Марказий Осиё муаммоларини тадқиқ қилиш истиқболлари ва йўналишлари
Сўнгги йилларда Хитой университетлари қошида минтақавий ва давлатлараро марказлар ташкил этилиб, уларга Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш ҳам киритилмоқда. Бундан халқаро масалалар бўйича яхши тадқиқот базасига ва чет тилларни ўқитишнинг узоқ анъанасига эга университетлар манфаатдордир. Улар Таълим вазирлиги ва вилоятлар ҳокимиятидан жиддий кўмак олмоқда. Умуман олганда, жамият ва илмий доиралар, ўтган йиллардаги вазият билан солиштирганда, Марказий Осиё муаммоларини ўрганишдан кўпроқ манфаатдор бўлмоқда.
Яъниким, бугунги кунга келиб, Марказий Осиё тадқиқотлари “гуллаб-яшнаш” даврига кирди, деб айтиш мумкин – уларнинг қамрови кенгайди ҳамда бошқа долзарб халқаро сиёсий муаммоларга кўпроқ интеграциялашуви билан ажралиб туради.
Бироқ мақола муаллифи қайд этишича, қуйидаги даражаларда бундан буён ҳам кенгайтириш ва ривожлантириш зарур:
Биринчидан, Марказий Осиёни глобал ва халқаро нуқтаи назарлардан ўрганиш. Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиши дунёдаги вазият билан тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қолди. Хитой раҳбари олға сурган “Макон ва йўл” ташаббуси Марказий Осиёнинг Евроосиё қитъасидаги муҳим транспорт тугуни сифатидаги мақомини яна бир карра эсга солди. Йирик давлатлар Марказий Осиё минтақасига алоҳида стратегик аҳамият бермоқда, чунки кўплаб “транспорт йўлаклари режалари” ушбу минтақа билан боғлиқ. Хитойлик олимлар “Макон ва йўл” қурилиши имкониятлари ва дуч келаётган муаммоларини ўрганиб чиқмоқда, шу маънода Марказий Осиё кўплаб масалаларда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. “Доимий тарзда янги омил пайдо бўлмоқда, у Марказий Осиё мамлакатларида хавфсизлик соҳасидаги тамойилларга қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин – Ипак йўли иқтисодий камари қурилиши билан Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш стратегияси, шунингдек, ундан олинадиган фойда минтақа мамлакатлари сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини сақлаб қолиш учун муҳимдир”. Йирик давлатларнинг муносабатлари, халқаро майдондаги ўзгаришлар ва ҳатто глобал бошқарувнинг яхшиланиши ва тамаддунлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш сингари масалаларни ўрганиш чоғида Марказий Осиёнинг ноёб аҳамиятини эсдан чиқариб бўлмайди.
Иккинчидан, минтақавий ва давлатлараро муносабатлар истиқболи контекстидаги Марказий Осиё масаласи. Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимият алмашуви даврига қадам қўйгани сари сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар сабаб вужудга келадиган муаммолар ва зиддиятлар тобора ортиб боради ҳамда Марказий Осиё бўйича кўплаб экспертлар айни масалани чуқур ўрганмоқда ва таҳлил қилмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидаги ўтиш даври ҳали-ҳамон тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Қуйидагилар ушбу босқичнинг асосий белгилари ҳисобланади:
сиёсий тузилма барқарорликка интилади, партиялараро кураш, этник можаролар ва хулқ-атворнинг кескин кўринишлари маълум даражада тийиб турилади;
миллатчилик асосий мафкуравий мейнстримга (асосий йўналиш) айланиб қолди, на Ғарбнинг демократлаштируви ва ни исломнинг сиёсийлашуви бунга таъсир кўрсата олмади;
давлат бошқарувининг парламент тизими ва партия тизимини иқтидордаги ҳокимият “тартибга солиб туради”, кучли президент бошқаруви тизими ўрнатилган.
“Марказий Осиёнинг келгуси барқарорлиги шартли ва чекланган бўлади. Марказий Осиёдаги барқарорликни қўллаб-қувватловчи омилларнинг ўзида ҳам беқарорлик унсурлари мавжуд. Мабодо вазият нотўғри ҳал этилса ёки кутилмаган ўзгаришлар рўй берса, беқарор омиллар тобора кўпроқ кўзга ташланиши ва шу тариқа Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солиши мумкин… Марказий Осиёдаги симметрик бўлмаган сиёсий ва иқтисодий ўтиш трансформация жараёнига ҳам таъсир кўрсатди. Ҳокимият ва демократиянинг иккиланган роли иқтисодий ўтишни дилеммага рўпара қилмоқда ва Марказий Осиё трансформацияси узоқ муддатли жараён бўлишга маҳкум”.
Учинчидан, Марказий Осиё муаммоларини маданият нуқтаи назаридан ўрганиш. Маданиятининг ўзига хослиги Марказий Осиё 5 та мамлакати тараққиёти йўналишини белгилаб беради. Айрим олимлар фикрича, Марказий Осиёнинг мўртлик, ўзгарувчанлик, бўлиниш ва узилиш, истибдод ва ҳокимиятни ўзига бўйсундириш билан изоҳланувчи сиёсий ва маданий анъаналари турли мамлакатлардаги сиёсат, иқтисодиёт ва жамият соҳасидаги ўзгаришларга таъсир кўрсатувчи асосий омилларга айланди… Марказий Осиё мамлакатлари мустақиликка эришгандан сўнг минтақанинг глобал миқёсдаги стратегик мақоми орта борди ва у тобора кўпроқ турли глобал маданий кучларнинг рақобати марказига айланди. Ислом дини, Ғарб ва Хитой таъсирида Марказий Осиё глобал маданий кучлар таъсири остидаги бўшлиқ ҳудудидан турли маданиятлар ўзаро қоришиб кетган минтақага дўнди. Турли маданий кучлар Марказий Осиёда мусобақалашиш, ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини мувозанатда тутиб туришни давом эттиради”.
Тўртинчидан, Хитой билан Марказий Осиё муносабатлари ривожланишини тадқиқ этиш истиқболлари. Марказий Осиё Хитойнинг яқин қўшнисидир, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барча даражаларда амалга оширилмоқда. Лекин яна Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти сингари ўрганишни талаб қиладиган масалалар бор, чунки Марказий Осиё ушбу ташкилотда кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий минтақаси ҳисобланади. Хитой минтақада ҳаётга татбиқ этилаётган бир қатор дипломатия концепцияларини илгари сурган эди. Қўшни мамлакатларга нисбатан яқинлик, самимият ва очиқликка асосланган яхши қўшничилик сиёсати ёки янги турдаги халқаро муносабатларни бирга барпо қилиш соҳаси бўлишидан қатъий назар, назарий тадқиқотларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда барча йўналишларда оқилона танлов йўлини таклиф этиш зарур.
Бешинчидан, Марказий Осиё муаммоларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ўрганиш. Марказий Осиё экстремизм ва терроризм урчиши учун “энг заиф ҳудуд” ҳисобланади, ушбу минтақадаги ноанъанавий хавфсизликнинг таъсирини тадқиқ қилиш асосий йўналиш ҳисобланади. Марказий Осиёда “Ислом давлати” аъзоларини ёллаш ва экстремистик ғояларнинг тарқалиши минтақадаги ижтимоий зиддиятлар ривожланишининг катализатори бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари қонунларини такомиллаштириш, ижтимоий бошқарувни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, анъанавий маданиятни олға суриш, оммавий ахборот воситалари сифатини ошириш ва ишонч телефонларини ишга тушириш орқали экстремизмнинг реал таҳдидларига қарши чоралар кўрмоқда. 2013 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги вазиятга таъсир кўрсатувчи етакчи омиллар заифлаштирилгани ёки ҳал этилгани йўқ. Аксинча, улар минтақадаги нисбатан осойишта вазиятда кўзга ташланмай, тўпланишда давом этмоқда. Бу Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш даврида вужудга келадиган бошбошдоқ сиёсий вазият ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга қўшилиб, Марказий Осиёдаги вазиятни янада мўрт қилиб қўйиши мумкин. Марказий Осиё хавфсизлиги келажаги мавҳумотга тўла. Айни пайтда минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақола муаллифи хулоса қилиб шуни таъкидлайдики, Хитойнинг Марказий Осиё тадқиқотлари бундан буён ҳам сифатлироқ натижаларга эришилган ҳолда ривожланиб боради. Ушбу тадқиқотлар Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик шериклигига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, “Макон ва йўл” ташаббуси контекстида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун интеллектуал жиҳатдан кўмак беради. Кўпроқ ёш тадқиқотчилар келиб қўшилиши, шунингдек, тадқиқотларнинг инновацион усулларини жорий этиш билан келгусида илмий даража ва халқаро таъсир кўламини ошириш мумкин бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |