ноосфера-бу фикрловчи қобиқ ёки инсоннинг онгли фаолияти таъсирида жамият ва
табиатнинг эвалюцион ривожининг асосий ҳаракатга келтирувчи кучи ёки омилидир. Бу
омил аввал ерда сўнгра ер атрофидаги космик бўшлиқда ҳам етакчи ўрин тўта бошлайди.
Ноосфера атамаси дастлаб француз философи Э.Леруа(1927) томонидан қўлланилган. Унинг
тушунишича, ноосфера биосферанинг олий
«маънавий» босқичи
ҳисобланади.
Бошқа
бир француз католик философи П.Тейяр Де Шарден эса ноосферани биосферанинг устки
фикрловчи қатлами деб тушунган.
Рус олими В.И.Вернадский ўзининг биогеокимёвий тадқиқотларига асосланиб,
«инсоннинг хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти туфайли табиат кучли ўзгаришга учрайди,
бу жараёнда инсон бош ўзгартирувчи кучга айланади ва у биологик эволюциянинг
йўналишини белгиловчиси бўлиб қолади. Инсон билан биосфера ўртасидаги ўзаро
муносабат умумсайёравий ҳарактер касб этади. Инсон фаолияти туфайли табиатда модда ва
энергия айланишининг янги тури яъни
антропоген модда айланиши қарор топади. Бунинг
натижасида ердаги биогеоценоз жараёни ноогеоценозга ўтади. Оқибатда биосфера ўзининг
сифат жихатидан янги босқичи ноосферага ўтади» деган илмий асосланган хулосаларга
келади. Ноосфера ҳақидаги фикрлар сўнгги 30-40 йил ичида дунё бўйлаб кенг тан олинди.
Ҳозирги илмий-техника тараққиёти ривожланган шароитда биосферани ноосферага
айланиши умумсайёравий миқёсдан фазовий миқиёсга ўтиб бормоқда. Чунки инсоннинг
онгли фаолияти таъсири нафақат ерда, балки унга яқин бўлган коинотни ҳам қамраб
олмоқда. Ноосфера тушунчаси асл моҳиятига кўра инсон билан табиат ўртасида
уйғунлашган мутаносиб ўзаро муносабатларни қарор топишини ва охир оқибатда жамият
билан табиат орасидаги мавжуд қарама-қаршиликларни мукаммал даражада хал этилишини
билдиради. Ноосферани шаклланишида атроф-муҳит ифлосланишини олдини олиш,
табиатга етказилган «жарохатлар»ни даволаш, биологик тизимлар эволюциясини онгли
равишда бошқариш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини тўғри хал
этилиши муҳим аҳамиятга эга.
Биосфера тараққиёти фақат инсонларнинг илмий-техник имкониятлари,
салоҳиятигагина боғлиқ бўлиб қолмасдан, балки жамиятнинг ижтимоий сиёсий холатига,
яъни тинчлик, барқарорлик, ҳамжихатлик холатига ҳам боғлиқ бўлади.
Юқоридагилардан маълум бўладики, ноосфера таълимоти ижтимоий, табиий ва
техник фанларни ҳамда инсоннинг турли ишлаб чиқариш соҳаларини узвий интеграциясини
тақозо этади. Ноосфера оқилона тарзда тузилган табиат ва жамиятдан иборат биосферанинг
келажакдаги янги холатидир яъни тараққиётнинг ноосфера босқичида жамият билан табиат
бир бутун яхлит тизим тарзида фаолият кўрсата бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: