www.ziyouz.com кутубхонаси
195
— Синглим, менда ишингиз бормиди?
— Омон акани излаб келган эдим.
— Қайси Омон? Колхозда тўртта Омон бор, қайси бири?
— Омон Шарипов.
— Э, ҳа, — деди Отабой. — У Омонми? У Омон Чўнг Олойда. Чорвада.
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Отабой трубкани олиб, ким биландир шошиб-пишиб
гаплашди-да, ўқдек отилиб чиқиб кетди. Шарофат ёлғиз қолди. У Чўнг Олойнинг қаердалигини
эшитган: Қизилсувнинг нарёғида. У томонларга етиш осон эмас. Бўшашиб ташқарига чиқди.
Офтоб кўзни олади. Шифер том тепасидаги телевизион антеннага қўнган мусичага икки
бола тош отади. Йўл четидаги қирғоққа сапчиб оқаётган лойқа сувда бир бола қоғоз кема
оқизади, унинг кетидан эргашган бола, дўпписидан кўм-кўк довучча олиб, қарсиллатиб
чайнайди. Муюлишга етмасдан икки ҳовли берида янгигина, ҳали номери ҳам йўқ яшил
«Москвич» турибди. Довучча чайнаётган бола машина деразасига тирмашиб, сигнал бериб
қочди, нарироққа бориб эшик орқасига беркинди. Машина сигналига уйдан бир йигит чиқди. У
ёқ-бу ёққа аланглаб болани кўрди-ю, ёлғондан пўписа қилиб, уни қувламоқчи бўлди. Бола
қочди, йиқилиб дўпписидаги довуччалар тўкилди, йиғлади, бе-риги уйдан югуриб чиққан
Кокила болани даст кўтариб, тупроққа беланган юзидан, кўзидан ўпа бошлади. Кейин бояги
машинанинг эшигини очиб, болани кабинага ўтқазиб қўйди. Энди бола кучининг борича сигнал
берар, қийқириб куларди.
Буларни кузатиб турган Шарофат беихтиёр кулиб юборди. Кокила нотаниш жувоннинг
олдига келди.
— Ҳа, ўртоқ, сиз ҳам чўл қувлашга келдингизми? Жуда соз бўпти-да!
— Омон акани излаб келдим, — деди Шарофат Кокилага бошдан-оёқ қараб.
— Омонжон чорвадалар. Ҳали соат тўртда Олойга вертолёт кетади. Йўл юриб
чарчагандирсиз. Юринг, тамадди қилиб олинг.
Шарофат унга итоаткорлик билан эргашди. Эндигина палаги ниш уриб чиқаётган қовун
полизни ёқалаб колхоз меҳмонхонасига келишди. Кокила эшик олдида ёстиқ жидди, сочиқ,
кўрпа ғилофларини юваётган семиз бир жувоннинг биқинини чимдиб ўзига қаратди.
— Ҳой, бўктик, битта чой дамлаб бер!
Жувон билагидан совун кўпикларини сидирар экан, қошларини чимирди:
— Ана, самовар қайнаб турибди, нима, ўзинг дамлаб олсанг эт-бетинг камайиб қоладими!
— Раиснинг хотини бир нима дегандан кейин дарров хўп дегин.
Бақалоқ жувон қўлидаги сочиқ билан Кокиланинг икки ўрим сочи савалаб турган жойига
бир урди. Ёлғондан қочмоқчидек лапанглаб чойнак кўтариб уйнинг орқасига ўтиб кетди. Улар
ичкарига киришди. Меҳмонхона ичида сурат солинмаган биронта девор қолмаган, шифтда ҳам,
шкаф ойналарида ҳам сурат. Иккита каравот тепасида клеёнка орқасига ишланган манзара. Кўл,
оқ ўрдак, қизил осмон, ярми кўк, ярми қизил сув.
Бу суратларни мутлақо санъатга алоқаси бўлмаган бўёқчи ишлагани шундоққина билиниб
турарди. Бу суратларнинг бирида дарё, кўприк, йўл тасвирланган. Осмонда самолёт, кўприкда
поезд, дарёда кема, йўлда пахта ортган юк машинаси.
Кокила меҳмоннинг суратларга қараб ажабланаётганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
— Отабой ўлгурнинг қилган иши-да. Арзон тушади деб шаҳардаги артелдан патнис
бўяйдиганни эргаштириб келибди. Шифтдаги гуллар ҳосилотнинг уйидаги патнисларга қараб
солинган.
Шарофат учун бу суратлар дадасининг қанча минг сўмлаб сарф қилиб чиздирган
суратларидан, бу уй унинг қимматбаҳо жиҳозлар билан тўлиб кетган ётоғидан соддалиги билан
минг марта аъло эди. Шарофат икки пиёла чойни қайноқ-қайноқ ичиб, кўзи илина бошлади.
Кокила оёқ учида ташқарига чиқиб кетди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |