www.ziyouz.com кутубхонаси
192
— Майли, қўя қолинг бўлмаса. Ўзимиз бир амаллаб эплаштирамиз. Кунимиз Отабой акага
қолган бўлса, тоза бўлган экан.
Қиз ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, эшик очилиб Омонтойнинг мўйлови кўринди. Раис
шошиб қичқирди:
— Ҳой, Мўйлов, бу ёққа кир! Совуқ сувдан ҳам зарур бўлиб турган эдинг.
Омонтой нима гап дегандек бир қизларга, бир раисга қараб анграйиб турарди.
— Оғайни, манови қизалоқларнинг додларини эшит. Қўзибой унга ҳозирги бўлган гапни
айтиб берди. Отабой Омонтойни жуда яхши кўрарди. Унинг қизиқ-қизиқ гапларини эшитиб
қотиб-қотиб кулар, ғайратига, қилган ишларига қойил қоларди. Омонтой ҳам уни эритиш
йўлларини биларди. Ҳеч ким, ҳатто раис ҳам ундиролмаган нарсаларини Омонтой икки оғиз гап
билан ундириб кетарди.
Маслаҳат билан Отабойни шу ерга чақирадиган, гапни аввал Омонтой бошлайдиган бўлди.
Зум ўтмай, қўлида калит, кўзойнаги пешонасида Отабой кириб келди. У ҳамма билан бир-
бир кўришиб чиқ-қач, раиснинг столига бир қоғоз қўйиб, хитоб аломатидек, қаққайиб туриб
олди.
— Бу нима? — деди Қўзибой қоғозга қараб.
— Чойхонадаги телевизорни тузаттиришган экан, пулини бузган одам тўласин, мен
тўламайман.
Қўзибой, бу иш бир гап бўлар, деб қоғозни стол тортмасига солиб қўйди.
— Омонтойнинг сизга гапи бор экан, эшитинг. Омонтой бир йўталиб гап бошлади:
— Отабой ака, қизлар сизни тўйга айтиб келишибди. Куёв етим бола. Қуда томон билан
олиқ-солиққа ўзингиз туриб берасиз. Тўйбоши қилиб правление сизни тасдиқлади. Билиб
қўйинг, агар тўй яхши ўтмаса, ўзингизни яхшилаб муҳокама қиламиз. Тўйда мундоқ соқол-
поқолни тарашлаб, орденларингизни тақиб олинг.
Отабой ёйилиб илжайди.
— Боплаймиз, матрос бола, бу ёғидан хотиржам бўлаверинг. Куёвни менга рўпара қилиб
қўйинг, дастмоясини эконом қилиб, яхши тўй қилиб бераман.
Омонтой дўпписини пешонасига суриб, қоқ миясини қашиб раисга маъноли қараб қўйди.
Раис, бўш келма, дегандек унга имлади.
— Гапимга тушунмабсиз, — деди Омонтой унга жиддий тикилиб. — Тўй колхоз ҳисобидан
бўлади.
— А? Харажатни қайси моддадан оламан?
— Қайси моддага тўғри келса ўшандан-да!
— Ревизия комиссияси нақ мени ғажиб ташлайди-ку!
Қўзибой «хотиржам бўлавер» деб уни совута бошлади.
— Бу ёғини келишиб олганмиз. Маданий-оқартув фондимиз ҳисобидан смета қилинглар.
Билиб қўйинг, чўлда биринчи тўй бўляпти-я! Бу халқаро иш. Ешлар билан ҳазиллашманг, агар
шу ишни бузсангиз, кейин чатоқ бўлади, бир айтиб қўрадим-да, ҳа.
Раиснинг пўписа қилиб «халқаро иш» деганидан кейин Отабой сал бўшашди. Лекин,
жавобгарлигини олмайман, олдин қарор чиқариб, ҳужжатларни михдай қилиб берасизлар, деб
туриб олди. Раис рози бўлди. Қизлар кечқурун Омонтой билан унинг олдига келадиган
бўлишди. Бир соат олдин ҳамма гапга кўниб чиқиб кетган Отабой кечга бориб айниди-қўйди.
Китоб-дафтарларини роса варақлаб: «Ҳеч қайси моддага тўғри келмайди» дебди-ю, омборни
қулфлаб кетибди. Кокила қидириб, уни уйидан топди. Бир челак илиқ сувга марганцовка солиб,
оёғини ботириб ўтирган экан. У Кокилани кўрди-да, шимининг почасини тушириб, тиззасини
ёпди. Хотини Шодмон хола ўчоқдан бир хокандоз чўғ олиб чиқаётган эди, шошиб қолганидан
Кокила билан хокандозни унинг елкасидан ошириб кўришди.
Шодмон хола Отабойдан етти ёш катта, баъзи ҳазилкашларнинг гапига қараганда, у
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |