ЯХШИ ОДАМЛАР ФАРЗАНДИ
Меҳнат фахрийси Пардабой Рўзиқулов қишлоқ кишиларини жуда яхши билади. У қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, нафақага чиққан. Бу камтарин, қалби пок инсон ҳамқишлоқларига таъриф берганида унинг яхши фазилатларини кўп гапиради.
--- Мендан Абдураҳмон олим ҳақида сўрашганда, аввал унинг ота-онаси ҳақида гапиришни лозим топдим, --- деди Пардабой РЎЗИҚУЛОВ. --- Чунки олимнинг оламга келишига ана шу инсонлар сабаб бўлган, албатта. Абдураҳмоннинг отаси Ражаб ака паст бўйли серҳаракат, сокин овозда, лекин тез-тез гапирадиган, сўзларни дона-дона қилиб сўзлайдиган, одомохун инсон бўлган. Қишлоғимиздаги одамлар бир-бирларига меҳрибон бўлишган, аммо Ражаб аканинг йўриғи бошқача эди. У киши Қуръони карим сураларини ёддан билгани учун қори ака деб ҳам аташарди. Илмли бўлгани сабаб у дастлаб Калинин номли жамоа хўжалигида омбор мудири бўлган. Кейинчалик хўжаликка раҳбарлик ҳам қилган. Кейинчалик уни Каттабоғдон қишлоғидаги жамоа хўжалигига раис этиб сайлашган. Хотини Ҳикоят опа айнан ўша қишлоқдан, зиёли оиладан бўлган.
Кейинчалик жамоа хўжаликлари ўрнига давлат хўжаликлари тузилади. Ражаб ака тумандаги “Фориш” давлат хўжалигининг қоракўл териларни қайта ишлаш, яъни қуритиб ишлов бериш корхонасида ишлайди.
Абдураҳмоннинг онаси Ҳикоят опа жуда сўзамол, меҳрибон аёл бўлган. Илмли оилада тарбия топгани унинг сўзларидан, суҳбатидан, инсонларга муносабатидан, одам ажратмай ҳаммага бир хил муомала қилганидан билиниб турарди. Оилада бола тарбияси кўпроқ она зиммасига тушганидан фарзандларини инсоний фазилатларга бой бўлиб вояга етказишга ҳаракат қилган.
Абдураҳмоннинг бошқа болалардан фарқлаб турадиган яхши фазилатларидан бири, одамларга имкони борича меҳрибонлик кўрсатишга ҳаракат қиларди. Бир воқеа эсимдан сира чиқмайди. Оиламизнинг Осмонсой қишлоғи этагида токзори бўларди. Қишлоғимиздан саккиз чақиримдан зиёдроқ нарида жойлашган токзорда ишлаб кечки пайт уйга қайтаётгандим. Ҳозирги янги мактаб биноси ўрнидаги майдонда бир тўп болалар велосипедда ким ўзарга ўйнашаётган экан. Абдураҳмон мени кўриб олдимга келди. Салом бериб, чарчаганидан қулоқлари шалпайиб турган эшагимга қараб ачиниб, менга:
--- Пардабой ака, сизга велосипед ҳайдашни ўргатайми? --- деб сўради ва мени жавобимни кутмасдан велосипедини етаклаб олиб келди. Мен унга қараб кулиб турардим. Йигитча аввал менга велосипедни қандай бошқаришни тушунтирди. Мен эшакдан тушиб, велосипедга ўтирдим. Абдураҳмон тушунтиргандай педални бир маромда айлантириб, рулни маҳкам ушлаб олдим. У мени бироз суяб борди-да кейин қўйиб юборди. У ёғига ўзим миниб кетдим. Болалар ортимдан қийқириб қолишди. Ана шу баҳона бўлиб ўзим ҳам велосипед сотиб олдим ва токзорга веловипедда борадиган бўлдим.
Йиллар ўтиб, Фориш тумани марказидаги банкнинг қўриқлаш бўлимига ишга кирдим. Бу пайтда Ражаббой ака ўғли Абдураҳмонга энди қишлоқда биринчи бўлиб мотоцикл олиб берди. Кейинчалик мен ҳам ишга мотоциклда қатнайдиган бўлдим.
Вақти келиб бизнинг қишлоқдан ҳам олимлар чиқишини хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Мен айрим китобларда ўқиганимда етук олимлар катта шаҳарларда туғилиб ўсган деган жумлаларни ўқирдим. Аммо чекка бир қишлоқда туғилиб ўсган инсонлардан ҳам олимлар чиқишини амалда кўрдим.
Абдураҳмон пойтахтда ўқиб, олим бўлиб қишлоқдан оёғи узилмади. У гарчи раҳбарлик лавозимларида ишлаганида ҳам қишлоққа келиб, ҳар биримиз билан суҳбатлашиб, хол-ахвол сўраб турарди. Тўю маъракалардан қолмасди. Бу комил инсонни доим дуо қиламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |