134
Унинг товушидан ёқимли нарса бормикан бу дунёда. Бахт нималигини
унутиб қўйгандим, ҳозир эса жуда бахтлиман, нега уни ўз қўлларим билан
йўққа чиқаришим керак?
Шу дамда кучли оқим ичидан бир олов менга келиб урилди ва қаттиқ
итариб қандайдир жисмга олиб бориб урди.
Бутун танам билан катта
тошга урилиб ўпкамдаги охирги ҳаво ҳам чиқиб кетди. Оғир нимадир
Эдварднинг ёнидан узоққа, океан тубига судраб кетди.
― Алвидо,
мен сени севаман, — хаёлимдан ўтган сўнгги фикр шу бўлди.
XVI боб. Иккиланиш
Сўнгги лаҳзаларда бошим қаттиқ нарсага урилди. Қизиқ. Мен чўкиб
кетяпман деб ўйлагандим. Лекин оқим ҳамон сусаймаган, ҳар
томонга
ирқитар ва ҳар сафар икки курагим орасига қаттиқ зарба келиб тушарди.
Ўпкам сувга тўлганидан куйдириб ачишар, атрофимда тўлқинлар гир
айланса-да, мен жойимда қотиб қолгандек эдим.
― Нафас ол! ― хавотирга тўла овоз менга буюрарди. Бу Эдварднинг
товуши эмаслигини сезиб ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Буйруқни
бажаришга ҳолим йўқ эди, оғзи-бурнимдан шаршарадек отилаётган сув
нафас олгани қўймасди. Елкамга яна бир зарба урилгач, сув яна нафас
йўлларимни тўсиб қўйди.
https://telegram.me/e_kutubxona
135
― Нафас ол, Белла, бўла қол, — йиғламоқдан бери бўлиб ўтинарди
Жейкоб.
Кўзимни қоплаган қоп-қора тўр қуёш нурини тўсиб атрофни зимистон
этганидан ҳеч нимани кўрмасдим. Жейкоб яна икки курагим орасига
урганида, ниҳоят боядан бери қояга урилмаётганимни, атрофимдаги оқим
шовқини ҳам аслида фақат миямда акс-садо бераётганини тушундим.
Бошим қаттиқроқ айлана бошлади. Балки аллақачон нариги
дунёдадирман, атроф зулмат билан қопланганидан бу хаёлим ўзимга
ҳақиқатга яқиндек туюлди.
Жейкобнинг қўлида латта қўғирчоқдек осилиб кетарканман, ҳозир ўзим
ётган қирғоққа қарадим. Қоп-қора тўлқинлар менинг омон қолганимдан
норози бўлиб исён қилаётгандек қирғоққа бор кучи билан уриларди. Узоқ-
узоқлардан эса қоп-қора сув сатҳида олов учқунлари кўзимга ташланди.
Бу ғалати ҳодисадан ҳайрон бўлиб, ҳали яхши ҳушимга келмадим
шекилли деб ўйладим.
― Мени қандай топдинг? ― сўрадим Жейкобдан хаёлларимни йиғиб.
― Сени қидириб юргандим, ― деди у оддийгина қилиб. — Пикапинг изи
бўйлаб кетавердим, кейин қичқирганингни эшитдим... ―
унинг овози
титраб кетди. ― Нега қоядан сакрадинг, Белла тўфон бошланаётганини
сезмадингми?
Мени кутиб турсанг бўларди-ку?
― Кечир, аҳмоқлик қилдим.
― Ростдан ҳам аҳмоқона иш. Илтимос, бундан буён мен ёнингда
бўлмаганимда ўзингни қалтис ишлардан тийиб юргин... Йўғимда қоядан
сакрашинг мумкинлигини ўйласам, диққатимни жамлаб, ишлолмайман.
― Хўп... — итоаткорона рози бўлдим. Овозим эски кашандаларникидек
хирқираб чиқди. — Бугун нимадир бўлдими, уни топдингларми?
― Йўқ, — бош силтади Жейкоб югуришдан тўхтамай. ― У сувдан
чиқмади.
У сувга тушиб олса, изини йўқотамиз. Пляждалигингни ўйлаб, уйга
шошилгандим...
― Сэм сен билан келибди... бошқа
болалар-чи, улар ҳам уйдами?
Барчалари қидирув ишларидан соғ-омон қайтганидан умидвор эдим.
― Шунақа деса ҳам бўлади... ― деди Жейкоб. Юз-кўзидан нимадандир
қаттиқ хавотирдалиги сезилиб турарди.
― Боя Сэмга касалхона ҳақида гапиргандек бўлдингми, ҳеч ким
жароҳатланмадими?... У билан жанг қилдингларми? — овозим борган
сайин пасайиб борарди.
― Йўқ. Уйда Эмили ёмон хабар билан кутиб олди.
Гарри амакининг
юраги хуруж қилиб қолибди...
Юрагим тўхтаб қолгандек бўлди.
― Нега... ― дедим нима дейишни билмай. ― Дадам биладими?
― Ҳа. Менинг дадам ҳам ёнида.
― Гарри тузалиб кетади... Тўғрими?
― Тузаладиганга ўхшамаяпти, — Жейкобнинг қовоқлари осилди.
Do'stlaringiz bilan baham: