www.ziyouz.com кутубхонаси
19
қоладиган дамлардан нишона бўлишини истарди.
Аммо Сатторда бояги уфуриб турган байрам кайфияти энди йўқ. Розиянинг назарида, унинг
елкалари ҳам алланечук пасайиб, ўзи бир оз чўкиб қолгандай кўринади. «Олинг, олинг»
дейишлари ҳам анчайин бир меҳмонга қилинадиган юзаки манзиратни эслатади.
— Ҳамкасбларингиз бирон... нохуш хабар айтишдими?— деди Розия.
— Ҳе, йўқ, шунчаки гап...
Саттор Файзулла Бекназаровнинг «Пичоқ-мичоқдан эҳтиёт бўлинг!» деган тагдор гапини
эслади. «Розия билан тўғриликча юрибман-ку, нега бошлиқнинг гапини дарров ўзимга оламан!»
деб Саттор ичида ўзидан ранжиди. Аммо Нодирнинг «балосан!» дегани бунинг аксини
исботлаётганга ўхшади. «Шундай қизни қўлга туширибсан, ўшанда буни қутқарганингнинг
ҳақини ол, бўш келма, хотининг борлигини билдирмай юравер, маза қил!» демоқчи эди Нодир
унга. Нодир учун чиройли қизлар билан лаззатланиб юриш — овга чиқиб, қармоқ ташлаб, катта
ўлжа олишдай гап эди. Бунақа «овни» Саттор ҳам бир вақтлар билар эди. Аммо ҳозир Розияни
ўткинчи бир «ов» деб ўйласа ўзидан жирканарди. Нодирнинг сўзларидаги «овчилик» маъноси
эса Сатторнинг қалбидаги энг пок, энг азиз туйғуларига ифлос бир қўл каби тегиб, чиркин из
қолдирди.
Ҳозир Сатторни эзаётган яна бир нарса шуки, Нодир уни ўзига ўхшатиб «Балосан!» деганда,
сўнг унинг ростгўйлигини масхара қилганда, Саттор жавоб тополмади, «Насиҳатлар учун
раҳмат!» деб писиллаб қўя қолди. Чунки, унинг тили қисиқ эди!
Саттор қадаҳни қўлга олди. Розия унинг бир нарса дейишини кутмоқда эди. Қизнинг меҳр
тўла кўзлари Сатторга ёрдам беришга, унинг ҳар қандай мушкулини осон қилишга тайёр
эканини билдирарди. Розия уни боягидай беғам ва шод қиёфада кўришни истарди.
— Кечирасиз, Розия... Менинг ҳаёлим бўлинди. Ичинг! Мана шу биринчи қадаҳимиз...
охирги қадаҳ бўлмасин. Дунёда ҳеч ким, ҳеч нарса бизни бир-биримиздан... — «ажрата
олмасин» дейишга Сатгор журъат этмади... — бизни бир-биримизга қарши қўёлмасин!
— Яхши!
Шампань ичиб, мороженое еб ўтирганларида Розиянинг ҳусни яна ҳам очилиб кетди. Унинг
қизлик жозибаси атрофдаги ҳамма одамларнинг эътиборини тортмоқда эди.
Бироқ Розиянинг одамларга бу қадар сеҳрли кўринаётган ҳусни Саттор туфайли очилиб
кетгани қизнинг ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир нигоҳидан билиниб турарди. Саттор ўзига ҳавас
билан қараётган кўзларни кўриб, юраги алланечук увушди. У муҳаббат туйғусининг тобора
баланд чўқкисига чиқиб бораётганини сезар, бу чўққидан йиқилиб кетса чилпарчин бўлишини
ўйлаб, қалбини ваҳима босар эди. У Розиядан ҳали замон маҳрум бўлиб қолишини олдиндан
сезаётгандай изтироб чекар, Розияга термилиб-термилиб қарар эди.
Розия эса Саттордаги бу ҳолатларга муҳаббат изҳоридан олдин бўладиган тараддуд ва
ташвиш сабаб бўляпти, деб ўйларди. Бугун ҳал қилувчи бир гап бўлинини ўйлаганда, Розиянинг
юраги ҳам така-пука бўлиб қўярди. Аммо Сатторнинг изтироби уникидан кучлироқ экани қизга
далда берар, шампань ҳам таьсир қилиб, олам унинг кўзига беҳад гўзал кўринарди.
Улар кафедан чикиб яна анҳор томонга қараб кетаётганларида Саттор оғир тин олиб:
— Розия, — деди. — Сиздан бошқа киз бўлса, мен кўнглимдаги сирларимни айтиб ўтирмас
эдим. Лекин сиз мен учун шунчаки бир қиз эмассиз, топилмайдиган бир инсонсиз. Мен бу
дунёда фақат сиз билан бахтиёр бўла олишимни сезиб турибман.
Муҳаббат изоҳини кутаётган Розия «бошланди!» — деб ширин бир эҳтиросдан энтикди.
Саттор овози бўғилиб гапирди:
— Лекин мен... сиз билан ўтаётган мана шу масъуд дамларга ҳаққим борми, йўқми,
билмайман.
— Нега энди?
— Мен ҳозир сизга муносиб эмасман, деб қўрқаман! Розия бу гапни камтарлик деб ўйлаб
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |