Амир Темурнинг Ўзбекистон Республикаси ва Франция ўртасидаги маданий алоқаларда ўрни ва роли
Низомий номидаги ТДПУ 1-курс магистранти Д.Ғ. Мирзаев
Дунё тарихида ҳеч қандай давлат йўқки, ўз қобиғига ўралиб бошқа давлатлар билан алоқага киришмаса. Ҳозирги глобаллашув даврида халқаро алоқаларга киришиш давр талаби ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ҳам турли соҳаларда фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. “Давлатимизнинг ташқи сиёсат соҳасидаги ёндашуви ва позитсияси ҳаммамизга яхши маълум. Биз жаҳондаги илғор давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ва амалда жорий этишни олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири деб ўйлайман1” деб таъкидлаган эди давлатимиз рахбари Ш.М. Мирзиёев. Халқаро алоқаларнинг йирик тармоғи сифатида Ўзбекистон Республикасининг маданий соҳадаги халқаро алоқалари кўлами кенг ҳисобланади.
Маданий алоқлар ҳақида сўз юритар эканмиз айниса Ўзбекистоннинг Франция билан маданий алоқаларининг ривожида Амир Темурнинг ўрни каттадир. 2018 йилнинг 8-9 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Францияга расмий ташрифи доирасида Франция давлатимиз раҳбарининг расмий ташриф билан келган Европадаги биринчи мамлакат эканлигини қайт этиб, ХV аср бошида буюк соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён давом этиб келаётган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч мамлакатларимизни боғлаб туришига эътибор қаратди2. Ўрта асрларда қудратли давлатга асос солган Амир Темурнинг Франция ҳукмдорлари билан ўзаро алоқалари ҳақидаги мактублари ҳозиргача сақланиб қолган ва таржима қилинган. 1402 йилда Карл VI Амир Темур билан мустаҳкам сиёсий алоқаларни ўрнатишга интилди. Улар ёзишмаларининг бир қисми Франция ҳужжат архивида сақланади. Мазкур мактубларда Амир Темур қиролнинг шарққа нисбатан сиёсатини қўллаб қувватлаган ҳолда ўз давлати билан Франция ўртасидаги савдо-сотиқ йўлга қўйилишининг аҳамиятга эътибор қаратади: “Бизнинг у улуғ амирдан кутганимиз шулдурки, доимо бизга шоҳона мактубларни юбориб, саломатликларини билдириб турсалар, токи биз хотиржам бўлгаймиз. Яна сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб юрсалар, биз бу ерда уларни азизу мукаррам тутғумиздирб шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафларга юборилса сиз ҳам уларни азизу мукаррам тутсангизб ҳеч ким уларга зўрлик қилмаса ва зарар заҳмат етказмаса! Чунки дунё савдогарлар билан ободдир!»3
Францияда Амир Темурнинг номи халоскор сифатида тушунилади, шунинг учун ҳам француз тадқиқотчилари томонидан Амир Темур ва Темурийлар даврига оид кўплаб илмий ишлар тайёрлнган. Француз тадқиқотчиларининг Ўзбекистонимиз ҳамда Жаҳон тарихи солномаларида муносиб ўрнига эга Амир Темур ва унинг авлодлари ҳар қандай сиёсий ва мафкуравий ақидалардан ҳоли бўлган холис фикрлари Соҳибқирон ва Темурийлар сулоласига адолатли баҳо беришда қўл келиши аниқ4.
Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейининг 1996-йил 21–24-апрел кунлари Франция пойтахти жаҳон маданияти маркази бўлган Париж шаҳрида ЮНЕСКО ташаббуси ва раҳбарлигида нишонланиши, унда Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг иштирок этиши ва нутқ сўзлаши улкан воқеага айланди5. ЮНЕСКО қароргоҳида «Темурийлар даврида фан, маданият ва маорифнинг гуллаб яшнаши» мавзуида халқаро конференция ва кўргазма уюштирилди. Ўзбек санъат усталари Париждаги «Одсон» театри ва ЮНЕСКО қароргоҳида катта концерт дастурларини намойиш этишди. Париж ва ЮНЕСКО доирасида бутун дунё уни беқиёс завқ-у шавқ, олқишлар билан кутиб олди6.
Ўзбек халқи тарихида олтин давр ҳисобланган Темурийлар уйгониш даври хусусида дунё адабиётларида кўплаб тарихий-илмий китоблар, тарихий романлар ҳамда саҳна асарлари яратилган. Ўзимизда эса яқингача Амир Темур ва унинг авлодлари золим подшолар сифатида талқин этиб келинган. Гарчанд Темурийлардан буюк давлат арбоблари, жўмард саркардалар, бунёдкор шоҳлар, буюк олим ва муттафаккирлар, эл ардоқлаган шоир ва меъморлар етишиб чиққан бўлсада, ҳақиқатни айтиш вақти мустақиллик туфайли кириб келди7.
Амир Темурнинг шахсий фазилатлари, давлатни бошқаришда ҳуқуқий асосни яратганлиги, бунёдкорлик ишларини олиб борганлиги ҳамда маданият ривожига ҳомийлик қилганлиги француз олимларини диққатини ўзига жалб қилди. Темурга тенг келадиган кам топилади ундан ўтадиган эса топилмаса керак, унинг номи Искандар, Доро, Цезар, Чингизхон, Бонопартлар билан ёнма ён туради. Темур инсоният тарихининг буюк сиймоларидандир8.
Жаҳон шарқшунослигида Амир Темур ҳақидаги асарлар кўплаб топилади. Энг кўплари Соҳибқироннинг замондошлари томонидан у билан бевосита сухбати ёки кўрган ва эшитганлари ҳақида ёзилган муаллифларнинг асарларидир. Европа тарихшунослиги ҳам четда турмай ХVII-ХVIII асрлардан бошлаб Соҳибқирон ҳақида дастлабги мақолалар пайдо бўла бошлайди. 1913 йилдаёқ немис олими М.Дагенхарт Европа тарихшуносларининг Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган асарлар рўйхати-библиографиясини чоп этди. Таниқли француз олимлари Л.Керен “Тамерлан ёхуд Соҳибқирон салтанати” (Нюшател, Швейтсария, 1978), Ж.П. Ру “Тамерлан” (Париж, 1994), номли китобларида ҳар бири Амир Темур ҳақидаги 100 дан ортиқ рўйхатни келтирган бўлсалар, “Улуғбек-астронимия султони” (Париж, 1994) номли тўпламда 40 асар, “Самарқанд 1400-1500: Тамерлан пойтахти: салтанат ва Уйғониш юраги” (Париж, 1995) номли асарда 27 китоб ҳақида маълумот берилган9.
Француз тарихчилари Амир Темур ҳақидаги асар ёзишдан ташқари шарқ тарихчиларининг Соҳибқирон ҳақидаги асарларни таржимасида ҳам катта ютуқларга эришганлар. Ана шу асаралардан манба сифатида фойдаланишган. Лекин шарқ тарихчилари асарларида объектив реалликдан қочиш ҳолатлари борлиги француз олимларининг орасида бу асарларга нисбатан ишончни бирмунча пасайтиради. Мисол учун Шарофиддин Али Яздий сарой тарихчиси бўлганлиги учун ўзининг “Зафарнома” асарида Амир Темурнинг яхши амалларини ҳаддан ортиқ кўпиртириб таърифлайди. Ибн Арабшох эса асли ироқлик бўлиб Темурнинг етти йиллик урушлари даврида асир сифатида Самарқандга олиб келинган шахсий хусумати туфайли Амир Темур ҳақидаги асарида салбий томондан таърифлаш ҳолатлари учрайди.
Француз шарқшунослиги тарихий манбалар таржимаси билан бир қаторда Амир Темур шахси, Темурийлар даври маданияти ва тарихига бағишланган тадқиқоларни чоп эта бошлаганлар. 1822 йили таниқли француз олими Силвестер де Саси Амир Темурнинг Франция қироли Шарл VI билан ёзишмаларини мазмуни тўғрисида мақола ёзган. Француз темуршунослиги жавонидан жой олган асарлар жумласига Санкитиённинг “Буюк Тамерлан тарихи” (Париж, 1677), С. Мураджа д’Охсоннинг “Чингизхондан Тамерлангача мўғиллар тарихи” (Париж, 1852), Х. Моранвилленинг “Тамерлан ва унинг сарой аҳли хотиралари” (Париж, 1894), Р. Марганинг “Тамерлан тарихи” (Париж, 1739), Э. Блошенинг “Тамерлан қабртошидаги битиклар” (Париж, 1892), Ужфалви-Бурдонинг “Париждан Самарқандгача” (Париж, 1880), Э. Галлуанинг “Тамерлан пойтахтига саёҳат” (Лил, 1898), И. Морелнинг “Самарқанд ёдгорликлари” (Лион, 1909), Х. Моззернинг “Марказий Осиё бўйлаб” (Париж, 1885), И. Блоннинг “Марказий Осиёга саёҳат чизгилар” (Париж, 1893), Л. Клауннинг “Осиё тарихига кириш” (Париж,1896), Ж. де Риалнинг “Марказий Осиё ҳақида хотиралар” (Париж, 1875) каби асарлар киради10. Юқорида санаб ўтган тарихий асарлар асосан саёҳатнома шаклида тарихий манба асосида ёзили Амир Темур ва Темурийлар даврига оид ХVIII асрдан ХХ аср бошларигача бўлган қарашлар баён этилган.
Францияда Амир Темур ва Темурийлар тарихига оид ҳақиқий илмий асосларга эга асарлар эса ХХ асрнинг дастлабги чорагидан бошлаб пайдо бўла бошлайди. Уларга мисол қилиб қуйидагиларни келтириб ўтамиз: Л. Бува “Темурийлар свилизатсияси ҳақида қисса” (Париж, 1926), А. Дюрре ва Р. Фовелнинг “Самарқанд Истеҳкоми” (Париж, 1901), А. Шампдорнинг “Тамерлан” (Париж, 1949), Э. Берлнинг “Оврупа тарихи: Атилладан тамерлангача” (Париж, 1946), М. Першероннинг “Осиё ҳоқоқнлари” (Париж, 1951), Р. Груссенниг “Саҳро Соҳибқирони” (Париж, 1939), М. Брионнинг “Тамерлан. Асрлар хотиралари” (Париж, 1963), В. Жерарнинг “Асрлар хотиралари. Тамерлан” (Париж, 1963), Л. Кареннинг “Самарқанд жомеъ масжидининг нақшинкор ғиштлари” (“Осиё” журнал, Париж, 1967), Ж. Убеннинг “Тамерлан шаҳарларни қандай оларди” (Париж, 1963) ва “Чиғатой хонлиги ва Хуросон: 1334-1380” (Париж-Страсбург, 1976) каби асарлардир11. Айнан юқорида санаб ўтилган асарлар орқали фарнсуз темуршунослик мактаби шаклланди десак муболаға бўлмайди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Франция билан илм-фан соҳасида айниқса темуршуносликда кўплаб ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда сўз юритар эканмиз француз тадқиқотчиларининг мустақиллик рафасида ва ундан кейин темурсунослик соҳасида амалга оширилган ишлар сифатида Л. Кeреннинг “Тамерлан ёхуд Соҳибқирон салтанати” (Париж, 1978), “Тамерлан даврида Самарқанд йўли” (Париж, 1990), Ж.П. Рунинг “Тамерлан” (Париж, 1990) ва “Бобур” (Париж, 1986), В. Фурниеннинг “Марказий Осиё тарихи” (Париж, 1994) ва унинг таҳрири остида чиққан “Самарқанд 1400-1500: Тамерлан пойтахти: салтанат ва Уйғониш юраги” (Париж, 1995) номли китоб, “Бобурнома”нинг Ж.Л. Баке Грамон таржимаси (Париж, 1986), “Улуғбек-астрономия султони” (Париж, 1994) номли тўплам ва бошқа рисолаларни санаб ўтишимиз мумкин12. Юқорида қайд этилган Амир Темур ҳақидаги муаллифларнинг асарларини келтириб ўтишимиздан мақсад Францияда Темуршунослик тарихшунослигини ўрганиш эмас, балки ватанимиз тарихининг буюк шахсига нисбатан француз тарихчилари томонидан нақадар қизиқиш билдирилганлигини кўесатмоқчи эдик.
1987 йил 22 мартда Парижда “Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий ҳамкорлиги Уюшмаси” тузилди. Бу Уюшманинг асосчилари профессор Л. Керен ва Фредирик Бопартюс-Брессан хонимдир. Мазкур уюшма дунёда Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш борасида дунёда биринчи тузилган ташкилотдир. Унинг асосий мақсади Амир Темур ва Темурийлар маданияти ва санъати, Буюк ипак йўлининг муҳим қисми, Шарқ ва Ғарб маданиятларининг чоррашаси бўлмиш Марказий Осиё тарихи ва унинг жаҳон цвилизациясига қўшган ҳиссаси билан кенг француз оммасини таништиришдан иборат13. Мазкур уюшма Самарқандда Темурийлар журналининг махсус сонларида Мирзо Улуғбек, унинг астрономияга қўшган ҳиссаси, Сўфийзм ва Темурийлар каби мавзуларда бир қанча мақолалар чоп этишди.
Уюшма Темурийлар даври санъатини ҳам юқори баҳолайди бунинг яққол далили сифатида улар Самарқанду Шаҳрисабз, Бухоро-ю Ҳирот, Балху Шимолий Ҳиндистондаги тенгсиз Шарқ меъморчилик дурдоналарини мисол қилиб кўрсатадилар. Шу мақсадда уюшма турли темурхонлик кечалари, илмий анжуманлар, кўргазмалар ўтказиб туради. Темурийларнинг хақиқий ихлосманди бўлмиш уюшма аъзолари французларни машҳур тарихий “Самарқанд йўли”дан боришга, Амир Темур салтанати пойтахти мовий гумбазларига маҳлиё бўлишга, Шарқ уйғониш даври маданияти ва санъатидан завқланишга чорлайди14.
Ўзбекистон Республиаси Биринчи Президенти фармони билан 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилиниши, ЮНЕСКОнинг қарори билан Соҳибқироннинг 660 йиллиги бутун дунёда кенг байрам қилиниши Уюшма фаолияти учун катта имкониятлар очди ва Уюшма аъзолари “Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим равнақи” мавзуйидаги халқаро илмий анжуманни тайёрлашда фаол қатнашдилар. Бундан ташқари Уюшма Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда таниқли ўзбек режиссёри Б. Йўлдошев раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ иштирокида Париждаги энг нуфузли театрлардан бири “Одеон” Европа театрида ўтказилган Темурийлар даври шеърияти ва мусиқий кечасини тайёрлашда қатнашдилар15.
Хулоса ўринида шуни айтиш мумкинки, Амир Темур ўз даврида нафақат Шарқ ва Ғарб ўртасида иқтисодий ва маданий алоқаларини ўрнатган балки, Амир Темур ва Темурийлар даври маданиятига қизиқиш ҳозирги кунда ҳам Франциянинг Ўзбекистон Республикаси билан маданий соҳадаги алоқаларининг йирик тармоқларидан бири ҳисобланади. Амир Темур ва Темурийлар даврини ўрганиш фақат илмий ва маърифий аҳамият касб этиб қолмасдан, тарбиявий ва амалий аҳамиятга ҳам эгадир. Бу даврда шаклланган ва ривожланган тарих сабоқларидан бугунги кунда фойдаланиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |