Йўлда қисқа дам олиш майдончаларини жойлаштириш
Ҳаракат хавфсизлиги шартларига кўра ҳайдовчидаги зўриқиш камайиши учун 3 соат ишлаганидан сўнг камида 15 дақиқа, 6 соатдан кейин эса камида 30 дақиқа дам олиши тавсия қилинади.
Цюрих гигиена ва меҳнат физиологияси институти трассада 3 соатдан 5 соатгача юрадиган касби ҳайдовчилик бўлган шахсларга ҳар соатда 5 дақиқа тўхтаб дам олишни тавсия қилади. 2 соат ва 4 соатдан кейин эса камида 30 дақиқа тўхтаб (бутерброд, чой билан) енгил тамадди қилиш керак. 8-10 соат ишлаб кўп вақт дам олгандан кўра иш орасида қисқа вақт тўхтаб, дам олиб туриши ҳайдовчининг соғлиғи учун фойдалироқ.
Ҳайдовчи, йўловчи ва ташиш воситасининг транспорт жараёни иштирокчиси сифатидаги эҳтиёжига қараб, ҳайдовчи билан йўловчи қисқа дам олиш кераклигини ҳисобга олиб умумий фойдаланадиган автомобил йўллари ёқасида транспорт воситалари маълум мақсадда тўхтайдиган жойларни белгилаб қўйиш мумкин. Умумий фойдаланадиган йўлдаги ҳаракат иштирокчилари қуйидаги мақсад билан тўхташади: эмоционал ва ақлий зўриқишни кетказиш учун, жисмоний зўриқишни кетказиш учун, йўлни билиш учун, манбаалардан сув олиш учун, ҳожат учун, овқатланиш учун, йўл ёқасидаги чиройли манзарани кўриш учун, эътиборни тортадиган жойларни кўриш учун.
Ҳайдовчилар билан йўловчилар тўхтаб қисқа дам олишлари учун йўл ёқасида шу мақсад учун жой - майдонча ажратилиб, жиҳозланади. Майдончаларнинг тузилиши ҳар хил бўлгани билан қисқа дам олишга мўлжалланган майдончаларнинг ҳаммаси i тур хизмат мажмуаларига киради.
Мақсадига, жиҳозланишига қараб майдончалар йўл ёқасидаги тўхташ майдончалари, дам олиш майдончалари, манзарани томоша қилиш майдончалари, маълумот олиш учун йўл чизмаси кўрсатилган майдончалар, томоша қиладиган эстакадали алоҳида жойлашган майдончаларга бўлинади.
Ҳаракат тартибига қараб қисқа муддатга мўлжалланган майдончалар қуйидаги турларга бўлинади: берк йўлли, кириш ва чиқиш йўллари бирлашган; ўтиладиган; транспорт воситалари алоҳида кирадиган ва чиқадиган йўлли; йўлнинг ҳаракат бўладиган қисмига нисбатан бир ёки икки томонли.
Фойдаланиш муддатига қараб автомобил йўллари ёқасидаги ҳайдовчилар ва йўловчилар дам оладиган майдончалар учта гуруҳга бўлиниши мумкин: қисқа вақт тўхталадиган, қисқа вақт дам олишга мўлжалланган ва қисқа вақт машина қўйиладиган (кутишга мўлжалланган) жойлар.
Қисқа вақт тўхталадиган майдончалар –енгил ва юк автомобиллари ҳаракат вақтида (йўловчилар ва ҳайдовчилар чигалларини ёзиш учун) бир оз тўхташига мўлжалланган энг кам ускуналар билан жиҳозланган автомобил йўлининг муҳандислик жиҳозланган қисми ҳисобланади.
Бундай майдончаларда ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг минимал эҳтиёжларини қаноатлантирадиган жиҳозлар бўлиши керак.
Автомобил қисқа вақт қўйиладиган майдончалар – автомобил йўли ёқасидаги, ҳайдовчи ва йўловчилар автомашинани қисқа вақт қўйиши учун мўлжалланган муҳандислик саҳни ҳисобланади. Бундай майдончаларга манзара томоша қилинадиган жойлар, маълумот олиш чизмалари олдидаги майдончалар, ДАН постлари кириши мумкин.
Қисқа дам олиш жойлари тўхташдан мақсад, ҳаракат жадаллиги, йўл ёқасида бўш жойнинг борлигига қараб белгиланади ва ободонлаштирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |