www.ziyouz.com кутубхонаси
182
сапчийдиган олов бола бўлди. Шундай шўх, шундай жанжалкаш бола баъзи пайтларда бирдан
хаёлчан бўлиб қолар, айниқса, кечқурун кўрпага киргандан кейин ухлаёлмай, ярим кечагача
тўлғаниб чиқар эди. Она шундай кезларда унинг бошини силаб, юпатарди.
— Болам, ҳеч ким отасиз ўсмабдими, бўйинг чўзилиб қолди, энди ўзинг ота бўласан, мана
кўрарсан.
Омонтой балоғатга етди, ўнинчини битирди-ю, кўнглига денгизчи бўлиш нияти тушиб,
денгиз томонларга толпиниб қолди. Армияга кетди. Она ёлғиз қувончини қишлоқнинг то
одамнинг қораси йўқолгунча кўриниб турадиган узун кўчасидан йиғлаб кузатиб қолди. Она-
бола орасида ҳат узилмади. Ўғил хизматларидан, денгиз тўлқинларидан ошиб, олис ўлкаларга
боргани, у ерларда нималар кўрганини ёзарди. «Ойижон, чет эл, чет одамлар орасида юриб, ўз
қишлоғимизни, ўз одамларимизни жуда соғиндим» дерди Омонтой ҳар хатида. Она эса: «Болам,
қишлоғимиз, одамларимиз яна ҳам яхши бўлиб кетди, мана, келсанг кўрарсан...» дерди.
Она қариди, ёлғизликда сўлий бошлади. Кейинги хатида: «Жон болам, қариганда тўйингни
кўрай, болангни кўтарай, ҳеч бўлмаса уйланиб, хотинингни олдимга қўйиб кет, сени икки
кишилашиб кутайлик. Қишлоғимизнинг қизлари бўйга етиб, оқи оқ, қизили қизил бўлиб етилиб
турибди. Мана, келсанг кўрарсан...» деб ёзди. Омонтой хизматнинг бир ярим йили қолганда
отпускага келиб уйланди. Она бутун бисотини сарфлаб, тўй қилиб берди. Омонтой оқи оқ,
қизили қизил бўлиб турган қизларга эмас, ўзи билан бирга ўқиган камгап, аммо ашула айтса
ҳаммани сел қиладиган, эртакка уста Илтифотхон деган қора қизга уйланди. Кампир неваралик
ҳам бўлди. Лекин неварасини кўрди-ю, ўғлини қайта кўролмади. Омон қайтиб келганда она
ёруғ дунёдан ўтган эди.
Омонтой она қабрида бутун вужудидан сиқилиб чиққан кўз ёшларини тўкиб йиғлади.
Онасининг кимлигини, қандай она эканлигини гўё энди билаётгандек, қайтмас бўлиб кетгандан
сўнггина билаётгандек аччиқ алам ёшларини тўкиб йиғлади.
Шунақа бўлади, ҳамиша оддий, беқадр бўлиб кўринган нарсалар йўқолганда, қайтиб топиб
бўлмайдиган бўлиб йўқолганда қадри билинади.
Омонтой юртга ош бериб, армонини босгандек бўлди-ю, қишлоқдан Бесарга кўчиб кетди.
Уни Бесар мактабига ўқитувчи қилиб тайинлашган эди. Орадан сал ўтмай, чўл одам чақира
бошлади. Мана бугун икки кундирки, Омонтой кўрпа-тўшагини ортиб чўлга келган.
Ҳали бу ерда унинг кимлигини ҳеч ким билмайди. Таниш-билишлари ҳам йўқ. Илтифотхон
туғруқхонада...
...Бирдан ичкарида шов-шув кўтарилиб қолди. Шу шовқин ичида чақалоқнинг ингаси
қулоққа чалинарди. Омонтой сапчиб ўрнидан туриб кетди. Агар қоровул ушлаб қолмаганда
ичкарига кириб кетарди ҳам. Боя шошганидан ёнига папирос солиб олмаган экан, жуда хумори
бўлиб кетди. Қоровулдан сўради, аксига у ҳам чекмас экан. У ёқдан-бу ёққа безовта бориб-
келиб тураркан, ҳамшира хотин чиқди. «Бу қачон келган экан?» деб дилидан ўтказди Омонтой.
— Суюнчи...
Омонтой нима дейишини билмай ганграб турарди. Охири беихтиёр: «ўғилми, қизми?» деб
сўраш ўрнига:
— Оти нима? — деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Унинг ҳолатини сезиб турган
ҳамшира кулиб жавоб берди:
— Отини ўзингиз қўясиз. Қизча муборак бўлсин, иним!
— Қуллуқ, қуллуқ!... Онаси қалай? Онаси бардамми? Хамшира, хотиржам бўлинг, дегандек
кўзини қисиб қўйди. Омонтой узатган суюнчини олмай қайтарди. У кириб кетгандан кейин
қоровул йигит илжайиб унга яқин келди.
— Ука, суюнчини бизга беринг-да, бу чўл туғруқхонасида биринчи одам туғилиши, биринчи
суюнчини ўзим оламан. Мабодо яримтага етмаса, киссангизда туравергани маъқул.
Қоровул қизиқчилик қилаётган экан, у ҳам пулни олмади. Омонтой хотинининг олдига
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |