1. Археологиянинг тадқиқот манбаи
ва унинг вазифалари.
Кишилик жамиятининг вужудга келиш жараёни узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўз навбатида ўтмишни ўрганиш, ҳар бир даврнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб келган. Археология фани ҳам тарихнинг таркибий қисми бўлиб, гуманитар фанлар орасида алоҳида ўрин тутади.
“Археология”- сўзи юнончадан олинган бўлиб - “архайос”-қадимги, “логос”-фан сўзларидан таркиб топган. Қадимият ҳақидаги фандир (Қадимшунослик). Уни дастлаб, милоддан аввалги IV асрда Афлотун “Гиппий” диалогида, қадимги замон ҳақидаги фанни назарда тутиб ишлатган. Шу тариқа бу сўз қадимги Юнонистонда қўлланилган ва ўтмиш масалалари муҳокамаси маъносини англатган. Вақт ўтгач унинг маъно доираси анча ўзгариб, кенгайиб борган ва тарих фанининг муҳим тармоқларидан бирига айланган.
Археология—моддий маданият манбалари асосида инсониятнинг ўтмишини ўргатувчи фан ҳисобланади. Археологик манбалар тарихий манбаларга нисбатан анча қадимийдир. Унинг илк даври 2,5-3 миллион йилга бориб тақалади. Биз кишилик жамияти тарихини 24 соат деб фараз қилсак, унинг 23 соат-у 56 минути ёзма манбаларсиз даврга, 4 минути ёзма тарихга тўғри келади. Демак, кишилик тарихининг жуда катта даврини ўрганиш археологик манбаларга таяниб олиб борилади.
Археологик манбалар археологик ёдгорликлардир, яъни инсон томонидан яратилган турар-жой қолдиқлари, одамлар яшаган ғор ва унгирлар, меҳнат қуроллари, сопол идишлари, санъат обидалари, қоятош расмлари, шунингдек, моддий материалга битилган ёзма манбалар ҳам киради. Археологлар кишилик маданияти тарихини ўрганишда моддий ва ёзма манбаларга таяниб иш кўрадилар.
Археологияда қадимги буюмларни ўрганиш бирдан бир мақсад қилиб олинмайди, топилмаларни тилга киритиш ва ўша замон нафасини тиклаш археологиянинг асосий мақсадидир. Шунинг учун топилмалар тарихий тадқиқодлар учун фақат манба сифатидагина илмий қимматга эга бўлади. Буюмларнинг ёши, нимага ишлатилгани, қандай услубда ясалганини аниқлаш тадқиқотнинг зарур тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Археологик ёдгорликлар одамлар яшаган жойлар, ибтидоий маконлар, қишлоқ ва шаҳар ҳаробалар, қоятош расмлари, истеҳкомлар, ибодатхоналар, мозор-қўрғон, қабристонлар ва қадимги суғориш иншоотлари ҳисобланади. Археологлар мазкур топилмалар ёрдамида ўша давр манзарасини, инсонларнинг яшаш шароитини, жамоада мавжуд удумлар ва қайси тараққиёт босқичида турганликларини аниқлайдилар.
Археологик ёдгорликлар давр ва унинг ҳарактерига қараб қуйидагиларга ажратилади:
Манзилгоҳлар; маконлар, қишлоқлар, шаҳар харобалари.(1-расм)
Қадимги мозор-қўрғонлар, қабристонлар.
Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган жойлар; конлар, устахоналар.
Ғор ва унгирлар.
Умуман, археологик ёдгорликлар ер остида ёки ер устида жойлашган бўлади. Ер остидаги ёдгорликларни ўрганиш жараёнида археологлар маданий қатламларга алоҳида эътибор берадилар.
Маданий қатлам деганда—инсониятнинг турмуши, хўжалик фаолияти излари сақланиб қолган тупроқ қатлами тушунилади. Маданий қатламлар бир ва бир неча ўнтача горизонтларга бўлинади. Уларнинг қалинлиги бир неча сантиметрдан 30—35 метргача бўлиши мумкин. Бу эса мазкур жойда одамларнинг қанча вақт яшаганлиги билан боғлиқ. Маданий қатлам у ёки бу қатламларга шурф ташлаш, кейин кенг кўламда қазиш ишлари натижасида аниқланади.
Археологик қазишма кўриниши (1-расм)
Шурф аслида немисча сўз бўлиб, ўзбек тилида – қазийман, деган маънони билдиради. Шурф солиш деганда ёдгорликлардаги маданий қатлам қалин-саёзлигини ўрганишга қаратилган қазиш ишлари тушунилиб, маданий қатлам бор-йўқлигини аниқлаш ва ёдгорликлар ҳақида дастлабки маълумотларни олишдир. Шурф кўпинча квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклларида бўлиб, унинг чуқурлиги ва кенглиги маданий қатламга қараб, ҳар хил чуқурликда бўлиши мумкин. Шурф стратиграфик характерга эга бўлиб, уни қазиш натижасида маданий қатлам, яъни инсон фаолияти излари бўлмаган ергача ковлаб тушилади, археологияда у материк—безовта қилинмаган ер, деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |