Бретон цикли. Фантастика ва ишқий воқеаларга бой бўлган ва қабила тузуми ҳаётини акс эттирган кельт эртаклари ҳам ўрта асрлар рицарлик романлари учун материал бўлиб хизмат қилади. Қадимда табиий ҳодиса ва урф-одатлар рицарлар учун уларни зафарга ундовчи ажойибот бўлиб кўринар эди. Кельт эртакларининг кўпи буюк қирол Артур шахсияти билан боғланган эди. Эртакларда бритт қабиласининг князи Артур инглиз-сакслар ҳужумига қарши қаҳрамонона курашган, кўп ерларни забт этган Британиянинг қироли деб тасвирланган. У рицарлар ўзларини тенг ҳис қилган ҳолда гир айланиб ўтирсинлар, деб думалоқ стол ясатган. «Артур ёки думалоқ стол» романлари номи шундан келиб чиққан.
«Думалоқ стол» ва Артур номи билан юритиладиган циклдаги роман асосчиларидан бири Кретьен де Труадир (XИИ асрнинг иккинчи ярми). У узоқ вақт графиня Мария Шампанская саройида яшайди, истеъдодини куртуаз рицарлик романи жанрида кўрсатган Кретьен де Труа ўз асарлари учун материални кельт ривоятларидан олади. Артур саройидан эса фақат ўша давр рицарлик ҳаёти манзараларини тасвирлаш учун фойдаланади ва унга янги маъно беради. Кретьен де Труа Европа куртуаз эпосининг энг яхши намуналари бўлган «Эрек ва Энида», «Клижес», «Ланселот ёки арава рицари», «Ивен ёки йўлбарс рицарь», «Персеваль ёки Граал ҳақида повесть» асарларини ёзади. Қирол Артур ҳақидаги афсоналардан эркин фойдаланган Кретьен кичик Кельт князи Артурни йирик феодал давлатининг ҳукмрони қилиб кўрсатади. Шоир феодал рицарь дунёсини идеаллаштириб, турмушни фантастик бўёқларда акс эттиргани ҳолда, феодал жамиятидаги даҳшатли босқинчилик урушлар, фисқ-фасод ва қонли низоларни кўрсатмайди. Лекин автор ҳаётий масалалардан четда қолмайди. Шахснинг ички кечинмалари тасвири Кретьеннинг диққат марказида туради. Унинг шуҳратини таратган нарса равон тил билан ёзилган нафис ва ҳаяжонли шеърларидир.
Кретьен дастлабки романи «Эрек ва Энида» (1160) да севгини куртуазча идеаллаштириш ва уйдирмачиликка қарама-қарши ўлароқ оддий инсоний ҳис деб талқин қилади.
Қирол Артур саройининг рицари Эрек жаҳонгашталик даврларида Энида исмли ғоят гўзал, лекин жуда камбағал бир қизга ошиқ бўлиб қолади. Отаси, қизнинг розилигини олгач, рицарга хайрихоҳлик билдиради. Бу хабарни эшитган Эниданинг бой холаси қизни жуда яхши либослар билан ясантирмоқчи бўлади. Лекин Эрек Энида сарполарни фақат қиролича Гениевра қўлидан олади, деб уни эскириб кетган кийимида олиб кетади. Улар бахтли яшай бошлайдилар. Бир қанча вақтдан сўнг саройдагилар Эрек хотинига ортиқча муҳаббат қўйиб, ўзининг қаҳрамонлигини унутиб қўйди, деб гап тарқатадилар. Бу гаплардан Энида қайғуради. Эрек ўзини оқлаш учун қаҳрамонлик юришига тайёрланади. Лекин сафар олдидан борди-ю ҳаёти хавф-хатар остида қолса, Эниданинг аралашмаслигини шарт қилиб қўяди. Эрек жуда кўп қийинчиликларга учрайди, қароқчилар ва саёқ рицарларга дуч келиб, уларни енгади. Бироқ Энида қўйилган шартни бузиб, эрини бир неча марта хавфли воқеалардан хабардор қилади. Шундан сўнг эр-хотин ораси бузилади. Оғир вазият рўй берганда, уларга бошпана берган граф Эниданинг чиройини кўриб, унга эришмоқ мақсадида Эрекни хиёнаткорона ўлдириш йўлини излайди. Энида ёвуз жиноятни сезиб, эрини ўлимдан қутқариб қолади. Эрек кўп жанг ва оғир синовлардан ўтиб, хотини билан ярашади ва бахтли турмуш кечиради.
Романда вафодорлик билан қаҳрамонлик камбағал қиз билан рицарнинг муҳаббати ва хатти-ҳаракатларида ифодаланади. Ёзувчи вафодор, жасур, доно хотин Энида образи оркали хотин эрнинг энг яқин ёрдамчиси ва дўсти бўла олишини кўрсатади. Асарнинг антикуртуаз характери бутун роман давомида сезилиб туради.
Кретьен «Ланселот ёки арава рицари» (1165) романида куртуаз севги назарияси, «идеал» ошиқнинг хулқ-атвори ҳақида фикр юритади.
Номаълум рицарь қиролича Гениеврани саройдан олиб қочади. Севгилиси рицарь Ланселот уни қидиришга чиқади ва йўлда учраган карлик (митти одам)дан қароқчи қайси йўлдан кетганини сўрайди, у агар аравасига тушиб бир оз кезса, сўраган кишисининг қайси томонга йўл олганини кўрсатажагини билдиради. Ланселот бир оз иккиланади ва қироличага муҳаббати туфайли мазах бўлишга ҳам чидаб, унинг аравасида бир оз кезади. Ниҳоят, кўп қийинчиликлардан сўнг Бадемагю қасрига етиб боради. Севганини қутқариш мақсадида Гениеврани олиб қочган қиролнинг ўғли Мелеаганни жангга чақиради. Олишувда ўғлининг аҳволи оғирлашганини сезган қирол Бадемагю Гениевранинг бу ишга аралашувини сўрайди. Қиролича Ланселотдан таслим бўлишни илтимос қилади. У севганининг буйруғини дарҳол бажаради. Лекин виждонли Бадемагю Ланселотнинг ғолиб чиққанини билдириб, уни Гениевра олдига олиб киради. Қиролича эса Ланселотдан юз ўгиради. Ланселот бу қайғунинг сабаби аравага тушиш олдидан бир оз бўлса ҳам нккилангани эканини англаб, ўзини ўлдиришга жазм қилади. Лекин Генневра унинг «гуноҳлари»ни кечиради. Озод этилга қиролича ўз қасрига қайтади. Бироқ Мелеаганнинг кишилари Ланселотни хиёнаткорона зиндонга ташлайдилар. Шу вақтда Артур саройида кураш мусобақаси ўтказилаётган эди. Бу хабарни эшитган Ланселот мусобақада иштирок этмоқчи бўлади. Қамоқхона бошлиғининг хотини унинг бу илтимосини қондириб, Ланселотни бир неча кунга зиндондан озод қилади. У мусобақада. қатнашади. Гениевра Ланселотни унинг мардонавор курашидан сезиб қолиб,. яна синамоқчи бўлади ва мумкин қадар заифроқ курашсин деган буйруқ беради. Буйруқни эшитиб, Ланселот жангда ўзини ҳаддан ташқари кўрқоқ каби тутади. Буни кўрган қиролича ўз буйруғини бекор қилади. Ланселот биринчи соврунни олиб, ҳеч кимга сездирмай, яна зиндонга қайтади. Романнинг охирида Мелеаганнинг синглиси Ланселотнинг зиндондан қочишига ёрдам беради.
Мария Шампанская саройида яшаган Кретьен, унинг таъсирида ёзган бу романида куртуаз муҳаббати назариясига амал қилиб, рицарнинг севгани олдида ўзини қандай тутиши кераклигини кўрсатишга уринди. Аслида ёзувчини бу нарса қизиқтирмас эди, шунинг учун у романни охирига етказмади. Бу асарни бошқа бир сарой адиби ёзиб тугатган.
Кретьен «Ивен ёки йўлбарс рицарь» (1175) романида гарчи куртуаз таълимотининг барча қоидаларига амал қилмаса-да, лекин унинг баъзи ақидаларини назарда тутиб, севги билан қаҳрамонлик бир-бирига мос келиши ва бири иккинчисини тўлдириши мумкинлиги ҳақидаги масалани қўяди.
Қирол Артур қасрида Броселианд ўрмонида сеҳрли булоқ борлиги аниқланади. Агар шу булоқдан сув олиб ичилса, дарҳол даҳшатли бўрон кўтарилар ва қора рицарь пайдо бўлиб, ўрмон осойишталигини бузишга қасд қилган ҳар кандай кимсани якка жангга чақирар экан. Артур рицарларидан Ивен булоқ бошига бориб, қора рицарни ўлдиради ва унинг қасрига кириши билан эшик орқасидан беркилади, у ҳозиргина ўзи ўлдирган кишисининг хотини Лодинанинг асири бўлиб қолади.
Ивен гўзал Лодинани кўриши билан унга ошиқ бўлиб қолади. Лекин бу муҳаббатига эриша олмаслигидан изтироб чекади. Чунки эрини ўлдирган одамга Лодина илтифот қилмаслиги мумкин эди. Зотан, гўзал бева фақат эрининг қайғуси билан яшайди. Лодинанинг хизматчиси Люнетта Ивеннинг муҳаббат изтиробларини англайди ва бекасини юпатмоқчи бўлиб, «Наҳотки сиз эрингизни тирилтирмоқчисиз? Нега туну кун қайғудасиз? Барибир эрингиз тирилиб келармиди»,- дейди. Лодина эса янги эр билан яна бахтли яшаш мумкинлиги ҳақидаги гапларни эшитгиси ҳам келмайди. Бироқ хизматчи қиз унга таъсир этмай қўймайди. Бека виждонан хизмат қилаётган Люнеттани бекорга койиганидан афсусланади. Энди у мамлакатни идора қилишини кўзда тутиб, ўз тенгига турмушга чиқиши мумкинлигини тушунади. Лекин эрининг қотилига тегди, деган гап-сўзлар тарқалишидан чўчийди. Люкетта мамлакатни душман ҳужумидан сақлай оладиган қобилиятли ва қаҳрамон рицарь Сер Ивен бўлажагини уқтиради. Бека йигит томон чопар юбориб, тездан уни олиб келишини топширади. Люнетта Ивенни Лодина ҳузурига олиб киради. Рицарь севгани олдида тиз чўкиб, унга садоқатини изҳор қилади. Шундан сўнг Лодина Ивенга тегишга розилик беради. Сарой аҳли тўй шодиёнасини бошлаб юборади.
Романда қаҳрамонларнинг ички кечинмалари тасвирига катта эътибор берилади. Айниқса персонажлар руҳий ҳолатидаги қарама-қаршиликлар таъсирли ифодаланади. Қайғу ва алам ўрнини аста-секин муҳаббат ҳислари эгаллайди, бу ҳолатни ёзувчи моҳирлик билан ёритади. Ивеннинг Лодинага бўлган севгиси ҳақиқий муҳаббат сифатида тасвирланади. Ивен севгани рўпарасида эгилиб унга қуллуқ қилмоқчи бўлганида, Лодина уни ҳурматлаб, ўз ёнидан жой беради.
Куртуаз адабиёти принципларидан бутунлай алоқани узмаган Кретьен бу романида севги билан қаҳрамонлик бир шахсда мужассамлана олади деган фикрга яна қайтади.
Кретьен де Труа кельт эртакларидан фақат рицарлар ҳаёти ва улар эгаллаган мавқени акс эттиришда фойдаланади. Дастлабки романлари («Эрек ва Энида») антикуртуаз характерда бўлиб, у муҳаббатни рицарларча нозик севгидан холи, оддий инсоний ҳислардан иборат деб тасвирласа, сарой муҳити таъсирида ёзган сўнгги асарларида («Ланселот») нозиклашган рицарь муҳаббати қоидаларига риоя қилади ва рицарь турмушини идеаллаштиради. Бироқ Кретьен бундай севги «қоидалари»га ҳамма вақт ҳам амал қилавермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |