга бўялган дока пардалар тутилган. Туваклардаги гулларнинг барглари
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |