www.ziyouz.com кутубхонаси
26
секин тарқаб кетди-ю, баҳсга сабаб бўлаётган муаммо унинг кўзи олдида гавдаланди.
Шу ўтирган кишиларнинг тўрттаси метро қуриш тажрибаси билан танишиш учун Москва,
Ленинград, Киев, Боку, Тбилиси шаҳарларига командировкага бориб келган эдилар. Буларнинг
бири Саттор эди. У ҳар иккала усулдаги метро қурилишини кўз олдига келтирди.
Ёпиқ усулдаги курилиш худди шахталардаги каби ер остида олиб борилади. Ер юзидаги
биноларда, шаҳар кўчаларида одатий ҳаёт давом этаверади. Одамлар ер остидан метро трассаси
ўтаётганини сезмай ҳам қолади. Аммо бу усул вақтни ҳам, кучни ҳам кўп олади.
Очиқ усулдаги қурилиш хийла арзонга тушиши ва тезроқ битиши мумкин. Бироқ, бунинг
учун шаҳарнинг яқиндагина созланган яши кўчалари яна қурилиш майдонига айланиши керак.
Экскаваторлар эни ўттиз-қирқ метр, чуқурлиги ўн-ўн беш метр келадиган ҳандақлар қазийди,
беҳисоб кўп тупроқ уюмлари Тошкентнинг қуруқ ва иссиқ иқлимида чанг-тўзонга айланиб
ҳавони қоплайди. Очиқ усулдаги метро қурилишида кенглиги салкам эллик метр келадиган «П»
шаклидаги зўр кранлар рельс устида у ёқдан-бу ёққа юриб туриб ишлайди. Бу кранларнинг
ҳаракат доирасида биронта ҳам тиккайган дарахт, биронта ҳам бутун кўча ёки бино қолмайди.
Саттор ҳозир Файзулла Бекназаровичга шуни айтиб, стол устидаги лойиҳанинг бир жойини
кўрсатди:
— Менга мана шу нуқтадаги ер ости коммуникацияларининг ўрнини ўзгартириш лойиҳаси
топширилган эди, — деди. — Мен бор схемаларни қараб чикдим. Кейин ўша жойни бориб
кўрдим. Менимча, бу ер очиқ усулда метро қуришга мутлақо тўғри келмайди.
— Нега тўғри келмайди? Бу ерда ҳеч канака йирик иншоот йўқ-ку!
— Лекин бу ерда юз йиллик чинорлар бор, ажойиб эман дарахтлари бор. Шаҳарнинг энг
гўзал, энг сердарахт жойларидан бири шу. Мен санаб чиқцим. Агар мана шу жойда қурилиш
очиқ усудда олиб бориладиган бўлса, ўттизта яхши чинор, саксонта зўр эман таг-томири билан
кетади!
Кекса бир лойиҳачи Сатторга ўйчан кўз тикиб деди:
— Ҳакикатан, қурилишга зўр бераётганимиз яхши-ю, лекин баъзи жойлардаги дарахтларни
сақлаб қололмаётганимиз чатоқ-да. Юнусобод томонда қандай ажойиб токзорлар, олмазорлар
бор эди! Оқтепа мавзеини эсланг! Чилонзорнинг ўзи ҳам, атрофлари ҳам қулф уриб турган кўм-
кўк боғ-роғлар эди. Ҳаммасининг ўрнида ҳозир кўп қаватли бинолар, деворлар-у, деразалар
турибди, холос...
— Энди, агар ҳар битта дарахтни айланиб ўтаман десак, умуман қурилиш қилиб бўлмас эди,
— деди Файзулла Бекназарович. — Мана, марказда эҳтиёт қилиб сақлаб қолган дарахтларимиз
ҳам оз эмас. Ноилож нобуд бўлган дарахтларнинг ўрнига янги ниҳоллар ўтқазяпмиз, ҳали
келажакда Тошкент яна ҳам кўкаламлашиб кетади.
Шу билан Бекназаров Сатторнинг фикрига ҳам қўшилмаганини билдирди.
— Бироқ мен сиз буюрган лойиҳани чизишга қўлим бормайди, Файзулла Бекназарович, —
деди Саттор. — Мен сиз айтгандай чизиқ тортсам, қўлим қалтирайди. Қаламим болтага
айланиб, шундай гўзал дарахтларни бекорга қийратаётгандай бўлади!
— Сиз бунақа нозик ҳисларга кўп берилаверманг, Саттор. Биз давлат аҳамиятига эга бўлган
лойиҳа устида сўз юритаётирмиз. Биз баъзи кўчалар орқали ҳам метро трассасини очиқ усулда
қуриб ўтмоқчимиз. Бу кўчаларда ҳам дарахт бор, асфальт бузилади, бетон олиб ташланади...
— Асфальт бузилса, етти-саккиз кунда қайтадан асфальтлаш мумкин, — деди Саттор, —
лекин мана бу чинорлар билан эманларни қайтадан ўстириш учун етмиш-саксон йил керак
бўлади! Ахир бу дарахтлар ўтган асрда экилган, яхши қаралса, яна бир неча аср туриши
мумкин!
Файзулла Бекназарович бетоқат бўлиб соатига қараб олди:
— Ўртоқлар, биз бундай масалаларни ўзимиз ҳал қилолмаймиз. Юқоридан берилган
топшириқ бор.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |