III. БОБ. СУЮҚЛИКЛАРНИ АРАЛАШТИРИШ
3.1. Суюқликларни аралаштиришнинг усуллари
Кимё технологиясида суюқликларни аралаштириш асосан суспензия ва эмульсия олиш учун, ҳамда иссиқлик ва модда алмашиниш, кимёвий жараёнларни жадаллаштириш учун қўлланилади. Аралаштириш гидромеханик жараён бўлиб тўрт хил усул билан амалга оширилади: механик, циркуляцион, оқимли ва пневматик. Кимё саноатида механик аралаштириш кенг қўлланилади.
Аралаштирувчи қурилманинг асосий характеристикалари жараённинг жадаллиги, самарадорлиги ва уни амалга оширишга сарфланадиган энергия миқдори ҳисобланади. Аралаштиришнинг жадаллиги суюқликнинг бирлик ҳажмига киритиладиган энергия миқдори билан белгиланади. Жадалликнинг ўзи эса суюқлик ҳаракатининг характерини белгилайди. Бу характер Рейнольдс сони билан аниқланади. Шундай қилиб Рейнольдс сони аралаштириш жадаллигининг ўлчами ҳисобланади. Жадаллик ошиши билан энергетик ҳаражатлар ҳам ошади. Шунинг учун аралаштиришнинг жадаллиги максимал технологик самара ва минимал энергетик сарфлар нуқтаи назаридан белгиланиши лозим.
Аралаштиришнинг самарадорлиги унинг сифат характеристикаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу характеристика аралаштиришнинг қандай мақсадда қўлланишига қараб турлича ифодаланади. Аралаштириш суспензия ва эмульсия олиш учун қўлланилаётган бўлса жараённинг самарадорлиги қаттиқ заррачаларнинг (ёки суюқлик томчиларининг) суюқликда текис тақсимланиши билан ифодаланади. Эмульсия олишда ҳосил бўладиган дисперс фаза заррачаларнинг катталиги ҳам аралаштиришнинг самарадорлигини белгилайди.
3.2. Механик аралаштириш
Механик аралаштириш турли хил қорғичлар (мешалка) ёрдамада амалга оширилади. Конструкциясига қараб қорғичлар учта асосий турга бўлинади: куракли (лопастли), парракли (пропеллерли) ва турбинали (1.1. –расм).
1.1. –расм. Қорғичларнинг асосий турлари:
а) куракли; б) парракли; в) турбинали.
Куракли қорғичлар цилиндр втулкага маҳкамланган текис кураклардан иборат. Куракларнинг кенглиги диаметрининг 20 фоизини ташкил қилади Парракли (винтли) қорғичлар цилиндр втулкага маҳкамланган иккита ёки учта парракдан иборат. Парракларнинг конструкцияси турлича бўлади. Турбина қорғичлар очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ турбина қорғич цилиндр втулкага текис маҳкамланган ясси кураклардан иборат. Ҳар бир куракнинг узунлиги баландлиги атрофида бўлади. Ёпиқ турбина қорғичлар икки томондан конус дисклар билан ёпилган конус шаклидаги ясси куракларга эга бўлади.
Саноатда юқоридагилардан ташқари қорғичларнинг шнекли, якорли, рамали, тасмали (1.2-расм) ва бошқа турлари учрайди.
1.2 –расм
а) шнекли; б) якорли; в) рамали; г) тасмали.
Қорғични ишга тушириш давридаги қуввати ишчи қувватидан 2-3 марта катта бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |