www.ziyouz.com кутубхонаси
199
ариқ томонга ўтди. Уста тепага келган қуёшга кўзини қисиб қараб: «Айни тушлик пайтида
келибмиз», деди. Трактор ернинг нариги бошида тўхтаб, ундан конбинезон кийган ўрта яшар
бир жувон тушди. У шийпон томонга қараб олдида ўлчов симига қозиқ коқаётган кишига
нимадир деб қичқирди.
Бирин-кетин шийпонга одам йиғила бошлади. Тракторчи жувон Устани кўриб: «Ҳа,
домлака, нима қилиб юрибсиз!» — деди унинг қўлидаги дуторга ҳайрон бўлиб қараркан.
— Меҳмон бошлаб келдим, қизим. Дуторингни эшитгани атайлаб узоқдан келишибди. Йўқ
демай чалиб бер, Инобат қизим.
Инобат қорамой бўлиб кетган қўлларини латта билан артиб, дуторни олди. Тик турганича
бир тиззасини сал букиб кўтарди-да, дутор пардаларини қулоғи яқинига олиб бориб созлай
бошлади.
— Нимани чалиб берай? — деди у шийпон зинасига оёқ қўяр экан.
— Нимани чалиб берсин? — дея бизга юзланди Уста.
Мен ундан Уста аканинг Йўлдош отага чалиб берган «Фарғона танавори»ни чалишини
илтимос қилдим.
Инобат кўрпача устига ўрнашиб ўтириб олгандан кейин дастрўмолини ҳўллаб, торларни
артиб, устасининг салобати босаётгандек журъатсизлик билан куйни бошлади. Ер остидан
ҳамроҳимга қарадим. У гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўчокдан чиқаётган тутунга лоқайд қараб
ўтирарди. Аввалига ҳиссиз, шунчаки бошланган куй бирданига ўтирганларнинг хаёлини олиб
қўйди. Инобат кўзларини юмиб, ўзи чалаётган куйдан ўзи таъсирланиб тебранар, гоҳ кўзини
очиб офтобда гулхандек ёнаётган адирдаги лолаларга қарар, гоҳ бошини сал орқага ташлаб
шифтдаги қалдирғоч уясига тикилганича киприк қоқмай туриб қоларди. Қўллари пардалар
устида эркин йўрғалар, гўё дутор дастасини эзиб ундан анвойи оҳангларни сиқиб олаётгандек,
бармоқлари эса торларни худди қалбни тирнаётгандек тимдаларди. Одам қалбига тоғ ҳавосидек
ёқадиган куй яратаётган мана шу қўллар бундан бир неча минут илгари оғир трактор
мурватларини бошқарганига сира ишонгим келмасди. Бу куй менга ёшлигим, болалигимни яна
қайтариб келди. Торларнинг гоҳ денгиз довулларидек шиддаткор, гоҳ саҳар елларидек юмшоқ
садолари йиллар ўтиб қалб қаърида унутилиб кетган ажиб болалик ҳисларини туғёнга келтирди.
Вужудимда ҳалигача ҳеч ким билмаган ва ҳеч ким қилолмайдиган аллақандай зўр, жуда ҳам зўр
ишлар қила олишга қодир бир куч пайдо бўлаётгандек эди. Дуторига жўр бўлгим, атрофда мавж
уриб турган баҳор манзараларини қўшиққа солиб куйлагим келарди. Ҳамроҳимга қарадим:
унинг кўзида ёш йилтирарди. У иягини кафтлари орасига олиб жимгина ўтирар, елкаси тез-тез
силкинаётганини сезмасди.
Негадир Уста Мақсуднинг юз-кўзида ҳаяжон сезмадим. У куйнинг одамларга таъсиридан
кўра, ижрочининг торни қандай чертишига, пардаларни қандай босишига кўпроқ диққат
қиларди. Устанинг кўз қарашларида, юз ифодаларида адашмасмикан, усулдан чиқиб
кетмасмикан, деган ташвиш сезилиб турарди.
Назаримда, бу уста санъаткор узоқ йиллар меҳнат машаққат билан топган хазинасини
эритиб, шогирдининг қалбига қуяётганга ўхшарди. Инобат эса бу санъат гавҳарининг устидаги
чанг-ғуборни артиб, унга янги жило, янги сайқал бериб кишилар юрагига олиб кирарди.
1960 йил.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |