www.ziyouz.com кутубхонаси
27
— Бўлмаса, мен юқориларга ўша дарахтлар масаласини ёзиб бераман! — деди Саттор.
— Аммо топширилган лойиҳани битириб, кейин ёзасиз!
— Майли.
Саттор ўз хонасига ўгиб чироқни ёкди. Сўнг чарчаб, боши оғирлашиб кетгунча ишлади.
Бугун Розиянинг анҳор бўйига келмаганлиги, эрта-индин келиш-келмаслиги ҳам маълум
эмаслиги, умуман, у Саттордан воз кечиб кетиши мумкинлиги ҳали ҳам унинг кўнглига
тикандай қадалиб турар эди. Иш ва ҳорғинлик мана шу тиканни алланечук
ўтмаслаштираётгандай, унинг заҳрини олаётгандай бўлар эди.
Тўрт кунгача Саттор бутун аламини ишдан олиб кечалари ҳам қолиб ишлади, оқшомлари
эса анҳор бўйига чиқишини қўймади. Кун ўтган сари унинг Розиядан умиди узилиб борар эди.
Ўшанда Розиянинг учрашиши истаги борлигини сезиб, ажрашиб кетиш унга ҳам оғир эканини
кўзига ёш оққанидан пайқаб: «Бир ҳафтагача ҳар куни кутаман!» деб юборган эди. Энди у
ўзининг шундай деганидан ҳижолат бўлди. Оилалик одам, Розиядай қизга хомтама бўлиб, уни
яна учрашишга бу қадар кўп даъват этиши жоизмиди? Сатторнинг бунга нима ҳаққи бор эди?
Агар қиз уни унутолмаса, Сатторсиз яшай олмайдиган даражада яхши кўрса, ўзи қидириб
топмасмиди? Эрталаблари ҳаёли тиниқроқ пайтда Саттор ўзига-ўзи: «Бугун оқшом чиқмайман,
бас, барибир келмайди!» дерди. Аммо кун кеч бўлган сари Розиянинг унга севги изҳор қилиб
айтган гаплари эсига тушаверар эди. «Энг муҳими — орада шундай муҳаббат бор! — дерди у
ўзига -ўзи. — Одамлар муҳаббат йўлида нималар килмайди! Балки Розия бугун келар, «Бир
ҳафтагача» деган сўзлар оғзингдан чиқдими, энди шу гапингда турасан!».
Саттор кечгача иккилана-иккилана, охири соат олтидан ўтгандан кейин яна анҳорга қараб
кетарди.
Унинг йўлида қайтадан қурилаётган квартиралар бор эди. Бузилган уйларнинг
қолдиқдарини самосваллар олиб чиқиб кетган, илгариги ҳовлилар ва йўлкаларнинг ўрни омон
қолган дарахтлар тартибидан билиниб турарди.
Баъзи дарахтларнинг танасини бульдозер ғажиб ўгган, баъзиларининг шохларини
экскаватор синдириб кетган. Баъзилари бутун бўлса ҳам, бу ерда омонат турибди — лойиҳадаги
қурилиш бошланса, ноилож олиб ташланади.
Сатторнинг кўнглидаги умид ҳам мана шу дарахтларга ўхшаб гоҳ ярим-ёрти, гоҳ омонат
кўринар, гоҳ ҳамма ўзгаришлардан омон қоладигандай туюларди.
Бешинчи кун оқшом Саттор яна анҳор бўйига келган эди, узун бўйли бир қиз унга
яқинланшиб салом берди. Саттор уни қаердадир кўрганини эслаб юзига тикилиб қаради. Бу
барваста қиз Розиянинг дугонаси эди, ҳу ўшанда стадиондан чиққан безорилар Розия билан
бирга кинога кирмоқчи бўлиб ўтирган мана шу қизга ҳам осилган эдилар. Ҳозир бу қиз
қўлидаги китобнинг орасидан битта конверт олиб, Сатторга узатди:
— Розия бериб кетди. Қечирасиз, — у Сатторга раҳми келгандай килиб қаради: — Хайр!
Саттор «бериб кетди» деган сўздан юраги «шиғ» этиб конвертни очди. Унда кичкина бир
хат бор эди:
«Саттор! Сиз истаган йўлдан юришга менинг кучим етмас экан. Бу хат етиб борганда мен
узоқ сафарда бўламан. Алвидо! Р.»
Саттор бирдан мағлубиятга учраган одамдай бутун вужуди мадорсизланиб кетди. Қирғоқ
бўйида кекса бир тол бор эди, шунга суяниб хатни яна бир ўқимоқчи бўлди. Аммо кўз олди
хиралашиб, ҳарфларни дуруст илғай олмади.
Атроф ҳам алланечук нурсиз ва бегона бўлиб қолди. Саттор кўчалардан тусмол билан ўтиб,
ётоқхонага қараб кетди.
Улкан шаҳар ҳамма чироқларини ёндирган. Кўча ва майдонларни тўлдириб ясан-тусан
одамлар, ранг-баранг машиналар юрибди. Музика садолари эшитиляпти. Аммо бу шаҳарда энди
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |