Германияда Уйғониш даври ва Реформация. XВ аср охири, XВИ аср бошларида Германия ҳам Европанинг бошқа мамлакатлари каби, «улуғ давр»га қадам қўяди. Энгельснинг таъбири билан айтганда, немислар, «Реформация» деб атаган бу давр маданият ва адабиётнинг ривожлана бошлаган даври эди. Мамлакатнинг иқтисодий томондан юксалиши, шаҳарларда цех саноати ва савдо-сотиқнинг ўсиши Германиянинг моддий ва маънавий ҳаётида жиддий силжишларга сабаб бўлди. Бу жонланиш мамлакатнинг марказида эмас, асосан, денгиз бўйларида жойлашган ва савдо билан шуғулланадиган (жанубдаги Нюрнберг, Аугсбург, Шимолдаги Гамбург, Бремен, Любек, Данциг каби) шаҳарларда рўй беради.
Иқтисодий ривожланган областлар қаторида кам тараққий қилган, патриархал ҳаёт кечираётган шаҳар ва қишлоқлар ҳам кўп эди. Уларнинг манфаатлари бир хил эмас эди. Англия, Францияда савдо ва саноатнинг тараққийси мамлакатнинг миллий бирлигини юзага келтиришда катта роль ўйнаган бир вақтда Германияда бу ўзгаришлар маҳаллий характерга эга эди: бу ерда жипслашув фақат провинциялар доирасидагина юз беради. Шунинг учун Германия узоқ вақтгача ягона давлат сифатида ташкил топа олмади, князликлар мустақил ҳукмронликка эга бўлиб, улар ўзаро уруш-жанжаллар билан банд эди. Бу ҳол Германияни заифлаштирмай қолмас эди.
Йирик феодал ҳукмронлигининг мустаҳкамланиши майда дворян–рицарларнинг аҳволини оғирлаштириб юборади, порохнинг кашф этилиши рицарларнинг ҳарбий қудратини синдиради. Босқинчилик урушлари билан яшай олмаган бу гуруҳлар энди деҳқонларни яна ҳам қаттиқроқ эксплуатация қила бошладилар. Бундай қарама-қаршиликлар шаҳарларда ҳам келиб чиқади. Давлат тепасида турган бой хонадонлар ва савдогарлардан иборат бўлган шаҳар патрицийлари билан цех косиблари ўртасида, цех доирасида эса усталар билан шогирдлар ўртасида рақобат кучайиб кетади. Чунки усталар секин-аста бойиб, косибчилик корхоналарининг эгаларига айлана бошлайдилар. Цехлардан ташқарида қолган сон-саноқсиз плебей табақалари – ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган қора ишчи (ёлланиб ишловчи)ларнинг аҳволи яна ҳам оғирлаша бошлайди.
Кенг халқ оммасининг католик черкови зулмига қарши нафрати ниҳоятда кучайган эди. Рим папаси Германиянинг сиёсий заифлигидан фойдаланиб, у ерда истаганча ҳукмронлик қилар, ҳар қандай йўллар билан халқни талаб, бойлик орттириш йўлига тушиб олган эди. Бу нарса католик черковини қадимги ҳолига келтириш, уни соддалаштириш керак, деган қарашларни туғдиради. Ватанпарвар кишилар Германиянинг миллий бирлигини юзага келтиришда Рим папасини асосий тўсиқлардан бири, деб биладилар. 1517 йилда Лютернинг ақидачилар ва католик черкови тартибларини реформа этишни талаб қилиб чиқиши (гарчи унинг оппозицияси унча аниқ бўлмаса ҳам), феодал зулми ва диний жаҳолатдан ғазабланган кучларни ҳаракатга келтириб юборади. Эзилган меҳнаткаш табақалар Реформация ҳаракатига революцион тус берадилар, натижада 1525 йилда буюк деҳқонлар уруши бошланиб кетади. «Лютернинг черковга қарши исёнга чақириши иккита сиёсий қўзғолонга сабаб бўлди: аввал 1523 йилда Франц фон Зиккинген бошчилигида паст даражали дворянлар исён кўтардилар, сўнгра – 1525 йилда буюк деҳқонлар уруши бошланди. Бу сиёсий қўзғолонларнинг иккови ҳам булардан энг кўп манфаатдор бўлган партиянинг, яъни шаҳар буржуазиясининг журъатсизлиги орқасида енгилди...»
Германияда гуманистик ҳаракат XВ асрнинг ўрталарида келиб чиқади. Шаҳарларнинг ўсиши, савдо-саноатнинг ривожланиши инсонпарварлик қарашларининг туғилишига замин тайёрлайди.
Немис гуманистлари грек ва Рим классикларининг асарлари орқали қадимги кишиларнинг дунёвий, хушчақчақ ҳаёти билан танишдилар, шу тарзда антикликнинг «порлоқ образлари олдида ўрта асрнинг шарпалари кўринмай кетди».
Илғор немис гуманистлари ўзларини антик адабиёт ва санъатнинг меросхўри деб биладилар, Германияни эса ўрта аср жаҳолатидан холи, бирлашган мамлакат қиёфасида кўришни истайдилар. Улар ўз курашларида Италия гуманистик маданияти яратган маънавий бойликлардан фойдаландилар.
Немис гуманистларининг феодал-черков реакциясига қарши курашлари дин ниқоби остида ўтади ва Реформация ҳаракати билан боғланиб кетади.
Немис гуманистлари XВ аср бошларида диний масалалар билан ҳам шуғулландилар. Улар «Муқаддас китоб»ларни чуқур ўрганиш учун классик филологиядан фойдаландилар. Христиан дини тарихига мурожаат қилиб, унинг ўзидан далиллар келтириш билан католик черкови ақидаларига қақшатқич зарба беришга интилдилар. Немис гуманистларининг черков жаҳолатига қарши кураши Реформация ҳаракатининг кучайиб бориши натижасида яна ҳам кескин тус олади.
Савдо-сотиқ кенг ривожланган Нюрнберг, Страсбург, Аугсбург каби немис шаҳарлари Германияда гуманистик ҳаракатнинг ривожланиши ва ёйилишида муҳим роль ўйнади. Италия билан савдо ва маданий алоқа олиб борган бу шаҳарларда етишиб чиққан мутафаккирлар ўзларини итальян гуманистларининг шогирдлари деб ҳисоблайдилар. Уларнинг кўпчилиги Уйғониш ҳаракатининг бешиги ҳисобланган Италияда таълим оладилар. Дастлабки немис гуманистларидан бири ва папанинг ашаддий душмани бўлган юрист Грегор фон Геймбург (1410-1472), қадимги Рим ёзувчиларининг асарларини кенг ёйишга уринган ва Германиянинг турли университетларида ишлаган филолог-гуманист Петер Лудер ва Самуэл Карохлар шулар жумласига киради.
Германиянинг жанубий шаҳарларида меъморчилик, рассомлик санъати ривожланган эди. Нюрнбергда астроном Регмомонтанус, географ Бехейм, шунингдек, буюк немис гуманисти рассом Альбрехт Дюрер етишиб чиқади.
XВ асрнинг иккинчи ярми ва XВИ асрнинг биринчи чорагида Германияда еттита университет очилади. Университетлар дин-черков таъсиридан холи бўла бошлайди. Схоластик дарсликлар ҳам эътибордан тушади, гуманитар фанлар – филология ва ҳуқуқшуносликнинг аҳамияти ортади. Цицерон, Вергилий, Гораций, Овидий каби антик ёзувчиларнинг асарларини ўрганишга катта аҳамият берилади.
Немис гуманистлари кўпгина асарларини латин тилида яратадилар.
Латин тилида асар ёзган гуманистлар орасида кенг маълумотли, грекчадан латинчага таржималар қилган голландиялик шоир ва нотиқ Рудольф Агрикола (1444-1485), унинг шогирди Герман Буш (1468-1534) ва айниқса, немис Уйғониш даврининг талантли лирик шоири Конрад Цельтис (1459-1508)ларнинг ижоди шу даврга мансубдир. Улар ўз ижодларида қадимги Рим ва XВ асрдаги немис гуманистларининг асарларига суянадилар. Ода, элегия, эпиграммалар, шунингдек, ўша замонга хос сатирик жанрларда ҳам ижод қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |