www.ziyouz.com кутубхонаси
174
ўйлаб тек ўтирарди. Кампир ўзларинг бир нима денглар, дегандек бизга қарайди. Ҳамма жим.
Бу жимликни Қўшоқ ота бузди.
— Жуда хунук иш бўлди-да. Онаси зор қақшаб қидириб юргандир. Отаси бўлса...
Чолнинг гапи оғзида қолди, Бургут «Отаси чорт с ним» деб русчалаб юборди.
— Фарзанд-да, ахир. Бўладиган бўлса — очиқ-ойдин қилиш керак эди... Эртага элнинг
оғзига тушади, унда нима деган одам бўламиз, халқ нима дейди?
— Халқми, — деди Бургут, — халқ, маладэс, дейди.
Бояттан бери судга тушган гуноҳкордек ҳамманинг кўзига қараб ўтирган Ғанивойга бирдан
жон киргандек бўлди.
— Э, дийдорингдан айланай. Бургутим, гапир, гапир шунақа.
Кампир топиб келган насиҳатгўйидан куйганини билиб қолди.
— Энди гап шу, — деди Бургут, чўрт кесиб, — Ғанивой жуда бопта иш қипти, бунақа ишни
йигитнинг хўрози қилади. Қиз рози, йигит рози, вассалом. Ким нима деса деяверсин. Маладэс!
Қизни зўрлаб сотадиган замон ўтиб кетган. — Бургут ҳовли томонга қараб қичқирди. — Ҳў,
Ойшахон синглим, бир баққа қараб кетинг! Ойшахон деразадан қаради.
— Шу иш сизнинг розилигингиз билан бўлганми, тўғрисини айтаверинг.
— Агар ўзим рози бўлмасам, тракторга сургатиб ҳам опкелолмасдилар.
— Шу гапдан, қайтмайсиз, а? Бўпти, битта универсал сизники, потиллатаверасиз. Қайси
звенога қўяйлик.
— Эрим қайсинда бўлса мени ҳам шунга...
— Вой шўрим, — деди кампир юзини тирнаб, — на никоҳ, на закска қоғозсиз, эрим дейди-
я... Вой, мусулмонлар, ҳеч бўлмаса Ўрик домлани чақириб, никоҳлаб қўйинглар.
— Кўп вайсама, — деди чол зарда билан, — Ўрик домла сен айтган диний домлалардан
эмас, илм домласи, янгича китоб ўқийдиган домла! Розиман, раҳмат сизга, қизим, бир боламни
шунча иззат қилиб, осмон никоҳини бузиб кепсиз, юрагингизга балли. Энди мундоқ қилсанглар,
эртага район тушиб, дадангиз билан энангизга юз кўрсатиб келсангиз. Ҳарна қилса ҳам
фарзандлик қарзи, Майли, Ғани ҳам борсин.
— Бормайман! — деди Ойша қатъий қилиб.
— Жон болам, айланай болам, энангизга раҳмингиз келсин.
Маслаҳат билан Ойша уйга бориб келадиган бўлди, фақат уч кундан кейин, эри билан бирга
бормоқчи бўлди.
Бургут қизиқчиликка уларни «никоҳлаб» қўйди.
— Биби Ойша ибни Умарали қизи, Ёзёвон РТС механиги, орденли Ғани Қўшоқ ўғлини
никоҳингизга қабул қилдингизми?
— Пажалста, қабул қилдим, — деди Ойша учун атайин хотинча ингичка овоз билан
Ғанивой.
Ойшанинг ўзи ҳам пиқиллаб кулиб юборди.
Эртасига чиллали келин Бургутнинг участкасига шудгор кўтаргани универсал миниб келди.
У қулоғига бир даста гунафша қистириб, атайин келинлигини билдириш учун юзига билинар-
билинмас қилиб упа қўйиб, кўкрагига пастга қаратиб, чучмўма тақиб олган эди. Ундан гуп-гуп
атир ҳиди анқир эди.
Бургут унга ҳайдаладиган ерни кўрсатиб берди. Ойша моторни ўт олдириб, рулга ўтирмоқчи
бўлиб турган эди, узокдан мош ранг «Победа» кўринди. Ойша бир нимани сезгандек қўл
силтаб, тракторни ҳайдаб кетди. Қиши билан қор сувини шимиб кўпчиган ер палахса-палахса
бўлиб кўча бошлади. «Победа» келди. Ундан ширакайф «куёв» тушди. У ёқ-бу ёққа қарамай
трактор кетидан югурди. Ойша атайин уни кўрмаганга солиб руль бошқариб кетаверди.
— Тўхта, ўттиз икки минг сарф қилганман, судга бераман.
Ойша қўл силтади. Куёв елдек югуриб трактордан ўтиб кетди-да, йигирма метрча нарига
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |