Тадқиқотнинг объект ва предмети. Илмий иши объекти Афғонистонда миллий озчиликда яшаётган ўзбеклар омили ҳисобланади. Тадқиқот предмети эса Афғонистондаги ўзбеклар турмуш тарзини ўзида акс эттирган ижтимоий-сиёсий ва тарихий-маданий жараёнлардир.
Тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари.Афғонистондаги миллий-этник муносабатлар ва миллий озчиликдаги ўзбеклар турмуш тарзини ўрганиш тадқиқотнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадқиқот асосий мақсадидан келиб чиқиб қуйидаги вазифалар белгиланган:
- Афғонистондаги миллий-этник сиёсатнинг ўзига
хослигини ўрганиш;
давлатдаги миллий-этник гуруҳлар ўртасида бўлаётган ва бўлиши мумкин бўлган конфликтли ҳолатларни таҳлил қилиш;
миллий озчиликда яшаётган ўзбеклар ҳаётини атрофлича ўрганиш ва бунга доир адабиётларни қиёсий таҳлил қилиш;
ўзбек миллатининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ва давлат сиёсий ҳаётида мазкур миллат вакилларининг иштирокини кўриб чиқиш;
афғонистонлик ўзбеклар ҳаётига доир амалий тавсиялар бериш.
Тадқиқотнинг илмий фаразлари: 1) Афғонистонлик ўзбекларнинг мамлакат сиёсий ҳаётини барқарорлаштиришда ўрни катта; 2) Афғонистонда давом этиб келаётган конфликтларни ечишнинг бош омили тўғри миллий-этник сиёсатнинг олиб борилишидир.
Тадқиқот ишидаги илмий янгиликларқуйидагилардан иборат:
- Афғонистонда истиқомат қилаётган миллий озчиликдаги
ўзбеклар турмуш тарзи илк бор илмий жиҳатдан ўрганилди;
- миллий-этник масала афғон муаммосини бартараф
этишнинг муҳим омили сифатида тадқиқ этилди;
- Афғонистонлик ўзбеклар ҳаётига доир янги адабиётлар
таҳлил қилинди ва мавжуд манбалар қиёсий ўрганилди.
Тадқиқотнинг назарий-услубий асослари.Тадқиқот ишини ёзиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов асарларида, жумладан, «Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик учун», «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари», «Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида», «Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак» каби асарлари, нутқларида илгари сурилган ғоялардан кенг фойдаланилди. Шунингдек, ушбу асарларда баён қилинган миллий-этник конфликтларнинг олдини олиш ва миллий тотувликни таъминлашнинг асосларини белгилаб берувчи тамойилларга таянилди.
Бундан ташқари, Афғонистон Ислом Республикасидаги миллий-этник сиёсатга ҳуқуқий асос сифатида мазкур давлат конституциясига ҳам мурожаат қилинди.