Ольга Оликер: Менинг ушбу масала юзасидаги айтадиган фикрим унчалик оммабоп бўлмаслиги мумкин. Ҳа, Туркия Озарбайжонга ёрдам берди ва кўмаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Қизиғи шундаки, Россия узоқ йиллар давомида Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам қурол сотиб келди. Арманистонга анча-мунча чегирма билан сотган бўлса, Озарбайжонга ўзининг баҳосига пуллади ва шу тариқа уларни мавҳум мувозанат ҳолатида ушлаб турди. Лекин Озарбайжон Туркия ва Исроилдан қўшимча қурол-яроғ сотиб ола бошлади ва уруш чиқиши мумкинлигини ҳисобга олиб, унга тайёргарлик кўрди. Ҳа, Туркия тинчликка кўмаклашишни кузатиш маркази тузиш тўғрисидаги фикрини ўтказа олди – марказ Озарбайжонда жойлашади. Бироқ унинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиш-бўлмаслиги номаълум. Озарбайжон Туркия иқтисодиётига интеграцияланмай туриб, Туркия чиндан ҳам минтақада реал таъсир кучига эга бўлди, деб айтиш қийин. Ҳатто ушбу можаро оқибатида ҳамма Туркия дронларини сотиб олишни истаб қолган тақдирда ҳам, бу ҳол кучлар нисбатини ўзгартириши мушкул.
Пол Стронски: Туркиянинг бутун бошли постсовет макони, айниқса, Марказий Осиёда узоқ муддатли, кенг қамровли ва тарихий манфаати борлиги аниқ. Турклар анчадан бери Қримга қизиқиб келади. Улар ҳар доим ҳам бу қизиқишни сиёсатнинг реал натижасига айлантира олгани йўқ. Туркия ёрдамида айни қизиқиш ҳарбий маънода, маданий алоқалар орқали амалга ошган ягона мамлакат Озарбайжон бўлди. Ольга айтганидай, бунга Арманистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини айланиб ўта олган учувчисиз учиш қурилмалари эш бўлди. Айни ҳол бу урушни 2016 йилдаги урушдан ажратиб туради, деб ўйлайман. Бу дронлардан ташқари, Туркиянинг қўллаб-қувватлаши, ҳарбий хизматчиларни ўқитиши ва эҳтимол разведка маълумотларини бериб тургани баробарида ушбу мамлакатнинг Озарбайжонга кўрсатган дипломатия кўмаги ҳам ғалабани таъминлади. Лекин Ольгадан фарқли ўлароқ, шуни айтмоқчиманки, бу Россияни жуда қийин аҳволга солиб қўйди. Руслар воситачилик қила олишини намойиш этди, бироқ бунинг учун 6 ҳафта кетди. Олдинги вазиятларда улар томонларни музокара столига тезроқ ўтқазишга кўндира олган, масалан, 2016 йилда бунинг учун, бор-йўғи, 4 кун керак бўлган эди. Бу сафар Путин президент Алиев билан телефон орқали боғланиши учун 2 ҳафта вақт кетди. Арманистон мағлубиятга учрашига бир баҳя қолганда эса вазият бутунлай ўзгарди. Фақат Озарбайжон томони Россия вертолёти – тикучарини тасодифан уриб туширгандан сўнг россияликлар Бокуни музокарага кўндириш учун таъсир пишангларини ишга солиб юборди.
Бошловчилар: Россиянинг Туркияга таъсир ўтказиш имконияти мавжудми? Россия Кавказда Туркияга Москва ўрнатган муайян чегаралардан чиқмаган ҳолда ўз ўйинини ўйнашига рухсат бериши мумкинми?
Do'stlaringiz bilan baham: |