10-мавзу.Уруғ ва меванинг хосил бўлиши.
Режа:
Уруғ ва меванинг хосил бўлиши.
Партенокарпия
Полиэмбриония.
Хақиқий полиэмбриония
Сохта полиэмбриония
Муртак ва эндосперм ўса борган сари уруғкуртак ҳам катталашиб, уруғга айлана боради. Бу вақтга келиб уруғнинг пўсти ҳосил бўлади. Уруғнинг пўсти одатда уруғкуртакинг бир ёки иккала интигументидан ҳамда нуцеллус ва эндоспермнинг қолдиқларидан шаклланади. Уруғнинг пўсти муртакни ташқи муҳитнинг ноқулай шароитидан ҳимоялайди ҳамда уруғни атроф-муҳитга тарқалишини таъминлайди.
Уруғ пўстининг уруғбанддан ажраладиган қисмида из ёки чок жойлашади. Уруғбанд уруғкуртак билан қўшилиб ўсиши натижасида юзага келади. Уруғнинг чивиқ-йўли изи яқинида микропиляр тешик жойлашади. Уруғ унаётганда муртак одатда микропиляр тешик орқали уруғдан ташқарига чиқади. Бу тешикдан аввал илдизнинг учки қисми барча ҳолатларда микропилега йўналган ҳолда жойлашади.
Муртакнинг шакли турли систематик гуруҳларга мансуб ўсимликларнинг уруғларида турлича кўринишларга эга. Улар тамаки ўсимлигида тўғри, чиннигулда эгилган, чирмовуқда спирал, буралган, қоқиўтда тақасимон шу каби бир қатор кўринишларга эга бўлади.
Гулли ўсимликларнинг муртаклари ҳам турлича ўлчамларда бўлиб, йирик муртакли уруғларда заҳира озиқ моддалар тўқималарида тўпланади. Бундай муртакли уруғлар униб ўсишида, бирор омилга боғлиқ бўлмай, мустақил ташқи муҳитнинг омилларига чидамли ниҳолларга айланади. Майда муртакли уруғлар унганда нозик ниҳоллар ҳосил қилади, унинг ўсиши эндосперм миқдорига боғлиқ (36-расм).
36-расм Гулли ўсимликлар уруғидаги муртак ва озиқ моддаларнинг ўзаро нисбати:
а,б,в,г,д,л-бир паллали; е,ж,з,и,к,п,р,с,м-икки паллали; п,р,-перисперм,қолгани эндосперм. қора чизиқ- муртак шакли, оқ- озиқ модда
Муртаги шаклланмаган уруғлардаги табақалашув фақат она организмдан ажрагандан кейин, қулай шароитга тушганда уруғни ичида амалга ошади. Бундан истисно орхидеядошларда муртакни табақалашуви уруғни етилиш даврида кечади. Орхидеядошларда муртак уруғдан пуфаклар кўринишида чиқади, шу боисдан уларни муртак туганаклар ҳам дейилади. Муртак туганаклар кейин катталашиб, уларнинг пастки қисмида дастлаб сўрувчи илдизлар кейин бошқа илдизлар ҳосил бўлади. Унинг юқори қисмидан барглар ҳосил бўлади.
Ўсимликларда мевалар ҳосил бўлишида қуйидаги жараёнлар амалга ошишини кўрамиз. Уруғдаги уруғкуртакда қайта ўзгаришлар рўй бераётган бир даврда уруғчининг тугунчаси мевага айлана бошлайди. Мевани ҳосил бўлишида тугунча баъзан уруғчининг бўйин қисми, тумшуқчаси сўлиб қолади. Тугунчанинг деворидан мева эти ёки перикарп ҳосил бўлади. Перикарп уч қаватдан: ташқи – экзокарп, ўрта мезокарп ва ички эндокарпдан иборат.
Ҳамма мевалар ҳам уч қаватли бўлмаслиги мумкин. Мураккаб меваларда перикарп ҳосил бўлишида гулўрин ва гул ёнбаргчалар ҳам иштирок этади.
Мевалар иккита асосий группага бўлинади. Меваларни физикавий ҳолатини ҳисобга олганда, улар хўл ва қуруқ меваларга бўлинади. Серсув, хўл меваларда перикарп юмшоқ этли тўқимадан иборат. Қуруқ меваларда перикарп ёғочлашган бўлади. Маваларнинг иккинчи бир классификациясида уларни одатда қуруқ меваларни чатнайдиган ва чатнамайдиганларга бўлинади. Меваларни очилиши ва уруғларни тарқалиши учун турли туман хусусий мосланишлар ҳосил бўлган. Уруғ ва меваларни ривожланиши ва тузилишларнинг бир қанча типлари мавжуд. Улар мазкур ўсимликнинг систематик белгиси бўлиб ҳисобланади.
ПАРТЕНОКАРПИЯ
Меваларнинг ҳосил бўлиш жараёнида ҳар доим бўлмаса ҳам айрим ўсимликларда партенокарпия ҳодисаси кузатилади. Маълумки, меванинг ҳосил бўлиши ва уруғни ривожланиши, уруғланиш жараёни амалга ошгандан кейин рўй беради. Баъзи ҳолларда мева уруғсиз, уруғкуртакни уруғланмаслиги сабабли, дегенерацияси натижасида ҳосил бўлади. Шу боисдан уруғсиз меваларни ҳосил бўлишига партенокарпия дейилади. Партенокарпия индуцирланган, бўлиши мумкин, бунда мевани ҳосил бўлиши учун чангланиш рўй бериши зарур ва индуцирланмаган мевани ривожланишида эса чангланиш шарт эмас. Ўсимликдаги барча гуллар уруғсиз мева ҳосил қилиши тўла партенокарпия, қисман гулларда уруғсиз меваларни ҳосил бўлиши чала партенокарпия дейилади.
Партенокарп мева ҳосил қиладиган ўсимликларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга мансуб ўсимликлар меъёрдаги муртак халта ҳосил қилади, бироқ меваларни ҳосил бўлишида уруғкуртакнинг дегенерацияси рўй беради. Айрим ўсимликларда муртак халта ҳосил бўлгандан кейин, баъзи бирларида эса, уруғ ривожланиши бошлагандан кейин дегенерация рўй беради. Иккинчи гуруҳ ўсимликларда уруғкуртак ривожланмаганлиги сабабли муртак халта умуман ҳосил бўлмайди ёки уруғкуртак муртак халта ҳосил бўлгунча нобуд бўлиши мумкин.
Партенокарпияни юзага келиши сабаблари ҳозирча тўла маълум эмас. А.Эрнст (1918) партенокарпияни келиб чиқишида дурагай ғояни илгари сурган. У бир қатор партенокарп ўсимликларда микроспорогенез ва макроспорогенез жараёнида чанг доналари ва муртак халтани ҳосил бўлишидаги аномал ўзгаришлар дурагайланишнинг оқибати деб ҳисоблайди. Бир гуруҳ олимлар партенокарп мевалар ирсий белгиларнинг таъсирида рўй беради деса, бошқалари ташқи муҳитнинг ноқулай омилларни таъсирида рўй беради, деб ҳисоблайдилар.
Ф.Густафсон (1947) гулда уруғланишдан кейин ҳосил бўладиган мева билан партенокарп мева орасидаги фарқни уруғчи тугунчасидаги ўстирувчи ауксин моддасининг миқдори билан боғлайди. Партенокарп ўсимликлар гулидаги уруғчининг тугунчасида етарли даражадаги ауксин гармони чангланишсиз мевани етарли даражада ривожланишини таъминлайди, холбуки бошқа ўсимликларда мевани ҳосил бўлиши учун зарур ауксин тугунчаси ўсаётган чанг найи орқали киради. Ф.Густафсон ғояси тажрибалар натижасида исботини топган. Бу тажрибаларда уруғчи тугунчасига ўстирувчи моддалар таъсир эттирилганда, уруғсиз мевалар олинган. Партенокарп меваларни уруғчининг тугунчасига чангнинг инъекция экстракти шунингдек, айрим кимёвий бирикмалар таъсир эттириб олиш мумкин. Партенокарпия узум, ошқовоқ, бодиринг, памидор шунингдек банан, ананас, анжир каби цитрус ўсимликларда ҳамда табиий ҳолда ўсадиган ўсимликларда ҳам аниқланган.
Турли навларга мансуб ўсимликлардаги меваларни уруғсиз бўлиши, хўжалик аҳамияти жиҳатидан муҳим қимматли белги ҳисобланиб, ноқулай шароитда гулда чангланиш, уруғланиш амалга ошмаганда ҳам ҳосил олиш имкониятини беради. Бундай уруғсиз партенокарп мевалар этдор, серсув ва маъзали бўлиб, озиқ сифатида истеъмол қилишда қулайлик яратади. Шу боисдан партенокарп меваларни сунъий усулда кўпайтириш амалий жиҳатидан молик ҳисобланади. Партенокарпия борасидаги илмий амалий ишлар бўйича бир мунча ютуқларга эришилган бўлсада, бу борада тадқиқотлар давом этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |