Миколай Рей. Миколай Рей (1505-1569) Днестр бўйидаги Журавна қишлоғида туғилди. Унинг отаси типик поляк шляхтачиларидан бўлиб, ўзига тўқ, лекин кам саводли эди. Шунинг учун у ёш Миколайга таълим бериш билан қизиқмайди. Уни кечроқ – 12 ёшга кирганда ўқишга берадилар. Миколайни қуруқ ёдлашга асосланган ўқитиш методи қизиқтирмайди. Шундан сўнг отаси уни мактабдан чиқариб олиб, Сандомир воеводи (ҳокими) Тенчинский хизматига беради. Боланинг қобилиятини сезган идрокли воевода унга ёзиш ва ўқишни машқ қилдиради. Рей тез вақт ичида латин тилини ўрганиб олиб, кўп китобларни ўқиб чиқади, ўзи ҳам шеърий ва насрий йўлда ёза бошлайди. 1530 йилда Рей Тенчинский саройидан ўз қишлоғига кетади ва хўжалик ишлари билан ҳам шуғулланади. У поляк Реформация ҳаракатига аралашиб, унинг қизғин тарафдорларидан бири бўлиб қолади.
Миколай Рейнинг биринчи нашр қилинган йирик китоби «Уч шахс – Пан, Войт ва Плебан ўртасида қисқа суҳбат» деб аталган сатирик асаридир. Диалог шаклида ёзилган «Суҳбат»да замонасидаги синфий зиддиятлар – руҳонийлар билан шляхта, шляхта билан магнатлар ўртасидаги жиддий қарама-қаршиликлар тасвирланади. Ёзувчи душман табақаларнинг бир-бирининг нуқсонларини очиб ташлаш асосида қурилган диалоглари орқали феодал-крепостной тузумни танқид қилади. Асосий ҳужум католик руҳонийларининг вакили Плебанга қаратилган. Пан ва қишлоқ оқсоқоли ўз вазифасини унутиб қўйиб, маишатга берилиб кетган Плебанни қоралайдилар. Рей Плебаннинг тили орқали деҳқонларни таҳқирлаб, бойиш йўлига тушиб қолган шляхта ва магнатларни савалайди. Асарда меҳнаткаш деҳқонларни эксплуатация қилувчи руҳонийлар, феодаллар, чиновникларнинг очкўзлиги реалистик манзараларда тасвирлаб берилган
XВИ асрнинг 40-50-йилларида, Реформация ҳаракати юқори босқичга кўтарилган бир вақтда, унинг бошлиқлари миллий черков яратиш баҳонаси билан Рим католик черковининг Польша давлати ички ишларига аралашишига қарши чиқадилар. Протестантлар библия (таврот)ни янгича изоҳлашга киришиб, католик руҳонийларини танқид қила бошлайдилар. Рей ҳам шу даврда диний мазмундаги асарлар ёзади. Давиднинг бир қанча псалма (диний оят)ларини поляк тилига таржима қилади. Христиан динини протестантизм нуқтаи назаридан тасвирлаб, католицизм йўлидан борувчилар учун бу таълимот хавфли эканини кўрсатади. «Иосиф ҳаёти» (1545), «Купец» (1549) драматик асарларида ҳам ёзувчининг протестантизм ғояларини ҳимоя қилгани очиқ кўринади.
Рей дидактикага оид асарлар ҳам ёзди. «Соф кўнгилли киши ҳаётини тасвирлаш» поэмасида (1558) бола тарбиясига алоҳида эътибор беради. Бу асарда тасвирланишича, қадимги дунёда яшаган философ Гиппократнинг шогирдларидан бири, устозининг ҳақиқат ҳақидаги таълимотига ишониб, уни ахтариб топиш учун дунё бўйлаб сафарга чиқади. У Диоген, Эпикур, Анаксагор, Феокрит, Платон ва Аристотель олдига боради. Уларнинг ҳар бири ўз ахлоқий қарашларини баён қилади. Бироқ антик олимлари келтирган мисоллар поляк халқи турмушидан олинган бўлиб, улар ибрат бўлишга лойиқдир. Рей, схоластлар таълимотини қоралаб, кишининг яхши фазилатларини орттирадиган, жамият ва давлатга фойдали билим керак, деган хулосага келади.
Рей «Ҳайвонотхона» (1562) асарида виждонли, ҳалол кишини тарбиялаш ҳақида баён килган муҳокамаларини энди ўша давр ҳаётидан олинган мисоллар ва танқидий мулоҳазалар билан тўлдиради. 5 китобдан иборат бу сатирик шеърлар турли латифа ва ҳикматли сўзларни ўз ичига олади. Ёзувчи кичик шеърлари орқали поляк қироллари, магнат, шляхта ва бошқаларнинг ҳажвий образларини яратади.
Рейнинг насрий йўл билан ёзилган йирик дидактик асари «Кўзгу ёки ҳурматли киши ҳаёти» (1568) Реформация ҳаракати бўшашган, реакциок кучлар бош кўтарган бир вақтда ёзилди. Шунинг учун унинг бу повестида католик руҳонийларига қарши кескин ҳужум кўринмайди. Лекин XВИ аср феодал жамияти турли табақаларининг сатирик характерларини беришдан чекинмайди. У мақтанчоқ ҳарбий ва таннозлар, майхўр ва савдогарлар, шуҳратпараст ва лаганбардорлар, мунофиқ магнат ва мечкайларнинг типик образларини яратади.
Рей ижоди кўламининг кенглиги унинг халқ ҳаёти билан яқин бўлганлигидан далолат беради. У кишилар турмушини ҳам, табиат ва қишлоқ манзарасини ҳам ёрқин бўёқларда гавдалантиради. Кинояли тил ва ҳажв орқали ўз душманларини масхара қилади. Майда, ўрта шляхта ва деҳқонларнинг турмуш манзараларини реал кўрсатади.
Рей XВИ аср поляк адабий тили ва миллий маданиятининг ривожига қўшган муносиб ҳиссаси билан маълум ва машҳурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |