Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
www.ziyouz.com кутубхонаси
172
ЛОЧИН
Эрталаб Ўрик домла райондан қайтиб келди. Унинг оғзи қулоғида, қиқир-қиқир кулади.
— Неваралар муборак бўлсин, домла, — деди Бургут унга чой узатар экан.
— Қуллуқ, қуллуқ, болам, омон-эсон қутулибди ишқилиб.
Домла чой устида қизиқ бир ҳангомани айтиб берди.
— Туғруқхонага кетаётсам райторг Умаралининг уйида қарс-бадабанг ўйин-кулги. Қизини
чиқазаётган экан. Эшигининг тагига машина тиқилиб кетган. Ичкарига қисташди, узримни
айтдим. Қайтишда киришга ваъда бериб ўтиб кетдим. Кўнглим хотиржам бўлиб қайтиб келсам,
тўйхонада олатасир тўполон. Умарали ғирт маст, оғзидан
боди кириб, шоди чиқиб хотинини
сўкади, ёр-ёр айтаётган яллачининг қўлидан чирмандасини олиб, кўзимнинг олдида жаҳл билан
кетмон дастасига уриб қолса бўладими, чирмандани дастага тешикулча қилиб кийгизиб қўйди.
Нима гаплигини ҳеч ким билмайди, ҳамма ҳайрон.
Куёв Умаралининг этагидан ушлаб олган. Худди янги туғилган бузоққа ўхшаб оёғида аранг
туради. Юрса гандираклаб, кўрга ўхшаб одамларни пайпаслайди, оз бўлмаса ер ўчоққа тушиб
кетай деди. Хайрият, ошпаз этагидан тортиб қолди.
Шивир-шивир гап бўлиб қолди. Нима дейсан, келин хуштори билан қочиб кетибди.
Ичкари ҳовлидан хотин кишининг чапак чалиб йиғлагани, эркак кишининг сўккани
эшитилди. Тўй тарқади. Куёвнинг отаси берган қалинини қистаб қолди. Умарали сатта ўзини
мастликка солиб гапни чалғитади:
— Топаман, ернинг қаърига кириб кетган бўлса ҳам тортиб чиқаман. Осмонга учиб кетган
бўлса — бор мул-кимни, «Победам»ни ҳам, хотинимнинг бўйнидаги ўн тўрт қават дурни ҳам,
ҳовли-жойни ҳам сотаман. Спутник сотиб олиб, орқасидан қувиб чиқаман.
Умарали шу
гапларни айтди-ю, сабзи тўғраб қўйилган бўйранинг устига йиқилиб, учиб
қолди. Куёв боя қайнотаси чирмандасини тешиб қўйган
яллачининг пешонасини силаб, толеи
йўқлигидан, аввалги хотини ҳам бевафолик қилиб бошқа бировга тегиб кетганидан нолиб, йиғи
бошлади. Яллачи шилқимлик қилаётган «бетоле» куёвни силтаб ташлаб чиқиб кетди.
Хижолатликда томоғимдан бир қултум ҳам чой ўтмади. Чиқиб кетдим.
Ўрик домла ҳикоясини тугатиб, совуб қолган чойни шимирди.
Мен унинг гапларига қулоқ солиб ўтириб, «ҳаҳ, ўрик аралашмаган гапинг ҳам бор экан-ку!»
деб дилимдан ўтказдим.
— Ҳай, майли болам, энди менга жавоб. Ҳаво яшнаб келди, кўчатлардан хабар олиб қўяй.
Чол хайрлашиб чиқиб кетди. Бургут кўчагача уни кузатиб қайтишда олтмиш ёшлардаги
кампирни бошлаб кирди.
— Хизмат, ая, бобой яхши юрибдиларми?
— Шукур, шукур, болам.
— Ғанивой қалай, кўринмай қолди-ку?
Кампир Бургутнинг сўроғига жавоб бермай, кўзини ерга қаратди.
— Нима бўлди?
Кампир бесаранжом бўлиб қолди:
— Йўқ, ҳеч гап бўлгани йўқ.
— Айтаверинг.
— Ўзингизга айтадиган гапим бор.
Буларнинг гапига халақит бераётганимни сезиб қолдим. Кампир ҳушёрлик қилиб Бургутни
ҳовлига имлади. Уиинг кетидан чиқиб кетган Бургут анча ҳаяллаб қолди, сал фурсатдан кейин
ҳовлидан унинг ўтин ёргандек қарсиллаб кулгани эшитилди.
Бургут уйга қайтиб кирар экан, ўзидан-ўзи кулар, ҳадеб «маладэс, маладэс» деяр эди.
— Қани юринг, меҳмон, бир жойга бориб келамиз.