Бронза даври хусусиятлари:
Биринчи меҳнат тақсимоти содир бўлди.
Патриархат даври бошланди.
Доимий қишлоқлар пайдо бўлди.
Кулолчилик чархи ихтиро қилинди.
Уй-жой қурилишида ғиштдан фойдаланилди.
Гупчакли ғилдиракли аравалар пайдо бўлди.
Мудофаа деворлари қурилди.
Ипакдан матолар тўқилди.
Ўзбекистонда илк шаҳар –Жарқўтон шаклланди.
4§. Бронза давридаги чўл зонаси қабилалари
Бронза даврида Ўрта Осиёнинг чўл ва даштларини чорвадор қабилалар эгаллаган. Уларнинг иқтисодий ҳаёти асосини чорвачилик ва ибтидоий тоғ саноати хўжалиги ташкил этган. Бу қабилалар енгил типдаги қароргоҳ ёки қисқа муддатли маконларда истеъқомат қилганлар. Улар Қозоғистон чўллари, Амударё, Сирдарё ва Зарафшонннинг қуйи ҳавзаларида, тоғли ҳудудларда яшаганлар. Бу чорвадор қабилалар кўпинча чўл зонасида яшаганликлари учун махсус адабиётларда ”бронза асрининг чўл зонаси қабилалари” номи билан юритиладиган бўлди.
Чўл зонаси қабилалари у ерларнинг табиий географик шароитга мослашиб ҳаёт кечиришган. Улар ертўла ва ярим ертўла типидаги кулбаларда, қора уйларда яшаганлар. Сопол идишлар қўлда ясалиб, қўпол ва мўрт бўлган. Уларнинг турлари ҳам кам бўлиб, очиқ гулханда пиширилган, сиртига чизиқли, тароқ услубларидаги геометрик нақшлар чизилган. Лекин бронза металлургияси соҳасида анчагина муваффақиятларга эришганлар.
Замонбобо маданияти Зарафшон дарёсининг қуйи ҳавзасида топилган чорвачилик ва мотига деҳқончилиги билан шуғулланган қабилаларнинг ёдгорлиги ҳисобланади. У Бухоро вилояти Қоракўл туманининг чўл зонасидаги Замонбобо кўли бўйида жойлашган.
Замонбобо кулбаси. Тикланган.
Замонбобо маданиятига оид қабристон 1950 йилда Я.Ғ.Ғуломов топди. Қабристонда 1951–1960 йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида бронза даврига оид 40дан ортиқ қабр очилган. Мозорлар тузилиши жиҳатидан айвонли лахат (подбой) шаклида бўлган. Замонбобо қабристонидан япроқсимон шаклда ишланган тош пайконлар, ости ясси ва тухумсимон бўлган сопол идишлар, бронзадан ишланган куракчалар, ҳалқасимон билакузуклар, қимматбаҳо тошлардан ясалган жуда кўп мунчоқлар, жез ойна, игна, бигиз, терракота ҳайкалча, намозгоҳ маданиятига тегишли сопол парчалари ва бошқа нарсалар топилган.
1961 йили А.Асқаров Замонбобо қабристонидан унча узоқ бўлмаган жойдан, Зарафшоннинг қадимги ўзани Гурдуш–Гужайли соҳилидан шу маданиятга тегишли қишлоқ қолдиқларини топди. У ерда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида замонбоболикларнинг хўжалиги ва турмушига доир янги материаллар тўпланди. У ердан ертўла типидаги кулба ҳаробаси, бир нечта енгил чайла ўрни, икки ярусли хумдон ҳаробаси ва девор қолдиқлари топиб ўрганилди. Ертўла майдони 200 кв.м бўлиб, унинг майдонида қатор ўчоқлар, кулба каркасининг устун чуқурчалари сақланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |