МАНГУЛИККА ДАХЛДОР УМР
Норқул Дарҳоновнинг номини нафақат қишлоқда, туманда ҳам ҳурмат билан тилга олишади. У тумандаги тажрибали педагоглардан бири. Ўқувчиларга билим ва тарбия беришдаги тажрибасидан ёш ўқитувчилар баҳрамнд бўлишади. Қишлоқнинг номини кўтаришдаги хизматлари учун ҳам Баландосмонликлар бу фидойи инсонни чуқур ҳурмат қилишади.
--- Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган пурмаъно ибора бор, дея гап бошлади Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, меҳнат фахрийси Норқул ДАРҲОНОВ. --- Бола оиладаги катталарга қараб андоза олади, албатта. Қишлоғимиздаги Ражаб ота Назаровлар оиласи ҳар жиҳатдан хавас қилса арзигудек. Ражаб отанинг ўзи ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта эгаллаган киши бўлган. У диний таълим олиш учун Бухородаги Мир араб мадрасасида ўқиган, араб алифбосида бемалол ўқиб, ёзарди. Қуръони карим сураларини қироат билан ўқирди. Лотин алифбосида ҳам ўқиш ёзишни пухта биларди. Ўша даврдаги жамоа хўжаликларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Унинг турмуш ўртоғи Ҳикоят опа илмни қардлайдиган, меҳнатда суяги қотган аёл эди. Қишлоғимиз кишилари йигирма чақирим наридаги қирда ғалла экишарди. Ҳикоят опа бир неча айлларга бош бўлиб, буғдойзорга бориб, экин мйдонларини бегона ўтлардан тозалаб келишарди. Яна у аёл ҳар йили икки-уч қути ипак қуртини парваришларди. Бу меҳнатсевар аёл фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор берарди. Оилада тўққиз фарзанд бўлиб ҳаммалари хавас қилса арзигулик бўлиб вояга етишган. Бунда Ҳикоят опанинг меҳнати кўпроқ бўлган, албатта.
Менга шу оилада туғилиб, тарбия топган Абдураҳмон Ражабов ҳақида гапириб беришни сўрашганида, албатта, биринчи галда унинг ота-онаси кўз олдимга келди. Аллоҳ уларни раҳматига олсин.
Абдураҳмон ака жуда серҳаракат эди. Болалик йилларида биз ҳам кўплар қатори миллий ўйинларимизни ўйнаб қувонардик. Чиллак, оқсуяк, қочар тўп каби ўйинларда Абдураҳмон ака кўпроқ ғолиб бўларди. Ўйин давомида айрим болалар йиқилиб тушарди, сирпаниб кетарди. Ана шундай дамларда Абдураҳмон ака ўша болани ўрнидан турғазиб, оёқ-қўлининг чангини қоқиб, юпатишга ҳаракат қиларди.
Кичкинагина қишлоқ мактабимизга Туруш ака Абдуллаев раҳбарлик қиларди. У жуда қаттиққўл, талабчан эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳамма ўқувчилар дарсларни яхши ўзлаштирарди.
Қишлоққа техника кириб келиши байрамдек бўларди. Абдураҳмон аканинг амакиси Раҳмат ака қишлоқда биринчи бўлиб велосипед олиб келганди. Кексаларимиз “шайтон арава” деб айтадиган велосипедга ҳаммамизнинг хавасимиз келган. Айниқса, биз болалар уни томоша қилиб, завқланардик. Иккинчи велосипедни Абдураҳмон ака олиб келган. Албатта, Ражаб ака сотиб олиб берганди. У велосипедини ҳеч кимдан қизғонмас, тенгдошларига ҳам ҳайдашни ўргатганди. Биз болаларни миндириб олиб юргани эсимда.
Абдураҳмон ака техникага жуда қизиқарди. Ҳали қишлоғимиз электрлаштирилмасдан радиоприёмник ясаганди. Ҳар жойдан эҳтиёт қисмлар топиб, бир-бирига улаб ясаган радиопириёмнигида ашулалар эшитгандик. Кейинчалик Абдураҳмон акага отаси Жиззахдан ”Кавровец” деб номланган ихчам мотоцикл олиб келиб берган. Абдураҳмон ака ана шу мотоцтклда мактабга қатнаганди. У қишлоқ болаларини ҳам миндириб олиб борарди. Мен ўзимни ҳам бир неча марта мактабга мотоциклда олиб борган.
Абдураҳмон ака ўзидан кичик ёшдагилар билан сўрашганда, албатта, ўқишлар яхшими, яхши ўқигин, дангасалик қилмагин, дерди. Мен ҳам мактабни битиргандан кейин, дилимга тугиб қўйган мақсадимга эришиш учун Жиззах педагогика билим юртига ўқишга кирдим, кейин Сирдарё шаҳридаги Сирдарё педагогика билим юртини тамомладим.
Педагогика билим юртида ўқиб юрган кезларим эди. Одатдагидек кундалик газеталарни варақлаб, янгиликлар билан танишиш учун мақолаларга кўз югуртираётгандим, “Ёш ленинчи” газетасида “Минглардан бири” мақоласи диққатимни торди. Мақолани ўқир эканман ҳамқишлоғим Абдураҳмон ҳақида ака экан. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ҳаммаёғи тоғ билан ўралган қишлоғимиздан чиққан илм соҳибини газетада ёзишганидан фахрланиб кетдим. Мақола Абдураҳмон аканинг фан номзоди бўлгани ва диссертациясининг халқ хўжалигига аҳамияти ҳақида ёзилганди. Курсдошларимга кўрсатиб:
--- Мана шу фан номзоди бизнинг қишлоқдан, --- деб фахрлангандим.
Абдураҳмон ака гарчи етук олим даражасига етганида ҳам камтарлигини йўқотмади. Қишлоқда тўй бўлса, гоҳида менга ўртакашликни топширишарди. Абдураҳмон ака қишлоғимизда, қўшни қишлоқлардаги танишлариникида тўй бўлса, албатта келарди. Бир тўйда Абдураҳмон акага сўз бериб “фан доктори, профессор” сўзларини қўшганимда бироз ранжиганди. Кейин мени чақириб:
--- Илмий даражамни қўшишинг шарт эмас, бу тўй, мажлис эмас, оддий қилиб сўз Абдураҳмон акага десанг бўлди, --- деганди.
Абдураҳмон ака мана шундай камтарин, содда, мақтовни унчалик хуш кўрмайдиган ажойиб инсон эди. Ҳаттоки институтнинг проректори, ректори лавозимига кўтарилганида ҳам ўзини катта тутмади, кибру ҳавога берилмади, мақтовларга учмади. Домла халқини, ватанини, ўз ишини, оиласини севарди. Шунинг учун ҳам у кишини кўп минг сонли шогирдларигина эмас, балки бошқа касб эгалари ҳам устоз сифатида ҳурмат қиларди.
Ҳамқишлоғимиз педагог, мураббий, устоз сифатида орқасидан жуда кўплаб шогирдларни эргаштирди. Биргина қишлоғимизнинг ўзидан ҳам қнлаб шогирдлари бор. Улар ҳозирга қадар масъул лавозимларда ишлаб келишди ва ишлашда давом этишяпти. Жумладан, Абдукарим Қорабеков(марҳум), Акром Одилов(марҳум), Умрзоқ Тўлаганов, Шуҳрат Абдуллаев, Олим Ҳайитбоев, Вали Музаффаров, Зафар Рўзиқулов, Ғулом Бекмирзаев, Кенгаш Тангриев, Антар Аҳмедов, Жамшид Толипов, Раҳим Суяров, Илҳом Сафаров ва бошқалар. Абдураҳмон ака туғилиб ўсган қишлоғида сал кам ўн етти йил яшади. Аммо қишлоқ шевасини унутмади. Кексайган пайтларда ҳам қишлоққа келганида биз билан қишоқ шевасида гаплашарди. Умрининг асосий қисми Тошкент шаҳрида ўтди. У Тошкент шевасини ҳам яхши биларди. Қаерга борса ўша халқнинг, миллатнинг удумлари, маданиятини ҳурмат қиларди.
Таниқли олим, меҳрибон устоз, ғамхўр дўст, фарзандларининг падари бузруквори Абдураҳмон ака Ражабов бевақт келган касалликдан сўнг орамиздан кетди. Бу ажойиб инсоннинг вафоти биз ҳамқишлақларнинг ҳам қаттиқ қайғуга солди. Домланинг эзгу ишлари, техника соҳасидаги кашфиётлари яна юз йилларга татийди, яшаган 74 йиллик умри эса мангуликка дахлдордир.
Мен ва домланинг кўплаб шогирдлари, яқинлари у кишининг одамийлик, меҳмондўстлик, руҳий ва маънавияитга йўғрилган қарзларини узолмадик, назаримда. Аслида ҳам шундай. Шу ўринда шоир Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари хаёлимдан ўтди:
Билмайман, мен қандай узарман қарзим,
Ўйлаб дил увишар, қор босган қирдай.
Улуғ тоғ пойида тўқсон йил яшаб,
Чўққи кўрмай ўлаётган бир чолдай
Юрак зорланади, зорланаверар
Ажойиб инсон, илму фан, техника тараққиётига, втанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган таниқли олим Абдураҳмон Ражабовнинг хотираси олдида бош эгамиз. У кишининг руҳлари шод бўлсин.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |