www.ziyouz.com кутубхонаси
28
Розия йўқ. Шунинг учун Тошкент ҳам Сатторга ҳувиллаб қолгандай кўринади.
«Сиз истаган йўлдан юришга менинг кучим етмас экан...». Бу сўзлар Сатторга ҳаддан
ташқари силлиқ ва совуқ туюдди. «Баҳона!» деган аламли сўз ҳаёлидан ўтди. — «Сен менга
муносиб эмассан!» — деб очиқ айтолмай шуни ўйлаб топган! Албатта, кўр-кўрона уйланиб
қўйган мендай қишлоқи учун Розиядай киз ўзини фидо қилармиди? Тошкентдан кетибди... Узоқ
сафарда, мени тезроқ унутиш учун кетгандир. Ха, ҳа!».
Сатторнинг ўзи ҳам Розияни унутишга интила бошлади. Бироқ Тошкентда ҳамма нарса, —
ҳатто уйқусиз тунларда чизган метро лойиҳалари ҳам унга Розияни эслатарди. Розиянинг
олдида мағлубиятга учрагани бир лаҳза ҳам хаёлидан нари кетмасди. Розия ҳар эсига тушганда
қалбидаги очиқ яра бир янгиланар, Саттор куну тун ўзини эзаётган ички азобдан қутулиш учун
бирон ёққа бош олиб чиқиб кетгиси келар эди.
Аксига олиб, унинг эман ва чинорларни саклаб қолиш ҳақидаги таклифи ҳам маъқул
кўрилмади. Ҳисоблаб қаралса, бу дарахтлар жуда қимматга тушар экан. Ор-тиқча ҳисобланган
бу харажатнинг масъулиятини ҳеч ким бўйнига олишни истамас эди. Саттор шуни эшитган
куни Файзулла Бекназаровичнинг кабинетига ариза кўтариб кирди.
Бекназаров телефон трубкасини олиб, номер термоқчи бўлаётганда аризадаги «ишдан
бўшатишингизни сўрайман» деган сўзларга кўзи тушди-ю, Сатторга таажжубланиб тикилди:
— Бирон ҳодиса бўлдими? Рангингиз сарғайиб кетибди.
— Чарчаган бўлсам керак.
— Нега бўшамоқчисиз?
— Тошкентдан кетмоқчиман.
— Ие! Қаёққа кетасиз?
— Қишлокқа.
Файзулла Бекназарович трубкани «шақ» этиб жойига қўйди.
— Агроном, врач ё ўқитувчи бўлганингизда бу хоҳишингизни табриклаган бўлар эдим.
Лекин сиз Тошкентда, катта шаҳарнинг ер ости коммуникацияларини лойиҳалаётган
инженерсиз. Сизни давлат махсус мана шу ишга ўқитган. Қишлокда нима қилмоқчисиз?
— Топилар бирон иш.
— Буни дурустроқ ўйлаб ҳам кўрмабсиз чамаси? Тавба! Бир хил одамлар бор, шаҳарда иши
юришмаса, дарров қишлоққа чопади. «Қишлоқда қийинчилик кўпроқ, мен қийинчилиқдан
кўрқмай кетяпман!» — демоқчи бўлади. Қишлоққа жўнаши биланоқ гўё обрўси ошади. Нима,
шаҳарда қийин ишлар озми? Зилзиладан кейин Тошкентни қайта қуриш осонмиди? Бу иш ҳали
битмасдан, биз, мана, метро қуриш орзусида юрибмиз. Шу масалада сизни командировкага
юбордик. Кўп нарсани ўрганиб келган экансиз, ҳозир яхши таклифлар беряпсиз.
— Ўтмайдиган таклифлар... — деб Саттор маъюс кулимсираб қўйди.
— Ҳа, энди, бири ўтмаса, бири ўтяпти. Ҳалиги учта ташкилотнинг бошини қўшиб, ягона
коммуникация қуриш масаласи сиз айтгандай ҳал бўлди. Тағин нима дейсиз?
— Буниси яхши бўпти.
— Сабр қилсангиз, ўша чинорларни ҳам сақлаб қоламиз. Бизнинг лойиҳалар Москвада
кўрилади. Иложи бўлса, сиз ҳам борасиз. Ёпиқ усулда қуриладиган участкаларни бизга фақат
Москва кўпайтириб бера олади.
— Ким билади ҳали... — деб Саттор елкасини қисди. Ҳозир унинг руҳи тушиб, дунёси
қоронғи бўлиб турган пайтда, «метро қурилади» деган гап ҳам унга ушалмайдиган бир орзу
бўлиб туюлмоқда эди.
Файзулла Бекназарович унинг бундан бир ҳафта олдин метро қурилишига шубҳасиз ишониб
юрган пайтларини эслади.
— Жуда ўзгариб кетибсиз-а! — деди. — Ё ҳалиги... биз кафеда кўрган қиз...
Файзулла Бекназарович «ўзгартиряптими» деган саволни беришга тили бормай, Сатторга
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |