АДОЛАТСИЗЛИККА ЧИДАЙ ОЛМАСДИ
Профессор Абдураҳмон Ражабовнинг қишлоқдошлари орасида ҳар хил касб эгалари бор. Мамадамин Бурхонов бутун иш фаолиятини ички ишлар идоралари хизматига бағишлаб, ҳозирда нафақада дам олмоқда. У ҳам олимнинг ҳурмат-эътиборидан баҳраманд бўлганлардан. Шунинг учун ҳам Мамадамин ака Абдураҳмон Ражабов ҳақида тўлқинланиб гапириб берди.
--- Мен Абдураҳмон Ражабовдан бир ёш кичикман. Қишлоқда бирга катта бўлганмиз, --- деди ички ишлар идоралари фахрийси, истеъфодаги подполковник Мамадамин Бурхонов. --- У болаликданоқ ҳар бир ишни тўғри бажаришга ва тўғри ҳал қилишга интиларди. Турли хил ўйинлар ўйнардик, бирорта бола ғирромлик ёки шумлик қилса, дарров пайқарди. Биз айрим пайтларда Абдураҳмон ҳал қилсин дердик. У ёшлигидан илмга берилганди. Гоҳида биз ўйиндан ортмай, дарс қилишга улгуролмасдик. Аммо Абдураҳмон ака болалар билан ўйнашга ҳам вақт топарди яна дарсларни аъло даражада ўзлаштирарди.
Абдураҳмон Тошкентга бориб, институтга ўқишга кирибди, деган хабар келганида мен Осмонсой қишлоғидаги мактабда ўқирдим. У синфдошим Гулжаҳон билан севишиб қолганини эшитиб, хурсанд бўлгандим. Чунки, Гулжаҳон синфдош қизлар ичида одобли, ҳаёли ўзини тута биладиган оқила қиз эди. Шундай қиз бизнинг қишлоққа келин бўлишидан хурсанд бўлгандим. Уларни кўрганлар хавас қилишарди. Чунки иккови ҳудди узукка кўз қўйгандай бир-бирига жуда мос эди.
Абдураҳмон Ражабов мени ички ишлар идораларида хизмат қилаётганимни яхши биларди. Суҳбатларда айрим одамларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарлик қилиб, яна ўзини оқлаш, таниш топиб ишни ёпди-ёпди қилиб юбориш учун идорама-идора югуриб юрганларини эшитса:
--- Бундай одамлар касрига идорадагилар ўз иши қолиб ана шу мутаххамларга овора бўлиб қимматли вақтини йўқотади, бу касофатлар уни тушунмайди, қилғиликни қилиб қўйиб, кейин ҳаммани овора қилади, --- дея куюнарди.
Мен Абдураҳмон аканинг укаси Абдужаббор билан қуда бўлдим. Абдураҳмон аканинг қуда-андачиликни жуда жойига қўядиган, миллий урф одатларни ҳурмат қиладиган инсон эканлигини ана шунда билдим. Бирорта тадбир ўтказадиган бўлсам, у кишини таклиф этардим, қимматли вақтини аямай келиб иштирок этарди. У менга укаси эмас, ўзи қуда бўлгандай муносабатда бўларди. Энг асосийси ўзини катта олмас, гарчи нуфузли олий ўқув юртининг ректори бўлса-да, бошқа меҳмонлардан ўзини айро кўрсатишга ҳаракат ҳам қилмас, ўзини сипо тутарди.
Мен ана шундай инсон билан ҳамқишлоқ, қолаверса қудачилик қилганимдан хурсанд бўламан.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |