4.7. Трубалар ва трубалар панжараси
Кожух трубали ускуналарнинг иссиқлик алмашиниш трубалари одатда углеродли ва легирланган пўлатлардан ёки латундан тайёрланади. Трубаларнинг диаметри қанча кичик бўлса, улардан оқаётган муҳитнинг тезлиги ва шунга мос равишда иссиқлик бериш коэффициенти ҳам катта бўлади. Лекин кичик диаметрли трубалар чўкма билан тез тўлади, уларни тозалаш ва труба панжарасига маҳкамлаш қийинроқ. Шунинг учун диаметри 20 ва 25 мм бўлган трубалар кенг қўлланилади. Тез чўкма ҳосил қиладиган ёки қовушқоқ суюқликлар учун диаметри 38 ва 57 мм бўлган трубалар ишлатилади.
Трубалар узунлигининг ортиши ва ускуна диаметрининг кичрайиши билан иссиқлик алмаштиргичларнинг баҳоси орзонлашади.
Кожух трубали иссиқлик алмаштиргичларнинг труба панжаралари асосан бутун ясси пўлатлардан ясалади. Катта диаметрли ускуналарга пайвандли труба панжаралари ўрнатилади. Бундай ҳолларда пайванд чоклари ўзаро кесишмаслиги ва улардан труба тешикларигача бўлган масофа тешик диаметрининг 0,8 қисмидан кам бўлмаслиги керак. Н ва К турдаги ускуналарнинг трубалари труба панжарасида тенг томонли учбурчакнинг учлари бўйича, ПU ва ПК турдагиларники эса квадратларнинг учлари бўйича жойлаштирилади.
Пўлат трубалар труба панжарасига қўйидаги 3 хил усул билан маҳкамланади 1) развальцовкалаб;
пайвандлаб;
пайвандлаб ва развальцовкалаб.
Развальцовка сифати бўлиш учун панжара материалининг қаттиқлиги трубалардикидан катта бўлиши керак.
4.8. Иссиқлик алмаштиргичларнинг тўсиқлари
Кожух трубали иссиқлик алмаштиргичларда кўндаланг ва бўйлама тўсиқлар ўрнатилади. Ускуналарнинг трубалар орасидаги майдонида ўрнатилган кўндаланг тўсиқлар шу ердан оқаётган муҳитнинг тезлигини оширишга ва оқимлар йўналишини трубалар ўқига перпендикуляр қилишга мўлжалланган. Бу нарсалар трубалар ташқарисидаги иссиқлик бериш коэффициентининг ошишига олиб келади. Кўндаланг тўсиқлар баъзи ҳолларда трубалар дастасини маҳкам ушлаб туриш, трубалар орасидаги масофани сақлаш ва уларнинг тебранишини камайтириш вазифаларини ҳам бажаради. Бундай тўсиқларнинг сегментли, ёриқли ва бошқа конструкциялари учрайди.
Сегментли тўсиқлар кенг қўлланилади. Сегментнинг баландлиги ускуна диаметрининг учдан бирига тенг бўлса, тўсиқлар орасидаги масофа ускуна диаметрининг ярми бўлади. Тоза суюқликлар учун бутун тўсиқлар қўлланилади. Бу ҳолда суюқлик труба билан тўсиқ орасидаги айлана оралиғидан (1,5 мм атрофида) оқади.
Кўндаланг тўсиқлар билан ускуна корпуси орасидаги масофа етарлича кичик бўлиши (диаметри 600 мм дан кичик ускуналар учун 1,5 мм дан ошмаслиги) керак. Чунки бу оралиқда суюқликнинг оқиши иссиқлик алмашинишни сусайтиради. Баъзи ҳолларда корпус билан тўсиқ орасидаги масофани камайтириш мақсадида махсус эластик маҳкамловчи халқалар ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |