www.ziyouz.com кутубхонаси
179
назар ташлади. Кейин, отдан туш, дегандек хотинига қаради. Кокиланинг узангига оёқ қўёлмай
қийналаётганини кўриб, тушириб қўйди-да, қўлидан етаклаб дераза олдига олиб келди.
Ичкарига қарашди.
Ҳали жой солинмаган уйнинг бир четида самовар, сандиқ устида шолчага тугилган кўрпа-
тўшак. Юзига доғ тушган қорачагина бир жувон орқасига болиш қўйиб, тиззасида чақалоққа
кўйлакча тикяпти. Рангини офтоб оқартирган одеялга чалқамча ётиб олган мўйловдор йигит
яланғоч қорнига боласини миндириб, нималардир деб жаврайди. Уни от қилиб миниб олган
боланинг бир қўлида тешиккулча, бир қўлида қизил қоғозли конфет. Ерда ҳам конфет
қоғозлари. Йигитнинг кўкрагига боши бургут, та-наси одам, оёқ томони балиққа ўхшаган сурат
солинган.
— Қойилман, матрос! — деб юборди Қўзибой, унга ҳаваси келиб.
Электр чироғи кўзни оладиган даражада ёритиб турган чўл ўртасидаги уйда кишининг
ҳавасини келтирадиган қандайдир бир ҳаловат, беозор, осуда ҳаёт гуркираб турарди. Ташқарида
чўл бўрони қутуриб, қумларни чор атрофга пуркади.
Қўзибой билан Кокила бўронда тебраниб, нурда порлаётган осуда оила манзарасидан кўз
узолмай туришарди.
— Сен шу ерда қол, энди мен кетаман.
— Кирайлик, хавотир олганимизни айтайлик-да! Билиб қўйсин ташвиш қилганимизни.
— Асло! — деб унинг гапини бўлди Қўзибой — Келганингни писанда қилмоқчимисан? Йўқ,
хотин. Бировга яхшилик қилсанг, ўзига билдирмай қил, кимга миннатдорчилик билдиришини
ўзи ҳам билмасин. Ана унинг гашти бошқача бўлади.
Кокила яна деразадан қаради. Энди бола «от миниш»дан зерикиб, дадасининг қорнида
ўтириб мудрарди. Бирдан Кокиланинг эсига уйда ёлғиз қолган ўғилчаси тушди. Юрагини
ваҳима босди. «Бола бечора уйғониб, ёлғиз уйда бўрондан қўрқиб ўтирган бўлса-я!»
Кокиланинг кўзига боя йўлни кесиб ўтган бўри кўриниб кетди. Шошиб бориб отнинг
эгарига ёпишди.
— Юринг, кетамиз. Бобир уйғониб қолган бўлса...
Қўзибой илдам эгарга миниб, хотинининг қўлидан тортди. Отнинг сағрисига беозор бир-
икки қамчи тегизди. Жонивор бошини силкиб, йўлга тушди.
Боя қум босган йўлларни энди терс эсаётган бўрон супуриб қўйган эди. Бўрон қутургандан
қутуриб ётибди. Бўкиради, увиллайди. Шу довулга кўкрак тутиб кетаётган эр-хотин бахтиёр.
Уларнинг ҳар иккови ҳам ваҳимали товушларга кулоқ солиб, ўз ўйи билан овора.
Одамзод қизиқ бўлар экан. Бўлмаса, Кокила шу ваҳимали, даҳшатли бўронда кета туриб ҳам
пошнасй бигиздек туфли ҳақида ўйлармиди.
1961 йил.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |