Археологик даврлаштириш. Ўтмиш воқеаларини ўрганишда ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятларини, тарихий ва археологик даврларининг саналарини билиш ва уларни ажрата олиш ҳам зарурдир. Умуман, даврлар ва саналар тарих ва археология фанининг ўзаги ҳисобланади. Улар чуқур ўзлаштирилсагина тарихий жараён ва воқеаларни эсда сақлаб қолиш осонлашади, шунингдек, тарихий воқеаларни мантиқий фикрлаш жараёнида хатоликларга йўл қўйилмайди. Тарихий даврлаштиришнинг ўзига хос хусусияти, унинг тадқиқот манбаидан келиб чиқади. Унда маълум бир даврга хос бўлган умумий ривожланиш хусусиятлари асос қилиб олинади.
Археологияда энг қадимги даврларни ажратишда меҳнат қуролларининг нимадан ясалганига эътибор қаратилган.
Тарихда энг қадимги давр тарихий ва археологик жиҳатдан даврларга ажратилиб ўрганилади. Бу давр тарихий жиҳатдан иккита йирик давр: “ибтидоий тўда” ва “уруғчилик жамоаси даври”га бўлинади. Ўз навбатида уруғчилик жамоаси 2 босқичга: матриархат (она уруғи) ва патриархат (ота уруғи) га бўлинади.
Энг қадимги давр археологик жиҳатдан, меҳнат қуроллари таркибига қараб, бир қатор хронологик босқичларга бўлинади - палеолит, мезолит, неолит, энеолит, бронза ва илк темир. (1жадвал)
Қадимги давр мил.авв. YI асрдан милодий IY асргача бўлган даврни ўз ичига олиб, у 2 босқичга бўлинади:
1– архаик давр - мил.авв. YI–IY асрлар.
2–антик давр - мил.авв. IY аср охирларидан - милодий IY аср.
Ўрта асрлар даври ўз ривожланиши жиҳатидан 3 та босқичга бўлинади.
1– илк ўрта асрлар- милодий Y– IX асрлар
2– ривожланган ўрта асрлар - милодий IX– XYI аср бошлари
3– сўнгги ўрта асрлар - милодий XYI–XVIII асрлар (1-жадвал)
Археология фани вазифалари. Қадимий ёдгорликлар халқларнинг маданияти, маънавияти, қадриятлари тарихидан дарак берувчи ашёвий далиллар ҳисобланади. Шу ўринда тарихни археологик ёдгорликлар мисолида тарғиб этиш ва унинг тарбиявий аҳамиятини кўрсатиш жуда муҳимдир. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликлар ва улардаги топилмалар ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда, уларнинг қалбида кўҳна тарих ва маданиятга ҳурмат–эҳтиром руҳини уйғотишда катта аҳамиятга эгадир. Археологик ёдгорликлар Ўзбекистон маданий ҳаётини ўзида акс эттирувчи жуда муҳим моддий манба ҳисобланади.
Бугунги кунда археология фани олдида турган муҳим вазифалардан бири ўтмишнинг йўқолиб бораётган изларини излаб топиш, моддий ашёлар ва тарихий ёдгорликлар ёшини аниқлаш, таҳлил қилиш ва илмий системалаштириш асосида ҳаққоний тарихни тиклаш, унинг очилмаган саҳифаларини ўрганиб, тарихдаги оқ доғларни йўқотишдир.
Собиқ шўролар тузуми даврида археологик ёдгорликларни ўрганиш кенг йўлга қўйилган бўлсада, кейинчалик уларни сақлаш ва таъмирлаш ишларига кам эътибор берилган. ЎзФА Археология институтининг маълумотларига кўра, республикамиз ҳудудида 1960 йилгача 30 мингтага яқин археологик ёдгорликлар бўлган. Уларнинг бузилиши ва емирилиши, экин майдонларига қўшилиб кетиши оқибатида 80—йилларга келиб, уларнинг сони 9 мингтага тушиб қолган ва 90 – йилларнинг ўрталарига келиб, бу обидаларнинг сони бор-йўғи 5391 тани ташкил этган.
Кейинги йилларда тарихий ва археологик ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш бўйича анчагина ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқот ишларининг кўлами ҳам кенгаймоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |