www.ziyouz.com кутубхонаси
2
дер эканлар, тўғрими?
Розия меҳмоннинг сочи оқариб қолган чаккаларига кўз ташлади-ю: «Ҳақиқатан, отам тенги
одам экан, нега чўчийман?» дея ичида ўзидан кулди.
— Умуман, тўғри, — деди.
— Бўлмаса танишиб қўяйлик.
Розия қизил сумка тутган қўлларини орқасига қилиб турган эди, қўл бермасдан шундоқ ўз
номини айтди.
— Розия! — меҳмон унинг номини ёқтириб русча урғу билан бир-икки такрорлаб қўйди. —
Чиройли, қисқа ном. Менинг номим ўзимга ўхшаган узун: Илларион Максимилианович.
Эсингизда қолдими? Қани, айтинг-чи?
Розия ярмигача тўғри айтди. У русчани яхши билса ҳам, нарёғига тили келишмай адашди.
Бундан икковлари ҳам кулиб юборишди. Шундан кейин Розия ортиқча тортинмай эркин
гаплаша бошлади.
— Боя чорбоғда сизни «Максимич» деб чақирганларини эшитган эдим.
— Умуман, бу қисқартириш унча тўғри эмас. «Максим» билан «Максимилиан» икки турли
номлар. Лекин, агар истасангиз, сиз ҳам мени Максимич деяверишингиз мумкин. Мен ўрганиб
кетганман.
Розия «Максимич» деса ўзини унга ҳаддан ташқари яқин оладигандай бўлар эди. Шунинг
учун:
— Кўрай-чи, балки тўлиқ айтишга ҳам кучим етар, — деди.
Бу гаплар давомида иккови автобус бекатига етиб борди. Узоқда автбус кўринди.
— Сиз нечанчига? — деди Розия.
— Билмайман. Шаҳарларингизга биринчи келишим, айланиб кўрмоқчиман. Агар рухсат
берсангиз, сиз борган жойгача бирга кетсам. Нарёғига балки, йўлни тушунтириб қўярсиз?
— Майли, — деб Розия дарҳол розилик берди-ю, аммо унинг юзида қандайдир тараддуд
ифодаси пайдо бўлди.
Бекатда турган одамлар уларга қараб-қараб қўймоқда эдилар. Максимичнинг оқ юзи
қирмизи тусга кирган, зангори кўзлари ичган одамнинг кўзларидай ёниб турар, аммо қўлида
олиб юрган пиджаги унинг салқин шимолдан келганини, иссиққа ўрганмаганлигидан қизариб
кетганини кўрсатар эди. Қорачадан келган қийғоч қошли Розия йигирма беш ёшларга борган
бўлса ҳам, ҳали онаси ўпмаган қиздай латофатли эди.
Унинг баланд қилиб турмакланган, қоп-қора, майин сочига гулдор дурра боғлаб қўйилган,
енгсиз кимоно кўйлаги хипча қоматига жуда ярашган, таранг оёқларидаги ҳиндча заррин
сандалининг учидан кўринаётган тирноқлари ҳам яхшилаб педикюр қилинган. Шундай ёшгина
жануб қизи эллик ёшларга бориб қолган шимоллик одам билан шаҳар бўйлаб сайр қилиб
юриши одамларнинг эътиборини тортиши табиий эди.
Розиянинг юзида кўринган тараддуднинг сабаби шу эканини Максимич ҳам тушунди. У
бекатда турган қора қош бир йигитнинг Розияга хўмрайиб тикилганини кўриб қолди. Бу
хўмрайишда рашкка ўхшаш туйғу бор эди. «Ие, ҳали йигитларнинг рашкини келтирадиган
даражада навқирон эканмиз!» деб Максимич ўзича жилмайиб қўйди. Хўмрайган йигитча
Розияни пулдор домлалар билан юрадиган студент қиз, деб ўйлаб ғаши келмокда эди. Розия
буни сезиб, баттар унинг жиғига теккиси келди. Максимични енгидан олиб, автобусга томон
тортдида:
— Қани, бўлмаса, юринг, бирга кетдик! — деди. Автобусда эшикка яқинроқ ўтирган
ўсмирлардан бири аввал Розияга, сўнг Максимичга қараб олиб мағрур юз билан ўрнидан турди
ва олдига ўтиб кетди. Бу унинг жой бўшатгани эди. Розия Максимични ўтиришга таклиф қилди.
— Йўқ, йўқ, сиз мени жентльменлик ёшидан ўтган деб ўйламанг. Қани, ўзингиз ўтиринг,
Розия, ўтиринг!
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |