Фаблио. Шаҳар адабиёти ҳам, рицарь адабиёти каби, дастлаб Францияда юзага келган. Бу адабиётнинг энг кенг тарқалган жанрларидан бири ҳажм жиҳатдан кичик, реалистик шеърий ҳикоя – фаблиодир. XИИ аср охирлари ва XИИИ аср бошларида ижод этилган сатирик йўналишдаги бундай ҳикояларнинг бизгача фақат 150 дан ортиқроғи сақланиб қолган. Бу фаблиоларнинг бадиий савияси турличадир. Айрим фаблиоларнинг услуби равон эмас, юморларида дағал иборалар кўп учрайди, лекин уларда оддий кишиларнинг жўшқин ҳаракати, ёшлик қувончларининг ифодаланиши ва тасвирининг эркинлиги муҳимдир.
Фаблиолардаги ҳажвнинг даражаси ҳам турли хилдадир. Баъзи ҳикоялар фақат кишида енгил кулги қўзғатса, бошқалари маълум социал йўналишда бўлиб, уларнинг сатирик кучи анча кескиндир. Кўпинча уларда оддий деҳқон ёки шаҳарликларнинг ўткир зеҳни, чаққонлиги мақталади. «Деҳқон – табиб» фаблиосида халқ ичидан чиққан кишиларнинг фазилатлари тасвирланади.
Бир деҳқон хотинига асоссиз рашк қила бошлаган, бундай ноҳақликдан хафа бўлган хотин эридан ўч олиш мақсадида уни табиб деб овоза тарқатади. Деҳқонга шоҳнинг касал қизини даволаш топширилади. Табобатдан сира хабари бўлмаган деҳқон оғир аҳволдан қутулиш мақсадида хилма-хил қилиқлар қилади. Буни кўрган касал бирдан кулиб юборади ва унинг томоғида қадалиб ётган суяк чиқиб кетади. Деҳқонни чиндан ҳам катта табиб экан деб, шаҳарнинг ҳамма томонидан беморлар кела бошлайди. Деҳқон касаллардан энг оғирини ўтга куйдириб, унинг кули билан бошқаларни даволашини билдиради. Беморларни бирма-бир чақириб, ҳар бирини тузалмас касал деб ўтда куйдириш зарурлигини айтади. Бундай даводан қўрқувга тушган беморлар ўзларини батамом соғ кўрсатиб қета берганлар.
Бу фаблиода оддий деҳқоннинг ақл-фаросати ифодаланади. Унинг босган ҳар бир қадами ўзи учун ўлим хавфини туғдиради, бироқ деҳқоннинг ҳаётий тажрибаси ва ҳозиржавоблиги уни бундай хавф-хатардан сақлаб қолади.
Черков ва дин аҳлларини масхара қилган фаблиолар асосида социал сатира ётади. Асосий танқид шаҳарлик бойнинг зиқна ва пасткашлиги, руҳонийларнинг мунофиқлиги, рицарларнинг нодон ва қўполлиги, қаллобларнинг найрангбозлигини фош этишга қаратилади.
«Эшак васияти» ҳикоясида дин аҳлларининг ярамасликлари очиб ташланади. Бойликка ҳирс қўйган қишлоқ руҳонийси ўлган эшагини муқаддас ерга кўмишда айбланади. Епископ пўписа қилиб, бу гуноҳи учун уни қамамоқчи бўлади. Руҳоний бир кунга муҳлат сўрайди. Эртаси куни у епископ олдига дадил бўлиб келади, чунки уни қўллайдиган ҳамёни катта эди. «Тақсир, қисқача гапираман, эшак менинг қўлимда кўп йил ҳалол яшади, у туфайли кўп бойлик орттирдим. Дўзахга тушмаслик учун у васият билан сизга 20 ливр қолдирди», дейди. Епископ очиқ чеҳра билан худо унинг гуноҳларини кечиради, деб ақчани олади. Шундай қилиб, эшак
христианлар қаторида қолдирилади.
Новеллада сатиранинг тиғи бойликка ҳирс қўйган қишлоқ руҳонийсигагина эмас, балки нодон, порахўр епископга ҳам қарши қаратилгандир.
Кўп фаблиоларда деҳқон образи ёрқин бўёкларда тасвирланган. Унинг чаққонлиги, зийраклиги, донолиги бошқаларни алдаш ёки бойиш учун эмас; балки ўзини хавф-хатардан ҳимоя қилиш учун керак. «Машаққат билан жаннатга кирган деҳқон ҳақида»ги фаблиода буни аниқ кўриш мумкин.
Авлиё Петр ўлиб қолган деҳқоннинг жонини жаннатга киритишни истамайди, тубан одамларнинг жойи бу ер эмас, дейди. Лекин деҳқон ҳам бўш келмайди. У Петрнинг, шунингдек, бошқа авлиёларнинг гуноҳларини бирма-бир очиб ташлайди. Тинч ва ҳалол яшаган, камбағалларга нон ва бошпана берган деҳқон худо олдида ҳам ўзининг ҳақ эканини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Худо деҳқоннинг қатъийлигига қойил қолади. Шундан сўнг у жаннатдан жой олади.
Қалбакилик, адолатсизлик ҳукмрон бўлган феодаллар жамиятида чаққонлик, абжирлик ўзини ҳимоя қилиш учун оддий кишигагина керакли қурол сифатида кўрсатилади.
Француз адабиётида кенг тарқалган фаблио типидаги ҳикоялар шарқ адабиёти, шунингдек, ўзбек адабиётида ҳам мавжуддир. Ўзбек халқ ижодининг асосий турларидан ҳисобланган эртак жанри демократик руҳи, реалистик характери билан ажралиб туради. Уларда шоҳларнинг зулми, бойларнинг адолатсизликлари, қози ва уламоларнинг очкўз ва маиший бузуқликлари («Золим подшо», «Озода чеҳра», «Бой билан қози», «Бўри билан тулки» эртаклари) очиб ташланади. Оддий табақа кишиларининг мардлик ва жасорати, дўстлик ва садоқати, меҳнатни улуғловчи ажойиб фазилатлари кўп эртакларда («Уч оға-ини ботирлар», «Зиёд ботир», «Муқбил тошотар», «Ямоқчи», «Подачининг қизи» ва ҳоказо) акс эттирилади.
Ўрта асрларда юзага келган Ғарбий Европа ҳикоялари билан ўзбек халқ эртаклари ўртасида баъзи бир ўхшашликлар бор. Агар французча «Деҳқон – табиб» фаблиосида хотин ўч олиш мақсадида рашкчи эрини яхши табиб деб овоза тарқатган бўлса, ўзбек эртаги «Эрксиз фолчи»да подшо фолчисининг хотини катта обрўга эга эканидан хабар топган бир хотин ўз эридан ҳам шундай уста фолчи бўлишини қатъий талаб қилади. Лекин ҳар иккала эр ҳам, табиблик ва фолчиликдан сира хабарлари бўлмагани ҳолда, ақл-идрок ва ҳушёрлик билан туғилган жиддий хавфлардан қутулиб кетадилар. Турли халқнинг эртак ва ҳикояларидаги бу каби ўхшашликларга сабаб меҳнат аҳлининг ижтимоий манфаатлари ва турмуш шароитларидаги яқинликдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |