Одамнинг юксак нерв фаолиятининг ҳусусиятлари
Юксак нерв фаолиятининг юқорида баён этилган қонуниятларини И.П.Павлов ҳайвонлар устидаги тажрибаларида очиб берди. Павлов таълимотига кўра, одамнинг юксак нерв фаолияти ҳам ўша қонуниятларга бўйсунади.
«Катта ярим шарларга жо бўлган юксак нерв фаолиятининг энг умумий асослари тараққиётнинг юқори даражасига чиққан ҳайвонларда, шунингдек, одамларда бир хил эканлигига шубҳа қилмаса бўлади, шунинг учун ҳам бу фаолиятнинг элементар ҳодисалари тараққийси юқори даражага чиққан ҳайвонларда ҳам, одамларда ҳам бир хил бўлиши керак». Аммо такомил топиб борган ҳайвонлар оламида одам пайдо бўлиши билан, дейди И.П.Павлов, нерв фаолияти механизмларида бунга қадар бўлмаган янги, ғоят муҳим қўшимча содир бўлди. Одамда янги шартли қўзғовчи сўз, нутқ пайдо бўлди, ҳайвонларда эса бундай қўзғовчи йўқ.
Одам сўзлашни билганлигидан ундаги юксак нерв фаолияти асосий қонуниятларининг кўринишлари ҳайвонлардаги юксак нерв фаолиятидан сифат жиҳатидан тубдан фарқ қилади.
«Одам билан ҳайвонга таъсир қиладиган ҳамма умумий реал шартли қўзғовчилар сингари, сўз ҳам одам учун шартли реал қўзғовчидир, аммо, шу билан бирга, сўз ҳамма бошқа қўзғовчиларга нисбатан шунчалик кенг имкониятга эгаки, бу томондан ҳайвонларга хос бўлган шартли қўзғовчилар билан уни сифат жиҳатидан сира таққослаб бўлмайди. Сўз улғайган одамнинг ўтган бутун умри ичида катта мия ярим шарларига таъсир қилиб турган барча ташқи ва ички қўзғовчилар билан боғланган бўлади, буларнинг ҳаммасидан сигнал беради, ҳаммасининг ўрнини босади ва шу сабабдан организмнинг халиги қўзғовчилар таъсири билан белгиланадиган барча ҳаракатларини, реакцияларини юзага чиқара олади». Ҳайвонга воқеъликдан дарак берувчи сигналлар фақат кўриш, эшитиш ва организмнинг бошқа рецепторларининг маҳсус ҳужайраларига бевосита борадиган таъсирлар ва буларнинг катта мия шарида қоладиган изларидан иборат десак бўлади. И.П.Павлов таълимотига кўра, «бу воқеъликдан сигнал берувчи биринчи сигнал системаси бўлиб, бу система бизда ҳам, ҳайвонларда ҳам бор». Аммо сўзлар, дейди Павлов, воқеъликнинг одамга хос бўлган иккинчи, маҳсус сигнал системаснни ташкил этади. Сўз бевосита нарса ва ҳодисалардан олинган сигналларнинг ўрнини босади, шунинг учун ҳам, Павлов уни (сўзни) сигналларнинг сигнали деб атади.
Ҳар қандай сўз, эшитилган, қилган, баланд овоз билан ёки ичида айтилган сўз одамнинг тажрибаси билан боғланган бўлиб, хилма-хил биринчи сигналлар ҳақида сигнал беради.
Шундай қилиб, одамнинг катта ярим шарлар пўстида биринчи сигнал системасидан ташқари, иккинчи сигнал системаси ҳам бор, иккинчи сигнал системаси одамнинг юксак нерв фаолиятини ҳайвонларнинг юксак нерв фаолиятидан ажратадиган, сифат жиҳатдан янги системадир.
Иккинчи сигнал системаси меҳнат жараёнида, кишиларнинг тарихий тараққиёти жараёнида келиб чиққан, шу билан бирга, у одамнинг ижтимоий ҳаётининг зарур шартидир. Одам билан муҳит ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг ҳаммаси иккинчи сигнал системаси орқали воқеъ бўлади. Иккинчи сигнал системаси «одамга жо бўлган муносабатларда энг доимий ва қадимги регулятор» бўлиб қолди.
Аммо иккинчи сигнал системаси биринчи сигнал системасидан ажралган ҳолда воқеъ бўлмайди, балки у билан маҳкам боғланган ҳолда воқеъ бўлади.
Иккинчи сигнал системасининг механизмлари тафаккур ва нутқнинг физиологик асосидир. Иккинчи сигнал системаси, биринчи сигнал системаси билан ўзаро таъсир этар экан, тафаккур фаолияти кузатиш, логик хотира, ҳис ва ирода билан чамбарчас боғланган функцияларнинг ҳам физиологик асосидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |