Хулоса қилиб шундай дейиш мумкинки, бюджетнинг моҳияти шундан иборатки, давлат уз вазифаларини бажариш жараёнида бир қатор ҳаражатлар қилиши зарур. Бу ҳаражатлар, энг аввало мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун турли тармоқларга инвестиция қилиш, ахолининг турмуш даражасини кўтариш, ижтимоий вазифаларни бажариш, давлатни бошкариш, мудофаани таъминлаш каби аниқ мақсадларга қаратилиб, режалаштирилган ҳаражатлардан иборат бўлади. Бу умумдавлат ҳаражатлари бюджет орқали молиялаштирилади.
Республика бюджети даромадлари:
1) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибдаги ва нормативлар асосидаги умумдавлат солиқлари, йиғимлари, божлари ва бошқа мажбурий тўловлар;
2) қонун ҳужжатларида белгиланган нормативлар бўйича давлат молиявий ва бошқа активларини жойлаштирилиши, фойдаланишга берилиши ва сотилишидан олинган даромадлар;
3) қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос олиш, ҳадя этиш ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтган пул маблағлари;
4) юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет эл давлатларидан келган қайтарилмайдиган пул тушумлари;
5) резидент-юридик шахсларга ва чет эл давлатларига берилган бюджет ссудаларини қайтариш ҳисобига берилган тўловлар;
6) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ҳисобига шакллантирилади.
Республика бюджети харажатлари тасдиқланган бюджетдан маблағ ажратиш доирасида қуйидагича амалга оширилади:
1) республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет маблағи олувчиларнинг жорий харажатлари шаклида;
2) жорий бюджет трансфертлари шаклида;
3) капитал харажатлар шаклида:
асосий фондлар ва воситаларни (улар билан боғлиқ ишлар ва хизматлар ҳам шулар жумласига киради) давлат эҳтиёжлари учун олиш ва такрор ишлаб чиқаришга;
чет элда давлат эҳтиёжлари учун ер ва бошқа мол-мулк олишга;
давлат эҳтиёжлари учун ерга бўлган ҳуқуқни ва бошқа номоддий активларни олишга;
давлат захираларини вужудга келтиришга;
4) капитал харажатларни қоплаш учун юридик шахсларга бериладиган бюджет трансфертлари шаклида;
5) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетларга бюджет дотациялари, бюджет субвенциялари ва бюджет ссудалари шаклида;
6) резидент-юридик шахсларга ва чет эл давлатларига бериладиган бюджет ссудалари шаклида;
7) давлат мақсадли жамғармаларига бериладиган бюджет дотациялари ва бюджет ссудалари шаклида;
8) давлат қарзини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар шаклида;
9) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатлар шаклида.