Россиянинг собиқ совет маконига таъсири
Mart 17, 2021
Central Asian Analytical Network
Сурат манбаси: pressunity.org
Янги Америка хавфсизлигини ўрганиш маркази (Center for a New American Security (CNAS) ҳузуридаги “Brussel Sprouts” подкастида постсовет ҳудудида яқинда рўй берган воқеалар ва уларнинг Россия учун аҳамияти хусусида икки нафар эксперт: Халқаро инқироз гуруҳининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Ольга Оликер ҳамда Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича дастур катта илмой ходими ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича собиқ директори Пол Стронски иштирокида фикр-мулоҳазалар билдирилади.
Қуйида ушбу подкаст баёни қисқартирилган ҳолда ҳавола қилинмоқда.
Бошловчилар: Россия “яқин чет эл” деб атайдиган мамлакатларда рўй бераётган воқеалар ушбу минтақада Москваниннг таъсири қанақа бўлиши билан боғлиқ кўплаб саволларни юзага келтирмоқда. Беларусдаги Кремль қўллаб-қувватлаётган Лукашенко ҳокимияти заифлигини кўрсатмоқда, Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги урушда Россия тинчликпарварлик ролини Туркия билан баҳам кўрганга ўхшайди, Молдовада эса Ғарб билан яқинлашишни истаётган номзод Майя Санду ғалаба қозонди. Айрим таҳлилчилар Россиянинг минтақадаги таъсири заифлашиб бораётганини айтмоқда. Юз бераётган воқеаларни қандай талқин қилиш мумкин ва бу Россиянинг минтақадаги мавқеи учун нимани англатади?
Ольга Оликер: Мабодо Россиянинг таъсир кучи заифлашгани ҳақида гап кетаётган бўлса, кимга ва қайси даврга нисбатан кучсизланганини ҳам аниқлаштириш керак, деб ўйлайман. Ушбу чеккадаги мамлакатларда сурилиш юз бераётганини кўряпмиз, айрим сурилишлар пировардида Россияга фойда келтирган бўлса, қолганлари ҳақида бундай дейиш қийин. Фикримча, Россия Беларусда қийин аҳволга тушиб қолди. Ҳатто Кремль Лукашенкони унчалик хушламаса ҳам, Россия у норозиликлар ортидан ағдариб ташланишини истамаяпти. Россия Молдовага бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратмоқда. Аммо Майя Санду аслида Ғарбни қўллаб ёки Россия томон оғиш сайловолди кампанияси юргизгани йўқ. Унинг кампаниясидаги асосий мавзулар коррупцияга қарши кураш ва иқтисодиёт бўлди. Россия Тоғли Қорабоғда тинчликпарварлик ролини яхши уддалади, чунки эришилган тинчлик ҳақида энди олдингидан кўра ишонимлироқ гапириш мумкин. Бу ерда бошқа воситачи йўқ.
Пол Стронски: Минтақада рўй бераётган улкан силжишларни кузатяпмиз, энди у 30 йил олдинги минтақа эмас. Одамларнинг бутун бир авлоди тизим бўйича юқорига ҳаракатланиб, сиёсий ва ҳукмрон элита – аёънларнинг янги авлоди бўлиб шаклланганини кўриб турибмиз. Қирғизистонда бир пайтлар мустаҳкам бўлган жамият чиндан ҳам ёмон бошқарилмоқда, у анчадан бери жуда ёмон бошқарилмоқда. Беларусда ҳам шундай. Биз минтақани Россиянинг таъсири катта бўлган жой деб ҳисоблаймиз, аслида Россиянинг ўзи ҳам юз бераётган ўзгаришларга муносабат билдиришгагина мажбур бўлмоқда. Жамиятлар эса ўзгариб бормоқда, жуда тез ўзгариб бормоқда.
Бошловчилар: Бироқ Россия собиқ совет маконига бўлган муносабатини ўзгартирдими? Айрим кишилар фикрича, Россия ҳарбий соҳани модернизация қилиши билан собиқ Совет Иттифоқи аҳамиятини йўқотди. Илгари Россия ушбу мамлакатларни энг муҳим буфер зонаси деб ҳисоблаган бўлса, айрим ҳарбий инновациялар сабаб ҳамма нарса ўзгариб кетган бўлса ажаб эмас. Бошқалар эса, Россиянинг Қўшма Штатлар билан қарама-қаршилиги кучайиб кетди, шунинг учун ушбу минтақа ва давлатлар билан ўралашиб қолмасдан, Қўшма Штатлар билан глобал майдонга чиқиб, рақобатлашиши зарур, деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |