Деперье ижоди. Шу даврнинг йирик гуманист ёзувчиларидан яна бири Бонавентура Деперье (тахминан 1510-1543) бўлиб, у майда буржуа оиласида дунёга келади. Деперье ёшлигидан шеър ёзишга киришади. Латин ва грек тилларини ўрганади, Маргарита Наваррская ташкил этган адабий тўгаракда қатнашади, унинг саройида котиб бўлиб ишлайди. Деперье 1538 йилда Лукианнинг «Худолар суҳбати» сатираси манерасида ёзилган «Дунё бонги» («Дунё кимволи») диалогларини нашр этади. Дин аҳллари бунга бепарво қараб туролмас эдилар. Ёзувчи дин таъқибига учраб, Маргарита саройига қочади. Бироқ Деперьенинг бундан сўнгги ҳаёти нотинч ўтади, охири у ўзини қилич тиғига ташлаб, фожиали равишда ўлади.
«Дунё бонги» номли тўрт диалогдан иборат бўлган бу сатирада Деперье христиан динини – католикларни ҳам, протестантларни ҳам масхара қилади. Бунинг учун у халқ ижоди ва, хусусан, антик мифологиядан усталик билан фойдаланади. Мифологик образлар воситаси билан христиан дини таълимотини қаттиқ савалайди. «Осмон вакили» – Меркурий ҳаракати орқали Иусис Христанинг ердаги «фаолияти»ни кўрсатиш мўлжалланган эди. Худо Юпитернинг топшириғи билан ерга тушган бу маъбуда тўзиб кетган «Тақдир китоби»ни муқовалашни истайди. Майхонада у билан учрашиб қолган икки товламачи қулай пайт пойлаб, ўзларига пир деб билган ўғрилар худоси Меркурийнинг қопидаги китобни ўғирлаб, унинг ўрнига муқоваси ўшанга ўхшаш бошқа китобни солиб қўяди. Алмаштирилган китобда «муқаддас сўзлар» эмас, балки Юпитернинг ёшлик вақтидаги бемаъни севги саргузаштлари тасвирланган эди. Меркурий иккинчи марта ерга тушиб, ўғриларни қидира бошлайди, чунки улар китобдаги сўзларни ўзгартириб, уни ўз манфаатларига мослаштиришлари мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам, товламачилар ўша китоб орқали фол очиб, катта пул тўплайдилар. Меркурий Флегон лақабли от билан учрашиб, уни тилга киритади. От эса ўзи учун емга ажратилган пулни ўғирлаб қўйган отбоқарнинг кирдикорларини фош этади. Меркурий отдан бу сирларни айтмасликни сўрайди ва бу иши учун отни яхшилаб парвариш қилишга ваъда беради. Шундан сўнг у Юпитернинг китобни топиш ҳақидаги буйруғини эълон қилиш учун карнайчи излаб кетади. Сўнгра Меркурий «фалсафа тоши» ни кўрсатишни сўраган одамларни лақиллатиб, бу тошни майдалаб сочиб юборади. Файласуфлар тупроққа қоришиб, қимматли тошни ахтарадилар ва унинг заррачасини топгандай бўлиб, бир-бирлари билан узоқ ва фойдасиз мунозара олиб борадилар. Меркурий яна келиб «фалсафа тоши» ҳақиқатда йўқ нарса эканини билдиради.
Тўртинчи диалог Гилактор ва Памфагус номли икки ит ўртасидаги суҳбатдан иборат. Улар ўз қобилиятларини одамлардан яширишга уринадилар, шу сабабли сўзлашдан кўра, жим туришни лозим кўрадилар, чунки бахтсиз инсонлар каби турмуш кечиргандан кўра, итлар сингари яшашни маъқул кўрадилар.
«Дунё бонги» китобида берилган кўп кинояларнинг маъноси шу вақтгача аниқланмаган бўлса ҳам, лекин баъзи номлар орқали ўша давр дин арбоблари масхара қилингани англашилади. Ёзувчи «фалсафа тоши»ни излаш, яъни қайси дин ҳақиқий деган масалада турли диний мазҳаб вакиллари ўртасида кураш олиб бориш фойдасиз, деган фикрни ёқлайди ва бир динни иккинчисидан юқори қўйиш ва ундан ҳақиқатни излаш бемаъниликдир, деган хулосага келади.
Деперьенинг ижтимоий танқиди гапирувчи от (ИИИ диалог) ва ит (ИВ диалог) сўзларида равшан баён қилинган. Ёзувчи ҳукмрон синф ва динга қарши салбий қарашларини аллегория орқали берса ҳам, лекин унинг сатирик руҳи очиқ кўринади. Шунинг учун ҳам реакцион гуруҳлар бу асарни зарарли китоб, деб қораладилар. «Дунё бонги» XВИ аср француз гуманистик эркин фикрлашнинг ёрқин намунаси, унинг муаллифи эса атеист ёзувчидир.
Деперьенинг «Янги ажойиботлар ва қизиқ ҳангомалар» деган тўпламида 92 ҳикоя бор. Бу китобида ёзувчи кишини хушчақчақликка чақиради, оғиз, ияк, томоқ ва «бутун беш сезги» органи билан, юракдан кулишга ундайди. Бу фикрлар тўпламнинг Рабле романлари таъсири остида юзага келганини кўрсатади. Маргарита Наваррскаяга ўхшаб у ҳам новеллалари учун сюжетни китоблардан эмас, балки халқ эртаклари ва ўзи кўрган ҳодисалардан олади. Француз ҳаётини акс эттирган новеллаларида поп ва монахлар, табиб ва судьялар масхара қилинади. Халқ қўшиқ ва мотивларини ўзлаштириб, улардан самарали фойдаланиш Деперье ҳикояларининг халқчиллиги, оммабоплигини оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |