www.ziyouz.com кутубхонаси
188
яхшилик қилишни дилига тугиб қўйди.
Омонтой ўша эски мотоциклнинг у ёқ-бу ёғини титкилаб, охири юргизди. Колхоз
устахонасидагиларнинг мия-сини ачитиб, ҳали ундан у асбобни, ҳали бундан бу асбобни сўраб,
эшитадиган гапини роса эшитди. Бу хира, ўз сўзли бола охири устахонадагиларнинг меҳрини
ўзига тортди. Омонтой деярли ҳар куни устахонага келар, нима балоларни ясаб, уйига олиб
кетар эди. Ёз ойларининг бирида Омонтой бирваракайига ўн кунча устахонага келмай, йўқ
бўлиб кетди. Бола ўша кезларда томорқадаги ҳужрага кириб олиб, одамнинг ғашига тегадиган
товуш чиқазиб темир арралар, дарахтларга сим тортиб, лампочкалар илар эди. Онаси бир кун
даладан қайтса, айвоннинг шифтида электр ёниб турибди! Томорқада мотоцикл тинмай
потиллайди. Ҳовли тўла бола.
Айвоннинг деворига чойшаб осилган. Унда нима балолар лип-лип қилиб кўриняпти. Бу
Омонтойнинг «кино»си эди. У онасининг кўзойнагидан, нон қутисидан, қўл машинасининг
ғилдирагидан кино аппарати ясаган эди. Қишлоққа келадиган кўчма кинонинг уқувсиз
механиклари узиб ташлаган ямоқ ленталардан йиғиб, олақуроқ «кинофильм» қилган эди. Унда
Тарзан, Радж Капур, Чарли Чаплин, Бағдод ўғриси ҳамда ҳар хил жосуслар бор эди.
Ҳамма ёқни ивирситиб юборган болаларни ҳайдашга онанинг кўнгли бўлмади. Бир чеккада
ўтириб у ҳам «кино» кўрди.
Ана шу воқеадан кейин Қосим ака, болани инженерликка ўқитиш керак, деган ўй билан
онасига маслаҳат солди. Аммо Омонтой бирдан матросликка ҳавас қилиб қолди-ю, ўнинчини
битириб, денгизга қараб кетди.
Бугун Омонтой Қизилсув бўйларини айланиб келгандан кейин кўприк қуриш ҳақида уни,
инженерлар айтганча бир миллионга эмас, олти юз минг сўмча харажат қилиб, яхшилаб қуриш
мумкинлигини исбот қилмоқчи бўлди. Ҳозир у мук тушганча қоғозда ана шуларни ҳисоблаб
кўрмоқда. Вақт алламаҳал бўлиб қолган.
Таваккалжон у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилиб: «Ая!» деб ижирғанди. Омонтой бориб
унинг юзидан ўпди-да, кўрпасини устига тортиб, ёстиғини тузатди.
Ҳамма вақт шовқин-сурон, тўполон билан яшаган, бола табиати ҳатто ота бўлгунча
сақланган Омонтой ўғлига қараб туриб бирдан катта бўлиб қолганини сезди. Боласининг пиш-
пиш нафас олиб ётганини кўриб, ўз дадасини, онасини эслади. Чўлга туз-насиба тортиб
келганидан тортиб хотини, шу чўлда туғилган, ҳозир туғруқхонада тамшаниб ётган чақалоғи
Бўстонгача бир-бир кўз олдидан ўтаверди. Онаси тирик бўлганда қандай бўлар-ди-я!
Неварасининг пешонасидан ўпарди, стол устидаги қоғозларига қараб: «Кўпригинг ҳам битади,
мана кўрарсан!.. деб унинг юрагига далда берарди.
Омонтой ўғлининг юзига юзини қўйиб, бирпас ором олмоқчи бўлди-ю, кўзини уйқу босиб,
мудраб кетди. Отабойнинг хўрози қичкирганини ҳам сезмай, донг қотиб ухлаб қолди.
Ташқарида биров гугурт чаққандек, тонг ёришиб келарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |