§ 10
Сўфий-тасаввуф таълимоти
Ислом фалсафасида Қуръон, фиқҳ, аҳлоқ ва бошқа масалаларни шарҳлаш ва изоҳлашда бир-бирига зид бўлган тамойиллар пайдо бўлиб, калом, яъни илк ислом диний-фалсафий таълимоти вужудга келди. Илк ислом ақидаларига қаттиқ риоя қилишни илгари сурувчи мутакаллимлар, инсонда ирода ва фикрлаш эркинлигини Аллоҳга қарама-қарши қўймаган ҳолда ҳимоя қилувчи муттазийлилар таълимоти, руҳий покланиш ва камолот босқичларидан ўтиб, илоҳий ҳақиқатга эришиш тўғрисидаги сўфийлик ёки тасаввуф таълимоти VIII асрдаёқ араблар босиб олган барча ҳудудларда, айниқса, Марказий Осиёда кенг тарқалди. Бу таълимот XIV аср охирларидан бошлаб бу ерда янги босқичга кўтарилиб ривожланди. Тасаввуф Ислом асосида шаклланган диний-фалсафий оқим бўлиб, унда қадимги юнон таълимоти-неоплатонизм, иудаизм, христианлик, зардўштийлик, айниқса буддизмнинг таъсири сезилади. Унинг асосида аскетизм, яъни бу дунё лаззатларидан воз кечиш асосида Аллоҳга етиш, уни билиш, у билан бирлашиш йўлини қидириш ётади. Сўфизм Қуръон ва шариат талаб этган диний ақидалар талабларини албатта бажариш, сўзсиз ўзини худонинг қули деб билиш, маълум диний қоидаларга ўз шахсиятини бўйсундиришни талаб қилади. Шахсий эркинлик, ўз хоҳиши билан тозаланиб, Аллоҳга руҳий сингиш орқали эришиш ғоясига асосланади. Бу йўлда сўфийликка берилганлар ортодоксал ислом руҳонийлари талабларига риоя этмаганликлари учун сўфийларнинг вакилла-ри айрим ҳолларда қораланганлар, қувғин қилинганлар, жазо-ланганлар.
Тасаввуфда инсоннинг камолоти ва Аллоҳга руҳан эришув йўллари 4 босқичдан иборатдир:
Биринчи босқич шариат деб аталиб, бунда аввало шариатнинг барча талабларини чин қалбдан бажариш ва унга тўла бўйсуниш талаб этилади.
Иккинчи босқич тариқат бўлиб, бунда мурид ўз шахсий истакларидан воз кечиб, ўзини пир ихтиёрига топшириши керак.
Учинчи босқич маърифат бўлиб, бунда сўфийлар коинотнинг бирлиги худода мужассам бўлишини, олам худонинг эмонациясидан, яъни нурланишидан вужудга келишини, яхшилик ва ёмонликнинг нисбийлигини ақл билан эмас, балки қалб билан англаб олишлари керак.
Тўртинчи босқич ҳақиқатдир. Бунда сўфий шахс сифатида тугаб, худога - мўлжалланган ҳақиқитга етишиш, Аллоҳга сингиб кетиши ва натижада абадийликка эришуви зарур. Бу жараён маълум давомли вақтни талаб этади. Махсус руҳий, жисмоний ҳаракат, фаолият - сиғиниш, ибодатлар, оҳанглар ёрдамида амалга оширилади. Сўфизм тарафдорлари, дастлаб, моддий бойликка эга бўлиш ва унга интилишни қоралаб, ҳақиқий бойлик маънавий-руҳий бойликда деб ҳисоблаганлар.
Ҳикмат
Шариатга рост, мувофиқ бўлмагунча,
Тариқатга толибон деб темас бўлур.
Ихлос бирла пирни тутиб, бошдан ўтуб,
Тариқ кирган бало текса қайтмас бўлур.
(Қаранг: Азим Ҳожа Эшон. Ҳикмат. Тошкент. «Ўзбекистон» 1993, 27-бет).
Тасаввуфнинг ижтимоий базаси, бу - шаҳар ҳунарман-длари, майда савдогарлар бўлиб, IX-X асрлардаёқ Ироқ, Эронда бу таълимотнинг йирик вакиллари вужудга келган. Ҳаллож (859-922), Бистамий (IX аср), Жунайдий (вафоти 910) шулар жумласидандир.
Тасаввуфнинг назарий ва амалий томонлари бор. Амалий томони бевосита Аллоҳга эришув жараёнидир. Бу йўлда сўфийлик қоидасини бажарган ҳолда жуда кўпчилик тасаввуфга ишонадилар. Бу жараёнда шайхлар ва муридлар пайдо бўлиб, сўфийликка берилганлар, шайхлардан таълим олганлар, уларга мурид бўлиб тушганлар. Олдинроқ, амалий сўфийзм, сўфийликнинг назарий масалалари билан шуғулланиш эса сўнгроқ вужудга келган. Сўфийзм назариётчилари ўз даврининг билимини пухта эгаллаган, илмлардан хабардор, билимдон-мутафаккир кишилар бўлганлар. Булардан Абдул Ҳамид Ғаззолий (1058-1116), Суҳравардий (1155-1191), Ибн Арабий (1165-1240) кабиларни кўрсатиш мумкин. Улар сўфийзмнинг назарий масалалари бўйича қатор рисолалар яратганлар.
Ибн Арабий айниқса, сўфийзм назариясини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди. Андалузияда туғилиб, ўз умрини турли мусулмон шаҳарларини кезиб, билимли кишилар билан мулоқатда бўлишда ўтказди. У сўфийзмнинг энг йирик назариётчиси бўлиб, 300 дан ортиқ асарлар муаллифидир. Ибн Арабийнинг айниқса, «Фусул ал-хикам», «Футухат ал-маккия», «Таржимон ал-аливак» каби асарларида сўфий мутафаккир сифатида олам худонинг бирлиги, унга интилиш, «Ички тажриба» ёрдамида эришиш, Қуръоннинг рамзий ҳарактерга эгалиги ҳақида таълимотлар асослаб берилгандир. Унинг, айниқса, сўфийзм космогониясини ҳар томонлама ишлаб чиқишдаги хизмати махсус таъкидлаб ўтилади.
Сўфийлик назарияси дастлаб халифаликнинг мусулмон назарий фикрининг марказий шаҳарлари Боғдод, Дамашқ, Мадина каби шаҳарларида ишлаб чиқилган ва кенг ёйилган бўлса-да, у Шарқ ўлкаларида кенг тарқалди. Сўфийлар тўхтовсиз саёҳатда бўлар, турли шаҳарларда билим, динга берилган шахслар билан учрашувлар, мулоқатлар ўтказар эдилар.
Сўфийлик таълимоти хукмрон мафкурадан фарқ қилгани ҳолда Аллоҳни ҳақиқат деб талқин этгани, жаннат-дўзахни инкор қилгани, барча динларни тенг деб билгани, ҳақиқатга эришиш йўлида умумий диний ақидага эмас, шахсий тажриба-интуицияга асослангани, Ислом диний қоидаларига бефарқ қарагани учун ортодоксал Ислом раҳбарлари томонидан айрим ҳолларда таъқиб қилинди, айрим сўфийзм мафкурачилари жазоланди ҳам. Бистамий қораланди, Халлож ўлим жазосига хукм қилинди. Хуросонда Айнул Кузрат ҳам ўлдирилди. Сўфийлар халққа яқин бўлдилар, уни ҳимоя этишга ҳаракат қилдилар. Мовароуннаҳрга мўғуллар ҳужум қилганда айрим сўфийлар Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлдилар.
Сўфий таълимотлари пантеизм ёки Аллоҳ ва инсоннинг бирлашуви, оламнинг (моддий ва руҳий) ягоналиги, ҳамманинг тўхтовсиз ҳаракатга интилиши зарурлиги таълимоти билан ўз даври илғор фалсафий таълимотларига яқин турди ва бу билан хурфикрликка ҳам хизмат қилди, ақидачилик, хукмрон мафкурага зарар келтирди. Турли сўфий уламоларнинг асарларида бу таълимотга турлича янгиликлар, аниқликлар киритилиб борилди ва у мусулмон Шарқида ортодоксал Исломдан сўнг энг ривожланган, кенг тарқалган таълимотга айланди. Унинг 15 га яқин асосий йўналишлари - мактаблари мусулмон мамлакатларида тарқалгандир.
X асрдан бошлаб сўфизм ғоялари Марказий Осиё шаҳарларида ҳам кенг тарқала бошлади. Масалан, Халлож турли ўлкалар, Хуросон ва Мавороуннахрда ўз таълимотини тарғиб этди. Сўфийлик асарлари араб, форс тилларида ёзилди. Ўрта Осиёда, сўнгроқ туркий тилларда ҳам бадиий асарлар шаклида вужудга келди.
Моворауннахрда тасаввуф таълимотлари Х асрдан бошлаб кенг ёйила борди. Тасаввуф таълимотини ривожлантиришда Мовороуннахрлик ва Хуросонлик йирик сўфийлик таълимот-чиларининг хизмати катта бўлган. Лекин бу ерда мустақил суфийлик мактаблари XI-XII асрлардагина вужудга кела бошлаган. Масалан, сўфийзм таълимотини ишлаб чиқишда IX асрда Термизда туғилиб ўсган Хаким Термизийнинг 80 га яқин рисолалари муҳим роль ўйнади.
У Термизда туғилиб, шу ерда вафот этди, лекин ўз таълимотини Макка, асосан Балх ва Нишопурда турганида тарғиб этди ва кўп муридлар орттирди. Унинг инсон ўзини-ўзи турли ифлос инстинктив (ғайри ихтиёрий) ҳислатлардан тозалаши, ўз қалбида Аллоҳ нурини ҳис қилишга интилиши каби фикрлари сўфизмнинг сўнгги ривожида катта аҳамиятга эга бўлди. Унинг шогирдлари Жузжоний, Абу Бакр ал-Варрақ томонидан ривожлантирилди.
Ўрта Осиёда, хусусан ҳозирги Ўзбекистон худудида тасаввуфнинг ривожланишида Юсуф Ҳамадоний таълимоти муҳим роль ўйнайди. Бу таълимот, умуман, Ўрта Осиёда вужудга келган тасаввуф мактабларига жуда катта таъсир кўрсатди. У ғарбий Эронинг Ҳамадон шахрида туғилиб, ўсган бўлсада, умрининг асосий қисми ва фаолиятини Ўрта Осиёда ўтказган. У ҳунармандчилик - косибчилик билан шуғулланган. Унин таълимоти асосан хунармандлар орасида кенг тарқалган ва асосан уларнинг манфаатларини ифодалаган.
Юсуф Ҳамадоний таълимотида ватанпарварлик ғоялари ўз ифодасини топган бўлиб, у шогирдлари билан бирга қўлида қурол билан мўғуллар хужумига қарши курашди. Ҳамадоний таълимотидан Ўрта Осиёда сўнгги тасаввуф мактаби - Яссавийлик ва Нақшбандийлик келиб чиқди. Биринчиси, Хожа Ахмад Ясавий, иккинчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний ва сўнгроқ Баҳовуддин Нақшбанд номлари билан боғлиқдир. Бу тасаввуф мактабларига тўхташдан аввал XI асрлардан бошлаб Ўрта Осиёда Қадария тасаввуф таълимотининг тарқала бошланганини қайд этиб ўтмоқчимиз.
Қадарийлик - қадария тариқатининг асосчиси Абдулқодир Жилоний бўлиб, у 1077 йилда туғилган, Бағдодда таълим олган, Академик В.В. Бартольд бу таълимот ҳақида Абдул-холиқ - ахлоҳий қарашлар тарғиботчиси ва унинг мақсади одамлар олдида дўзахни эшигини ёпиб, жаннат эшигини очиш, кишиларни ўзаро ҳурмат, муҳаббатга ундаш эди, деб баҳо беради. Қадария таълимоти Туркия, Афғонистон, Покистон, Жазоир каби мамлакатларда ҳам тарқалган.
Ўрта Осиё музофотида биринчи вужудга келган йирик сўфийлик тариқати Яссавийликдир. Бу тариқатга Аҳмад Яссавий (1105-1165) асос солган. Яссавий Ясси (Туркистон) шаҳрида руҳоний оиласида туғилган. Унинг отаси Иброҳим Ясси (Сайрам) шаҳрида узоқ йил шайҳлик қилган ва кўп муридларга эга бўлган.
Яссавий Бухорода машҳур уламо Юсуф Хамадонийдан сўфийликнинг асосларини ўрганди, устозининг ўлимидан сўнг ўрнига бироз вақт ўринбосар бўлиб қолди, сўнг ўз юрти Туркистонга қайтди. Яссавий таълимоти унинг туркий тилда ёзилган «Девони ҳикмат» асарида баён этилган. Бу асар кўчманчи ва ўтроқ туркий халқлар ўртасида сўфийлик таълимотини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этган. Яссавий таъбирича, қийинчиликка, чидамли оғир ҳаётга ўрганган одам ҳақиқий сўфий бўла олади ва у худо васлига эришади. Бу дунё бевафодир. Яссавий ғоялари Ўрта Осиёнинг турли шаҳарларида унинг шогирдлари томонидан кенг тарғиб қилинди. Шулардан бири Сулаймон Боқирғоний бўлиб (вафоти 1192 йилда), у ўзининг туркий тилда ёзилган «Боқирғон», «Охир замон» асарларида сўфийзм ва яссавийликни тарғиб қилган.
Марказий Осиёда шаклланган энг йирик сўфийлик тариқатларидан яна бири кубровиядир. Унга Хоразмда XIII асрнинг бошларида Нажмиддин Кубро (1145-1221) асос солган. Кубровия тариқати Ўрта ва Яқин Шарқ ўлкаларида ҳам кенг тарқалган. Н. Кубро Хивада туғилиб сўфийлик таълимотини Миср, Табриз, Ҳамадон шаҳарларида эгаллаган. Кўҳна Урганчда ўз таълимотини ривожлантириб, шу ерда янги сўфийлик тариқатига асос солган. Мўғуллар ҳужуми даврида ўз муридлари билан шаҳар ҳимоясида фаол иштирок этиб қурбон бўлган. Кубро билишнинг махсус йўлини ривожлан-тириб, сўфийзм ривожига катта ҳисса қўшган. У ўзининг қатор рисолаларида Кубровия тариқатининг қоидаларини ишлаб чиққан. Бу қоидалар сўфийликнинг ҳам назарий, ҳам амалий масалаларини ўз ичига олади. Кубровия тариқати Ўрта Осиё, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Эронда тарқалди ва майда сўфийлик оқимларининг вужудга келишига сабабчи бўлди. Бу оқимлар Ҳиндистоннинг Деҳли, Биҳар шаҳарларининг маданий ҳаётига муҳим таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |