www.ziyouz.com кутубхонаси
187
Усмонали аканинг қошлари керилиб, башараси тиришди.
— Ҳалиям хом экансан-ку! Колхоз шу етмиш уч бошдан бўлак кўй боқмайди, шу билан
тамом деб юрибсанми? Бекор айтибсан. Ё пулдан чўчияпсанми? Агар чўчиётган бўлсанг, пулни
мендан ол. Уч йил муддатга қарз бераман. Кўнасанми? Майли, ўйлаб кўр. «Гулистон» рози.
— «Гулистон»нинг пули кўп-да!
— Қараб тур, сеники ҳам кўпаяди. Харажатнинг ярмини давлат кўтаради. Йўқ дема, бари
бир, сен йўқ десанг, ўзимиз ҳам қураверамиз. Кейин бу йўлдан мол ҳайдагани хижолат бўлиб
юрасан.
Кўприк тўғрисида бошқа гап бўлмади. Усмонали ака у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргандан
кейин қўшни колхозга ўтиб кетди.
Орадан беш кун ўтиб, Омонтойнинг қистови билан Қўзибой бу масалани правление
мажлисига қўйди: бу фикрни жуда озчилик маъқуллади. Кўпчилик қарзга ботишни истамай,
ҳозирча кўприк зарур эмаслигини айтишди. Правление кўприк хусусида аниқ бир фикрга
келмай тарқалди.
Омонтой икки марта мотоциклда Қизилсув бўйларини айланиб чиқди. У ҳар гал ўша
томондан қайтиб келганда инженерларнинг хомчўт ҳисобига ҳайрон бўларди.
Кечаси ўғлини ухлатиб қўйиб, мук тушганича қоғозга нималарнидир чизди, нималарнидир
ҳисоблади.
Омонтой бола вақтларида ҳам темир-терсакка ўч эди. Ота фронтдан қайтмаган, ёлғиз қўл
она ногиронликда далада ишлаб дурустгина рўзғор тебратолмас эди. Уйда пилла тутиб, кўрпа
қавиб, тирикчиликни амал-тақал қилиб турарди. Шўх-олов Омонтойга кийим чидамасди. Бугун
кийганини эртасигаёқ йиртар, аллақаёқлардан темир-терсак суриб келиб, кийимларини расво
қилар эди. Онаси, Биринчи май арафасида ўртоқлари олдида ўксимасин, деб қўлига пул бериб,
ўзини бозор куни Марғилонга автобусда жўнатди. Орқасидан: «Этик ол, шим ол, бўйнигга
ўлчаб тўн ол. Белингдаги пулни Қосим акага бер, эҳтиёт бўл, йўқотиб қўйма!» деб тайинлаб
қолди.
Омонтой шаҳарни тоза айланди. Магазин витриналари олдида велосипед тузатадиган
устанинг дўкони олдида эринмай узоқ-узоқ туриб қолди. Айниқса, культмагдаги яп-янги
ялтираб турган мотоцикл кўзини ўйнатди. Сира кетолмади. Хуллас, шундай бўлдики, Омонтой
кечқурун уйга шалағи чиқиб кетган бир эски мотоцикл етаклаб кириб келди. Онасининг кўнгли
озиб қолай деди. Йиғлади, сиқтади. Умрида биринчи марта битта-ю битта ўғлининг юзига
шапалоқ тортиб юборди. Ёш болага пул бериб шаҳарга туширган ўзини куйиб-куйиб қарғади.
— Кошки ўзимнинг пулим бўлса, бировники-я! Энди нима қиламан, эгасига нима дейман?
Бу гапларга Омонтой кўзини лўқ қилиб, бурнини тортиб қулоқ солар экан, кўзидан
мўлтираб ёш оқаётганини сезмасди. Она ўғлининг аҳволига қараб ичи ачишди. Отаси бўлса
унга нималар қилиб берарди! Унда нима айб? Бола бола-да, ҳавас қилади! Дадасиз ўсиб нима
орзу-ҳавас кўрди бола? Она бечора ҳам нима қилсин, қўлида бўлса қараб турармиди. Ўрикка
суяниб қийшайиб турган мотоциклга қараб она йиғлади, бола йиғлади. Охири Қосим акага
эрининг тилла соатини юрагидан суғургандек қарз ўрнига олиб борганда жуда хафа бўлиб
кетди.
— Синглим, хафа бўлманг, бола-да, соатни эҳтиёт қилиб қўйинг. Омонтой катта бўлганда
тақади. Марҳум ўртоғим шу умид билан сизларни менга ташлаб кетганмиди? Пулга муҳтож
эмасман. Ўша пул сизларга менинг ёрдамим бўлсин. Мана бу пулга, — у ёнидан пул олиб,
санаб, уч юз сўм узатди. — Омонтойга байрамга унча-мунча олиб беринг, ўксимасин.
Она бировнинг қўлига қараб қолганиданми, ё Қосим аканинг одамгарчилигиданми, киприк
қоқиб бирдан йиғлаб юборди. Қосим ака уни юпатиб, остонагача кузатиб қўйди. Нимаики керак
бўлиб қолса, тортинмай келаверишини тайинлади.
Она қачонлардир, насиб қилса бу сахий, одамгарчиликни биладиган мурувватли кишига бир
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |