www.ziyouz.com кутубхонаси
177
— Мен ҳам борай, хотин кишининг ёнига кечаси борсангиз, билган ундоқ дейди, билмаган
мундоқ дейди. Эрининг ҳам кўнглига келиши мумкин. Мени ўша ерга ташлаб, ўзингиз қайтиб
келарсиз. Уйда Бобир ёлғиз қолмасин, — деди Кокила. — Бечоранинг хотини жуда пишиб
турган эди. Дард тутиб қолмасин тағин.
Эр-хотин ҳовлига чиқишди. Бўрон ҳамон авжида. Қўзибой кўзини қумдан сақлаш учун
чопонини бошига ёпиниб, ҳовлининг нариги томонига ўтиб кетди-да, зум ўтмай, эгарланган от
етаклаб чиқди. Эр-хотин отга минишди. Хотин эрининг орқасидан маҳкам қучоқлаб, кўзини
қумдан яширганча жимгина борарди.
Шамол гувиллайди. Яқинда шағал тўкилган катта йўл четларидаги ниҳоллар тагини қум
ўраб олибди. Лапанглаб турган электр чироқларининг нурида қум қуюни худди ёнбошдан
ёғаётган қорга ўхшайди. Ниҳоллар тагида тўдаланаётган қум уюмлари эса, аста-секин ўрмалаб,
уни ҳалқумидан бўғмоқчидек.
Катта йўл орқада қолди. Лампочкалар олисда сузаётган кема чироқларидек тебраниб
милтирайди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Уларнинг ҳар бири ўз ўйи билан банд. Фақат отгина
ҳушёр. У бошини сарак-сарак қилиб, индамай олдинга интилади. Ёлларини буйдалаётган
бўронни сузиб ташлайдигандек бўйнини ғоз тутиб қоронғилик қаърига кириб кетмоқда. Эр
мудрайди, хотин хаёл суради...
...Бир вақтлар Кокила ўнинчини битириб, артистка бўлишга аҳд қилган эди. Қайси бир
журналки бор, янги моданинг расми чиқса, суриштириб ўтирмай, шартта йитиб оларди.
Тўққизинчида ўқиб юрган пайтларидаёқ онасидан бекитиб сурма қўярди. Сочини, нақ тақимига
тушадиган қоп-қора узун сочларини елкасидан кестирмоқчи бўлганда, акасидан роса калтак
еган эди... Ҳаммаси ўтди-кетди. Болалик орзулари, шўхликлари битди, энди у балоғат
остонасидан аллақачон ҳатлаб ўтган. Мана шу Қўзибой йўлида пайдо бўлди-ю, болалигини
шамолдек аллақаёқларга тўзитиб юборди-қўйди.
Қўзибой армиядан ўзининг туғилиб ўсган қишлоғи Симсойга қайтиб келганда, Кокила
ҳаваскорлар группаси билан Тошкентга фестивалга кетган эди. Кокила фестивалдан исми
ёзилган тилла соат мукофот олиб қайтиб келса, бир вақтлар ўзи «хумкалла» деб лақаб қўйган
Қўзибой армиядан қайтиб келиб, қизларнинг бошини айлантириб юрибди. Ўзи ҳам тўлишиб,
савлатли, бўлиб кетибди. Эгнидаги ироқи куйлагининг кўкраги тирсиллаб турибди. Кокила уни
кўрди-ю, эс-ҳушини йўқотди-қўйди. Уша куни кўзларига сурмани қалин чаплаб, Қўзибойнинг
олдидан икки-уч марта атайлаб каклик юриши қилиб ўтди. Бутун вужудидан муҳаббат ва
ёшликнинг фақат балоғатга етиб, овози дўриллаб қолган ўспиринларгина биладиган ғалати
ғамзаси ёғилиб турган қиз Қўзибойнинг ҳам кўзини тиндирди. Бола оромини йўқотди. Атир
ҳиди димоғига кирса, безовта бўладиган, ингичка овоз эшитса, кўзи сузиладиган бўлиб қолди.
Кокила бир кун магазинга кирганда ҳар балога аралашаверадиган, оти Усмон бўлса ҳам
негадир, Осмон деб лақаб олган (балки лақабни ҳам Кокила қўйгандир), бурни япасқи йигит
сичқоннинг думидек ингичка мўйловини бураб, унга маъноли илжайиб қўйди:
— Қўзибойни единг-а? Балосан, бало!
Кокила энсаси қотганидан лабини чўччайтириб, индамай чиқиб кетаверди. Сал нарироқа
борганда, гап кор қилиб, орқасига қайтди.
— Нима дединг? Яна битта гапир-чи!
Бунақа пайтларда Кокиладан яхши гап чиқмаслигини билган Осмон гапни айлантирмоқчи
бўлди:
— Менга қара, панбархит келди, бир отрез олиб қўйганман, ҳали айтиш эсимдан чиққан
экан.
— Бояги гапни айт деяпман! Сен пучуқ обдаста ўлгурга ким қўйибди бировларнинг ишига
аралашишни? Тегмаганимга алам қиляптими? Қўзибойга тегмоқчиман, билдингми?
— Э, — деди Осмон, — Қўзибой олиб бўпти сени, бошига урадими?
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |