АЗИЗУ МУКАРРАМ ИНСОН
Жиззах вилоятида тадбиркорлар ҳақида гап кетганда Турғунбой ҳожи Кўчкунов биринчилар қаторида тилга олинади. Бу киши ҳам Абдураҳмон Ражабовнинг ҳамқишлоғи бўлиб, кўп йиллар савдо ташкилотларининг идораларида хизмат қилган. Ҳали республикада тадбиркорлик бошланмасданоқ шу ишга қўл урган Турғунбой ҳожи Кўчкунов ҳам олим сингари Баландосмон қишлоғининг номини республикага танитган инсонлардан.
--- Абдураҳмон Ражабов мендан тўрт ёш кичик эди. У туғилиб ўсган оила қишлоғимизнинг маърифатли, маданиятли оила сифатида тилга олинади, --- деди меҳнат фахрийси, уста тадбиркор Турғунбой ҳожи Кўчкунов. --- Мен армия сафида хизмат қилаётган давримда Абдураҳмон Тошкентдаги институтга ўқишга кирибди, деган хабарни менга ёзиб юборишганди. Армия сафидан қайтганимда онам раҳматли Ражаб аканинг оиламизга ёрдам бергани, Абдураҳмоннинг қишга ўтин тайёрлашда кўмаклашганини айтиб дуо қилганди.
Абдураҳмонни илму фан фидойиси деб таърифлашга тўла ҳақлимиз. Гарчи мен унинг илмий китоблари ва ишлари билан тўла таниш бўлмасамда, унинг техника соҳасини ривожига катта ҳисса қўшганини бот-бот эшитардим. Унинг илмий салоҳиятини чет элларда ҳам эътироф этилганини кенг давраларда эшитганман.
Мен республикамиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ тадбиркорликка киришганимни эшитган Абдураҳмон бир учрашувда:
--- Турғунбой ака, жуда узоқни кўзлаб иш бошлабсиз, келгусида тадбиркорлик бизда ҳам ривожланади, --- деганди.
Ҳақиқатан ҳам республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш учун давлатимиз томонидан катта эътибор берилди. Тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мен бир неча ерда ип йигирув фабрикалари ташкил этдим, кўплаб одамларни иш билан таъминладим. Абдураҳмон билан ҳар гал кўришганимда тадбиркорлик ҳақида суриштирар, яхши натижаларни эшитиб қувонарди.
Бир учрашувисмизда мен тошни эритиб, симга айлантириб ундан қурилишда қўлланиладиган арматуралар ишлаб чиқаряпмиз деганимда у болаларча қизиқиб тинглади ва қўлимни сиқиб:
--- Қаранг, биз эътибор қилмайдиган оддий тошдан қурилиш материали олинса-я, бу жуда зўрку. Заминимизда биз ҳали билмайдиган сир-синоатлар кўп. Тупроғимизни зарга олтинга қиёслардик. Тошимизни ҳам қимматбаҳо рудага тенглаштирсак бўларкан, --- деганди.
Мен турмуш ўртоғим билан муборак ҳаж сафарига бориб келдим. Абдураҳмон мени биринчилар қатори йўқлади. Сафар таассуротларимни қизиқиб тинглади.
--- Қаранг, сиз ҳамқишлоқлар орасида биринчи бўлиб ҳаж сафарига бориб келдингиз, Пайғамбаримизнинг муборак оёқлари теккан жойларда юрдингиз, насиб этса биз ҳам борармиз, --- деди.
Абдураҳмон Ражабов меҳр-оқибатли инсон эди. Айниқса қўни-қўшни, қариндош уруғ, таниш-билишларга қўлидан келганича кўмаклашиб, ўртадаги ришталарни доим мустаҳкамлаб турарди. Тўю маъракалардан ҳеч қолганини эслолмайман. Бирор тадбирга таклиф этилса, албатта етиб келарди.
Пайғамбаримиз саҳобаларига:
--- Азизу мукаррам бўдинглар, --- дебдилар.
Саҳобалар:
--- Сарвари олам биз азизу мукаррам бўлиш учун нима қилмоғимиз керак? --- дея савоб беришибди.
--- Қўшниларингизга силаи раҳимда бўлинг, азиз бўласиз, қариндошларга силаи раҳим қилсангиз мукаррам бўласиз, --- дебдилар.
Абдураҳмон қўни қўшничиликни жуда жойига қўядиган, қариндошларга меҳрибон эди. Шунинг учун ҳам уни азизу мукаррам инсон эди дейишга ҳақлиман деб биламан.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |